Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эъзоза Турғунова

“Агар инсон ниманидир чин дилдан орзу қилса, бутун коинот уни шу орзусига етиштириш пайида бўлади!”

12 ёшли қизнинг тақдири одамларга қандай таъсир қилди? Зилзилада нима қилиш керак? Болани телефондан совитиш йўллари… (видео)

Карантин даври ёш-у қарини телефон деб аталмиш мўъжаз қурилмага бирдек асир этди гўё. Ҳамманинг туни билан куни алмашиб қолган бир пайтда, одамлар ўзини айнан мана шу матоҳ билан овутганларини-ку, тўғри тушунса бўлади. Аммо фаол ҳаёт тарзига ўтганимизга бир неча йил бўлганига ҳам қарамай, ҳамон ёшлар туни билан телефон титишни ташлаганликлари йўқ. Хўш, бу ҳолат кун давомида ўқишда ёки ишда бўлган кишининг руҳиятига қай даражада таъсир кўрсатади? 12 ёшли қизнинг тақдири эса, ҳар бир ота-онани сергаклантириш баробарида, саросимага ҳам солиб қўйди. Энди улар қандай хавфсизлик чораларини кўришлари лозим? Сизни қизиқтирган шу ва бошқа саволларга бугун таниқли психолог, педагог Ситора Исакова жавоб беради.

– Интернет асрида болалар ҳали гўдаклигиданоқ телефонга овуниб улғайишмоқда. Ҳали тили чиқмаган бола замонавий қурилмалардан фойдаланишда катталардан ўтади. Ҳар нарсада ҳам меъёр бўлган яхши, шундай эмасми?

Соатлаб телефон титкилайдиган болаларда нутқ ривожланиши кечикиши мумкин. Чунки улар атроф-муҳитдан гўёки узилиб қолишади. Шу боис ҳам ота-оналар бу борада назоратни ўз қўлларига олишлари лозим. Аммо болани телефондан буткул чеклаб ҳам қўя олмайсиз. Чунки у эртага мактабга боради, ўзига яраша виртуал оламига эга бўлган дўстлар орттиради. Бу оламдан бехабар фарзандингиз эса ўзини йўқотиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас. Шу боис ҳам меъёрга амал қилиб, аввало ота-оналар ҳам телефондан унумли фойдаланиш бўйича болаларга ўрнак бўла олишса мақсадга мувофиқ бўлади. Бу борада оталар кўпроқ масъулиятли бўлишлари даркор.

Виртуал аутизмга чалинган болаларни қандай даволаш мумкин?

– Агар бола ёшлигидан “зомби” қилиб тарбияланаётган бўлса, бу жуда қийин масала. Аммо оз-оздан чалғитиб, муаммога ечим топиш мумкин. Болани телефондан узишнинг энг зўр йўли — дам олиш кунларида тоғларга, дачага бориб, табиат қўйнида дам олиш. Телефондан фойдаланмасликни оилавий қонун қилиб, ота-оналар ҳам бу қонун-қоидага амал қилишлари лозим. Керак бўлса телефонини ўчириб қўйиб бўлса ҳам оилавий вақт ўтказиш орқали телефонга қарамликни енгиш мумкин.

Кичик ёшдаги болани видео қўйиб чалғитишнинг ўрнини боса оладиган қандай замонавий усулни тавсия қиласиз ота-оналарга?

Аслида бола телефон ўйнашни эмас, онаси билан вақт ўтказишни истайди. Аммо оналар кўп ҳолларда бирор иш билан шуғулланаётган вақтларида болани тинчлантириш мақсадида телефонда видео қўйиб беришни маъқул кўришади. Бу эса нотўғри. Уй тозалаяпсизми кичкинтойингизга ҳам чанг артишда кўмаклашишига имкон беринг. Овқат тайёрлаётган вақтингиз эса гуруч ва мошни аралаштириб, ундан ажратиб, тозалаб беришини илтимос қилинг. Бу орқали болада ёшликдан меҳнатга муҳаббат шаклланади.

Болаларга неча ёшдан бошлаб телефон олиб бериш керак?

– Аслида телефон олиб бериш керак эмас. Фақат мактаб ёшига етганидагина қаерда эканлигини назорат қилиб туриш учун оддий телефон олиб бериш мумкин. Унга қадар эса вақтинчалик ўйнаб туриш ёки нимадир ўрганиш учун 4 ёшдан бошлаб ота-оналар ўзларининг смартфон ёки планшетларини оз-оздан бериб туришлари мумкин.

Мактаб ёшидаги болаларнинг аксарияти ўзининг шахсий смартфонига эга. Айтингчи, кун давомида фарзанди неча соат телефондан фойдаланаётгани ва интернетда нималар билан банд бўлаётганлигини қандай назорат қилиш мумкин?

– Сим-карта сотиб олаётганингизда кичкина пакетлисидан харид қилинг. Тариф режасининг интернет тўпламлари “Яндех” орқали назорат қилиб туришингиз ва уй вазифаларини бажариш учун етса кифоя. Фарзандингизни эса, турли ижтимоий тармоқларга кирса телефони ўчиб қолиши ҳақида, огоҳлантириб қўйинг.

Кўпчилик ота-оналар мактаб ёшидаги қизларини турли ижтимоий тармоқларга кириб, ўзгалар билан мулоқотда бўлишдан ҳимоя қилишга ҳаракат қилишади. Аммо ҳали қизлари жуда ёш бўлишига қарамасдан бегона йигит билан гаплашаётганини сезиб қолган ота-оналар қандай чора кўришлари керак? Табиийки, бу ҳолатда қизиққонлик ҳамиша ҳам яхши оқибатларга олиб келавермайди.

Ота-оналар йўл қўядиган энг катта хато — “билсам ўлдираман”! Боланинг миясида эса “демак, билмаса уддаласа бўлади”. Нега қизлар вилоятдан шаҳарга боришса бузилиб кетади, деб ўйлашади? Нега қизлар қишлоқдан шаҳарга келганда ўзини йўқотиб қўяди? Чунки уларга нима учун йигитлар билан гаплашиш мумкин эмаслигини ёшликдан уқтиришмайди. Ўсмирлик ёшидаги гормонал ўзгаришлар ҳақида тушунтиришмайди. Ҳис-туйғуларга берилиш оқибатлари ҳақида суҳбатлашиши керак. Шундагина турли салбий оқибатларнинг олдини олиш мумкин.

Мактаб ёшидаги қизалоқларнинг хавфсизлигини қатъий назорат қилиш ота-она учун алоҳида масъулият юклайди. Айниқса, яқинда 12 ёшли қизча билан содир бўлган мудҳиш ҳодиса барча ота-оналарнинг дилини вайрон қилиш баробарида, уларни янада сергаклантирди. Балки ана шундай аянчли ҳодисаларнинг олдини олиш учун ҳам ёшларни бугунги кунда замонавий қурилмалардан тўғри фойдаланишга ўргатишимиз керакдир?

Албатта! Smartphone — ўз номи билан ақлли телефон. Нима учун ақлли? SOS кнопкалари бор, GPSни ёқиб қўйиш мумкин. Бегона шахсларни блоклаб қўйиш мумкин. Ижтимоий тармоқларда ёш чегарасини қўйиш мумкин. Худо берган ақл-идрокни ишлатиб, бундай темир қурилмаларнинг ақлли жиҳатларидан унумли фойдалана олиш керак.

Ҳозирги кунда ахборот технологияларидан тўғри фойдалана олиш маҳорати аёллар учун қанчалик муҳим ва қандай қулайликлар беради?

– Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, кўплаб янгиликлар аёллар томонидан яратилганига гувоҳ бўламиз. Бежизга ҳам аёллар бир қўлида бешикни, бир қўлида дунёни тебратади, дейишмайди. Аёл кишининг вазифаси фақатгина овқат қилиб, кир ювиш эмас. Мен ўзи асли муҳандисман. Хорижда соҳамни тўғри қабул қилишади. Лекин ўзимизда касб тақазоси билан бирор конференция ёки мастер классга борадиган бўлсак, эркаклар йўқми, деб қўйишади. Нима фарқи бор, эркакми-аёлми? Тўғри, ҳозир бу каби стереотиплар аввалгига нисбатан камайиб бормоқда. Аммо баъзи жойларда ҳануз аёлларни айрим соҳаларда тасаввур қила олишмайди. Гендер тенглик масалаларига риоя қилинса ҳар ким ўзига қулай бўлган соҳада ишлаб, муваффақиятга эриша олади.

Яқинда Туркияда бўлиб ўтган табиий офат ҳар биримизнинг қалбимизни ўртади, ҳатто ишга ҳам қўлимиз бормай қолди. Психологияда эса шундай нарса борки, бирор нарса ҳақида ҳаддан зиёд кўп ўйлаш ёки қайғуриш онг ости орқали шу кўнгилсизликни ўзига чақириб олишга сабаб бўлади. Ўзимизда ҳам шу ойнинг ўзида бирин-кетин икки марта содир бўлган ер силкиниши эса аҳолини янада ваҳимага солиб қўйди. Мана шундай вазиятларга одамлар ҳам руҳан, ҳам жисмонан қандай қилиб ўзларини тайёрлашлари керак? Шу ва бошқа ўзингизни қизиқтирган барча саволларга Xabar.uz ютуб-каналида жавоб топишингиз мумкин!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг