Хитой тажрибаси — сунъий интеллект, бешинчи авлод тармоқлари, рақамли валюталар

Сунъий интеллект, бешинчи авлод тармоқлари, рақамли валюталар ва бошқа кибертехнологиялар аллақачон инсонлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланган. Саноатни рақамлаштириш янги даврда иқтисодий ўсишнинг асосий омили ҳисобланади. Шу сабабли, ҳукуматлар рақамли стратегияларни фаол равишда ишлаб чиқмоқда, илғор мутахассисларни жалб қилиш ёки уларни етиштириш ва илғор ишланмаларда етакчи бўлишга интилиш кучли.
Рақамлаштириш замон талаби экан, қайси хорижий тажрибага таянганимиз маъқул? Бугунги «Хорижий тажриба» саҳифасида Хитойнинг технология соҳасидаги ўсиш тенденцияларига назар соламиз.
Пекин муҳим технология соҳаларида стандарт ўрнатишни мақсад қилган ва кўп жиҳатдан аллақачон бунга эришди ҳам. Мамлакатда бир қатор ташаббуслар мавжуд бўлиб, улардан энг машҳури «Made in China 2025». Ундан ташқари, «Digital China», «Aхборот технологиялари бош режаси», «Кенг полосали Хитой» ва «Интернет+» ҳам мавжуд. Ушбу ташаббуслар доирасида эришилган ютуқлар келгуси ўн йилликларда Хитой иқтисодиётининг драйверига айланиши керак.
Хитой 14чи беш йиллик даврдаги ривожланиш режаларини босқичма-босқич амалга оширмоқда. Саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатнинг йирик маълумотлар саноати 2025 йил охиригача уч триллион юандан (тахминан 470 миллиард доллар) ошиб, йиллик ўсиш суръати қарийб 25 фоизни ташкил этади.
Режада маълумотлар «ишлаб чиқариш омили» ва «миллий стратегик ресурс» эканлиги таъкидланган. Келгуси беш йил ичида маълумотлар учун нархлаш механизми яратилади ва катта маълумотларга асосланган янада илғор хизматлар пайдо бўлади. Бундан ташқари, катта маълумотлар технологиялари оддий фуқаролар учун тушунарли бўлади. Сўнгги беш йил ичида сектор аллақачон жадал ривожланишга улгурди.
2021 йил давомида Хитой шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни, компания ва ташкилотлар томонидан маълумотларни сақлаш, қайта ишлаш ва ҳаракатини тартибга солувчи маълумотлар хавфсизлиги тўғрисидаги қонунни ишга туширди, шунингдек, 2007 йилдаги Монополияга қарши қонунга ўзгартиришлар лойиҳасини қабул қилди.
Вазирлик, шунингдек, 2025 йилгача мамлакат саноатини ривожлантириш сиёсатининг асосини ташкил этиши керак бўлган рақамли ва реал иқтисодиёт интеграциясини жадаллаштириш режаларини ҳам маълум қилди. Хитойнинг «5G+ саноат интернети» ташаббуси жадал ривожланмоқда, юздан ортиқ йирик саноат интернет платформалари аллақачон ташкил этилган, 1800 дан ортиқ 5G+ саноат Интернет лойиҳалари, жумладан, тоғ-кон саноати, кўмир қазиб олиш ва электр энергияси ишлаб чиқариш каби 10 та асосий соҳани қамраб олган.
Хитой ҳукумати иқлим бўйича ўз мақсадларига имкон қадар тезроқ эришиш учун – 14чи беш йилликда ЯИМ бирлигига энергия сарфини ва ЯИМ бирлигига карбонат ангидрид чиқиндиларини мос равишда 13,5 ва 18 фоизга камайтиришга интилмоқда. Узоқ муддатли истиқболда бу Хитой саноатининг жаҳон миқёсида рақобатбардошлигини оширади.
Ушбу мақсадларнинг барчасига эришиш учун Хитойга иқтидорли дастурчилар керак. Ҳукумат ўз куч-ғайратини мамлакат тараққиёти учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёш кадрларни етиштиришга қаратмоқда.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида Си Цзинпин Хитой кўп сонли юқори иқтидорли кадрларни тарбиялашга қодирлигини, улар кейинчалик дунёнинг етакчи олимлари бўлишини эълон қилган эди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакатда иқтидорли тадқиқотчилар етишиб чиқиши учун шарт-шароит берадиган махсус ҳудудлар пайдо бўлади. Бундай зоналар Пекин, Шанхай ва Гуангдонг-Гонконг-Макао минтақаларида режалаштирилган.
Хитойнинг бугунги рақамлаштириш борасидаги сиёсати сизга нимани эслатаяпти?
Ҳа топдингиз! Бугунги кунда Ўзбекистонда «Рақамли Ўзбекистон 2030» стратегияси доирасида рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, барча тармоқлар ва соҳаларда, энг аввало, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, IT мутахассисларини тайёрлаш бўйича ўтган йиллар давомида IT Park резидентлари томонидан кўрсатилган хизматларнинг умумий ҳажми 2,5 трлн. сўмни, хизматлар экспорти ҳажми эса 46 млн сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, резидентлар экспортининг 83,2 фоизи AҚШга, қолган қисми Буюк Британия, Корея, МДҲ ва БAAга тўғри келмоқда. Шунингдек, 2022 йил охиригача экспорт ҳажми 80 миллион AҚШ долларини ташкил этиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, берилаётган имтиёзлар туфайли IT Park резидентлари қўшимча иш ўринлари яратиб, мамлакатимизда IT мутахассислар сафини кўпайтирмоқда. Яъни, 2021 йил якунига кўра, резидентлар ташкил этган корхоналарда 9850 киши иш билан таъминланган.
Бугунги кунда рақамли иқтисодиётга қўйилаётган яна бир катта қадамлардан бири, чет элдаги етакчи IT компаниялари ҳамда мутахассисларни айнан Ўзбекистонга жалб этиш ва шу ўринда миллий кадрлар заҳирасини кўпайтириш ва тажрибасини оширишга қаратилган. Бу борада чет эл фуқаролари учун имтиёзли уйлар ва IT визалар таклиф этилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон IT соҳаси ривожи учун яна қандай имконият ва шароитлар тақдим этаётгани ҳақида «Ўзбекистон – “айти” бизнес учун энг қулай мамлакат» сарлавҳаси остидаги мақолани ўқинг.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter