Ўзбекистон рақамли технологияларга қанчалик тайёр? – Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳисоботи бўлиб ўтди

4 март куни Тошкент шаҳридаги INHA университетида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг «Ўзбекистоннинг рақамли технологияларга тайёрлиги ва иқтисодий кўрсаткичлар тўғрисида»ги семинари бўлиб ўтди.
Тадбир бошида Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Жамол Махсудов, ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Aлкис Врениос Дракинос, Тошкент шаҳридаги INHA университети ректори Музаффар Жалалов, «StrategEast» стратегик маркази президенти Aнатолий Моткин табрик сўзлари билан чиқди.
Ҳисоботда маърузачилар рақамли келажакни ривожлантираётган мамлакатлар дуч келадиган муаммоларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Жамол Махсудов ўз ҳисоботида IT Park резидентлари томонидан кўрсатилган хизматларнинг умумий ҳажми 2,5 трлн. сўмни, хизматлар экспорти ҳажми эса 46 млн сўмни ташкил этаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, резидентлар экспортининг 83,2 фоизи AҚШга, қолган қисми Буюк Британия, Корея, МДҲ ва БAAга тўғри келаётгани ҳақида маълумот бериб ўтди. Шунингдек, у 2022 йил охиригача экспорт ҳажми 80 миллион AҚШ долларини ташкил этишини қўшимча қилди. Бундан ташқари, берилаётган имтиёзлар туфайли IT Park резидентлари қўшимча иш ўринлари яратиб, мамлакатимизда IT мутахассислар сафини кўпайтирмоқда. Демак, 2021 йил якунига кўра, резидентлар ташкил этган корхоналарда 9850 киши иш билан таъминланган.
ЕТТБнинг ўтиш даври таъсири ва глобал иқтисодиёт департаменти катта иқтисодчиси жаноб Эрик Ливни сўнгги икки йил бутун дунё учун осон бўлмаганини қўшимча қилди, бироқ амалиёт шуни кўрсатадики, Ўзбекистон бу инқироздан катта ташқи қарзларни йиғмай, муносиб тарзда чиқиб кетди.
Тадбир якунида иқтисодий кўрсаткичлар ва Ўзбекистоннинг рақамли технологияларга тайёрлигига бағишланган экспертлар муҳокамаси бўлиб ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter