Ўз имкониятларини қайта кашф қилган дастурчи – Саломат Авезов
Қаҳрамонларни фантастик фильмлардан қидириш шарт эмас. Улар бизнинг орамизда. Кўринишидан содда ва ҳокисор инсонлар баъзида улкан қалб эгалари бўлишади. Имконият танада чекланиши мумкин, аммо онг ва тафаккурда уни чеклаб бўлмайди. Бугунги қаҳрамонимиз ҳам унга берилган синовни чеклов деб қабул қилмади. Аксинча ҳаёти олдига каттароқ мақсадлар қўйди. Дастурлаш, журналистика, ҳуқуқшунослик соҳаларини ўрганиб, ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам қўлини чўзди. Бугунги видеолавҳамиз Саломат Авезов ҳақида.
У 1983 йили Нукус шаҳрида туғилган. Саламатга болалар церебрал фалажи ташхиси қўйилган, II-гуруҳ ногирони. Аммо шунга қарамай матонатли бу йигит 2008-2012 йилларда Тошкент ахборот технологиялар университети Нукус филиалида информатика ва ахборот технологиялари йўналишида таҳсил олган. Айни вақтда касбий фаолятини ҳам шу Университетда давом эттириб келмоқда.
Нега айнан IT соҳасини танладингиз?
Айтига киришимга дастлабки сабаб, бу – соғлиғимга тўғри келиши. Мен каби инсонлар кўчага чиқиб, ишлай олмайди. IT эса мен учун қулай, бир қўлда компьютердан фойдаланиб, ишлайман. Орзуга айб йўқ дейишади-ку, болалигимдан ўқишга қизиқаман ва ҳозирги орзуим магистратурада ўқиш, докторликни ёқлаш. Лекин ҳозирча бундай имконият бўлмади.
Ҳозирда ўзимнинг шахсий веб-сайтим бор. Шунингдек 5 йилдан бери мустақил эксперт сифатида ногиронлиги бўлган шахсларга ҳуқуқий маслаҳатлар бераман. Ундан ташқари, журналистикага ҳам қизиқаман. Мақолаларим xabar.uz да ҳам чиқиб туради. Менинг энг севимли машғулотим ҳам ёзиш. (Уй кадрлари, сайт)
Илк лойиҳангиз?
Менинг қалбим адабиётга хуштор. Шунинг учун ҳам биринчи лойиҳам, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Иброҳим Юсуповнинг шахсий веб-саҳифасини яратиш бўлган.
Адабиётни яхши кўраман, шу кишининг ижодини кўп ўқиганман ва ўзимга савол берганман, нега бу каби шахслар ҳақида тармоқда маълумот кам. Шундай қилиб, у ҳақидаги барча маълумотларни ягона платформага йиғдим. Сайт учта тилда яратилди: ўзбек, инглиз, рус тилларида. Бир сайт яратиш учун, камида 3-4 ҳафта вақт керак бўлади. Ҳар бир сўзини эринмасдан ўқиб чиқаман. Чунки хатолик бўлса, одамлар ушбу сайтни ўқимай қўйяди.
Бир кунда қанча вақтингизни иш учун сарфлайсиз?
Агар 9 дан ишлайдиган бўлсам, тушликкача компьютерим олдида бўламан. Тушдан кейин эса асосан китоб ўқийман. Айни вақтда Чингиз Айтматов китобларини севиб ўқияпман. Энг ёқтирган асарим эса Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки”, уни 2 маротаба ўқиганман ва иш столим устида доим туради. Китоб – инсон қалбининг мулки. (19:38)
Илк даромадингиз ҳақида эслай оласизми?
Илк топган пулимни бобомга олиб борганман. Биринчи маошим, деб фахрланганман. Бобом бўлса, қаттиқ қучоқлаб, хурсанд бўлгандилар. Қанча пул олганимни ҳатто сўрамаганлар. “Топган пулларинг ўзингга, оилангга, ота-онангга буюрсин” деб дуо қилганлар. Мен жудаям хурсанд бўлгандим ўшанда. Гап инсоннинг қанча пул топишида эмас, унинг меҳрида. Ҳар кимга ҳам бу бахт насиб қилавермайди.
Энг катта мақсадингиз?
IT соҳасида ишлаб туриб, имконияти чекланганларга ёрдам бериш ниятидаман. Мисол учун уларга мослаштирилган сайтлар йўқ, бўлса ҳам – жуда кам. Барча сайтларда эшитиш функцияси йўқ ёки кўзи яхши кўрмайдиганлар учун мослашмаган. Бундай ҳолда, улар маълумотларни қаердан олишсин?! Менга жуда кўп ногиронлиги бўлган шахслар ёзишади – биз нима қилайлик, яхши эшита олмасак, кўра олмасак, деб. Сайтимга кириб кўринг, у ерда эшитиш функцияси ҳам бор, кўзи ожизлар учун мослаштирилган функция ҳам бор.
Сизга нима куч беради?
Менга келажакка бўлган умидим куч беради. Барча имконияти чекланганларга ёрдам бергим келади. Ҳозир аксарият ногиронлиги бўлган шахслар ўз ҳуқуқларини тўлиқ билмайди ёки англаб етмайди. Қани эди улар учун катта-катта сайтлар яратилса, маълумотлар берилса. Аудио, видеоформатлар пайдо бўлса, электрон-аудио форматдаги китоблар кўпайтирилса эди, ҳозир шундоқ ҳам кўпчилик китоб ўқимайди, видеолар кўришади.
Тўрт мучаси соғ айрим ёшлар нима хоҳлашини билмайди. Улардаги энг катта камчилик нима деб ўйлайсиз?
Ҳозирги ёшлардаги энг катта камчилик – эътиборсизлик. Кўпчиликда мақсад йўқ ва бу ачинарли ҳолат. Эртага нима бўлса, бўлар, деб юрганлар кўп. Инсон мақсад қўйиб, интилишни ўрганиши керак. Шунда унинг ҳаётида маъно бўлади. Умуман олганда, инсон борки, муаммо бўлади ва у тугамайди. Яна бир асосий сабаб, ёшларимизнинг ўқишга бўлган интилишининг камлиги, ўқигиси келмайди. Ҳозир имкониятлар жуда кўп, ўқиш керак, ўрганиш керак холос!
Шогирдларингиз борми?
Ҳозир 3 та шогирд чиқарганман, ҳаммаси ўз йўлини топиб кетган. Инглиз тилини ўзи ўрганган, дастурлашни эса ўзим ўргатдим. Шанбами, якшанбами келишарди, ҳар доим улар учун эшигимиз очиқ.
Шогирдларга бўлган талаб қандай?
Аввало ўз устида кўпроқ ишлаган, изланган шогирдларни яхши кўраман. Мустақил фикрига эга, фикрлаш қобилияти кенг бўлганларни ҳурмат қиламан. Умуман олганда, ҳамма шогирдларимни яхши кўраман. Чунки мен билганни у, у билганини эса мен билмаслигим мумкин.
Энг кичик шогирдларимдан бири мактаб ёшида. Уни уч ой давомида ўқитдим. Аввал ёзишни, кейин элементар Paint дастурида ишлашни ўргатдим, кейинчалик даражани ошириб бордим, Негаки, аввал қобилиятни аниқлаш керак, қизиқиш бўлсагина, уни давом эттириш мумкин. Интилиш бўлмаса, ҳаммаси бефойда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter