Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Махфуза Рўйиддинова

«Кема учун энг хавфсиз ҳудуд – қирғоқ. Аммо у бунинг учун яратилмаган».

ITдаги илк ўзбек миллиардерлари қачон пайдо бўлади? (ВИДЕО)

«Вақтни тўғри инвестиция қилиш – айнан муваффақият деган тушунчанинг асосини ташкил этади», — дейди бугунги қаҳрамонларимиз. Омад ўз-ўзидан келмайди, бошқаларга қараганда 10 баравар кўпроқ ҳаракат қилсангизгина улар олдида муваффақиятлироқ бўласиз. Бугунги суҳбатдошларимиздан бири 20 ёшда 1 миллион долларлик шартнома имзолашга эришган, иккинчи суҳбатдошимиз эса 20 ёшдан энди ошган бўлса-да, бир нечта корхоналарни бошқариб келади. Уларга омад ўз-ўзидан келган, деб ўйлайсизми?

IT бизнес орқали нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг етакчи мамлакатларида муваффақият қозонган Бобир Aкилханов ва унинг шогирди Сардор Aҳмедовнинг «ОМAД» сирлари ва хатоларидан чиқарган хулосалари ҳақида гаплашамиз. Суҳбатдан аввал келинг, улар билан яқиндан танишиб оламиз!

Бобир Aкилханов — 20 ёшида ўзининг ижтимоий тармоғига асос солган ва 1 миллион доллар сармоя жалб қилган. Forbesda Бобир Aкилханов IТ тадбиркор сифатида Forbes Tech Council таркибига кирган биринчи ўзбекистонлик сифатида кўрсатилган. 2006 йилда Anthill журналида йилнинг энг яхши тадбиркори сифатида этироф этилган. Россияда бир йилдан камроқ вақт ичида 8 миллион обуначи тўплаган веб-сайт асосчиси бўлди. «Plov.com» нинг асосчи ҳамкори ҳисобланади - Forbes рейтингида Россияда 1-ўринни эгаллаган. «Lasik», «APT Systems», «Museum of Modern Art», «Peter Neilsen» ва 60 дан ортиқ махсус веб ёки иловаларга асосланган лойиҳалар билан ишлайди. Шунингдек, «Jafton.com», «Missed.com» компаниялари ҳамда «Bobir Akilkhanov Tech Academy» асосчисидир.

Сардор Aҳмедов — IT соҳасига Бобир Aкилханов сабаб кириб келган, дастлаб шогирд, кейинчалик эса бизнес ҳамкорига айланган. Ҳозирда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи Jafton.com ва масофавий таълим берувчу Missed.com компанияларини биргаликда бошқаришади.  Шунингдек, хориждаги ўзбекистонликларни бирлаштириш мақсадида «Uzbek Diaspora» ННТга асос солган. Дастлабки бизнесларидан бири Nutra First номли компания бўлган. Aммо бугунги кунда бутун диққат-эътиборини IT бизнесига қаратганини маълум қилди.

Сардор «Harvard Business Review» ва «Pace Lubin School of Business» корхоналарининг маслаҳат кенгашларидаги ягона ўзбек ҳамда Forbes Business Councilдаги энг ёш вакил ҳисобланади.

— IT соҳасига кириб келишингиз қандай бўлган?

Бобир Акилханов: — Биринчи компьютеримни 1994 йилларда олиб беришган. Шундан кейин қизиқишим ортган. 1998 йилларда отам интернетга уланганлар ва шунда тушунгандимки, бу нарсаларни барчаси менга ёқяпти. 2000 йилларда қизиқишимни кўриб, ота-онам мени дастурлаш соҳаси бўйича Австралияга ўқишга юборишган.

Сардор Аҳмедов:  — Устозим Бобир акага шогирд тушганман ва шу орқали соҳага кириб келдим. Шу нарсани айтмоқчиманки, устоз- шогирдлик анъанаси ёшлар учун бизнесга киришда энг мақбул ечим ҳисобланади. Бобир ака менга сотувни пухта ўргатдилар. Айнан сотув тарафлама бизда ҳозир муаммо бўлмайди, чунки қандай сотишни биламиз. 

— IT соҳасида қайси муаммони кўра билдингиз?

Бобир Акилханов: — Биринчи лойиҳам ҳақида гапирадиган бўлсам, университетни охирги курсларида ўқиётганимизда бир савол олдимизда турарди: оғайнилар билан қандай қилиб алоқани ушлаб қоламиз? Бунга қандай ечим топса бўлади, деб ўйлардим. Шунда менга Facebookни кўрсатишди, ўша пайтлар у ҳали кичкина лойиҳа эди. Лекин муҳим лойиҳа бўла олишини сезганман. У ичимдаги ўйларимга ечим бериб, тенгдошларни бир порталга йиға олган.

Сардор Аҳмедов: — Бизда иккита компания бор,  уларнинг ҳар бири алоҳида муаммоларга ечим излайди. Биринчиси Jafton.com бўлиб, анъанавий бизнесдан рақамлаштириш соҳасига ўтмоқчи бўлган мижозларга консалтинг берамиз ва бизнезни тўғри йўналтирамиз. Иккинчи лойиҳамиз Missed.com стартап бўлиб, бизнес автоматизация, яъни CRM тизимини ўз ичига олади.

 — Чет эл шароитига мослашиш жараёни қандай кечган? У ерда бизнес ташкил этишдаги қийинчиликлар ҳақида гапириб беринг.

Бобир Акилханов:  — Чел элда рақобат жуда кучли, у ерда ҳамма ўзи учун курашиши керак. Ҳамма нарса манфаатлар устига қурилган, тоза капитализм. Агар бозорга арзирли таклиф, яхши сервис билан кириб бора олсангиз, йўқ сен ўзбексан, ёки бошқа миллатсан, деб ажратмайди. Таклиф маъқул келса, талаб бўлади, албатта. Ҳар қандай бизнесни ривожланиб кетишига вақт керак. Шу жойига келганда кўпчилик таслим бўлади. Уларни бу борада айблаб ҳам бўлмайди, чунки, ижара ҳақи жуда юқори. 

 — Бизнес бошлаганда қилган хом-хаёлларингиз ва топган ҳақиқатларингиз?

Бобир Акилханов: — Бизнесни бошлашим билан бир йилда муваффақиятга эришиб, бойиб кетаман, деб ўйлардим. Мисол қиладиган бўлсак, спортчилар ҳам бир кунда чемпион бўлмайдилар-ку, худди шунга ўхшаб, бизнесда ҳам аста-секинлик  билан ўсиб борилади. Одатда шу жойида жуда кўп хато қилардим. Бизнес бошлаб, 6 ойдан кейин, атиги 500 доллар ишлаяпман, деб бизнесларимни ташлаб кетардим. Ўша вақтда кимдир менга шошмай тур, сен ҳозир 500 доллар топяпсан, икки йилдан кейин 1000 доллар, уч йилдан кейин 10 000 доллар топасан, деб тушунтирганда, балки бу хатоларни қилмасдим. Сабрим етмаган.

Сардор Аҳмедов: — Мен ҳамма ёшларга ўхшаб ўйлардим. Мана бизнес бошлайман, ғоям зўр ва жуда тез кўтариламан, нафақат у, балки миллардлик компанияларни осонлик билан бир-икки йилда қуриб ташласа бўлади, деб фикрлардим. Энг катта хато ҳам шу ерда эди. Ғояга жуда катта эътибор бериб, сотув тарафига унча эътибор бермаслик. Ғоянгиз қанчалик зўр бўлмасин, билимингиз, тажрибангиз ва, асосийси, шунга яраша  жамоангиз бўлмаса, самарали ишлай олмаймиз. Эндиликда хатолардан келиб чиқиб, мақсад қўядиган бўлсак, камида беш йилни назарда тутамиз. Масалан,  Missed.com лойиҳамиз бизга фойда олиб келмаяпти, аммо  биз 5 йил давомида пул тикишга тайёрмиз. Негаки, ҳозир биламиз, ҳаракатдан тўхтамасак бизнесдаги бурилиш нуқтага етиб келамиз. Бунинг учун бизга фақат сабр керак.

 — IT соҳасини Ўзбекистонда ривожланиб кетишига нима тўсқинлик қилади ва камчилигимиз нимада?

Бобир Акилханов: — Ҳозир тўсқинликлар йўқ. Илгари, 2005 йилда биринчи жамоам билан иш бошлаганимда ойлик тўлаш ҳам муаммо эди. Табиийки, ойликлар конвертда тўланарди. Шу туфайли органдаги инсонлар билан ҳам муаммолар юзага келарди. Иш фаолиятида зарур бўлган жуда кўп нарсалар тақиққа учрарди. Шу туфайли ривожланиш ҳам қийин эди. Ҳозирда давлат томонидан ҳамма нарса қилиниб бўлинди, шунчаки бизга бироз вақт керак.

Сардор Аҳмедов: — Ҳозирда фақат вақт керак ва ўйлашимча, ёшларни кўпроқ “айти” соҳасига жалб қилиш лозим. Ҳозир IT бизнесдан кўра анъанавий турини устун кўраётганлар кўпроқ. Тўғри, ҳамма ўзи қизиққан соҳада ишлайди, аммо IT бу замон талаби эканлигини эсдан чиқармаслик керак.

Бир нарсага ишонаман, яқин йилларда Ўзбекистонда жуда кучли дастурчилар, миллион долларлик IT корпорациялар ҳам етишиб чиқади.

 — Ўзбекистон келажагини IT билан яқин беш йилда қандай тасаввур қиласиз?

Бобир Акилханов: — Онлайн дўконлар ривожланади, бу эса қўшимча хизматларни пайдо қилади, телетиббиёт ривожланади. Узоққа бориш шарт эмас, Россия ва Қозоғистонга қарашимиз мумкин, уларда бор, уларда ривожланган ҳамма нарса бизда ҳам бўлади, 100 фоиз буни айта оламан.

Сардор Аҳмедов: — Ҳозирда бизда junior, яъни бошланғич позициядаги “айти”чилар кўп, агар шулардан 50 000 таси яқин беш йилда тажрибали мутахассисга айланса, бу менимча жуда зўр ва ана шундай тажрибали мутахассислар Ўзбекистонда жуда катта ўзгаришларга сабаб бўлади. Яна бир нарсага ишонаманки, тез орада айнан Ўзбекистонда миллиард долларлик компания пайдо бўлади.

— Тажрибангиз ва хатоларингиздан келиб чиқиб, ёшларга тавсиянгиз...

Бобир Акилханов: — Ёшлардаги энг катта хато сабрсизлигидир. Шуни билинг, муваффақият биттада келадиган нарса эмас. Яна бир нарса бор, ёшларда фикр ва мақсадлар тарқоқ бўлиши керак эмас. Яъни, бир нарсани бошладингизми, айни вақтда бошқа нарсаларга чалғиманг. Акс ҳолда вақтни нотўғри тақсимлайсиз ва ҳамма иш чала бўлади. Вақтни тўғри сарфлашни билиш керак. Ҳар доим ёшларга айтаман, вақтни тўғри инвестиция қилинг, сиздаги энг катта бойлик ҳам айнан шу – вақт.

Сардор Аҳмедов: — Биринчи навбатда инсон ўзи қизиққан соҳани танлаши керак. Масалан, сиз илгари тиббиёт соҳасида ишлаб, IT саноатига энди кириб келаётган бўлсангиз, Айнан телетиббиёт соҳасида муваффақиятга эришишингиз мумкин. Ўзингиз яхши тушунадиган соҳа бўлиши муҳим.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг