Қизил қалпоқли ҳожатбарор йигитча
У узоқ ўтмишдаги қаҳрамон эмас!
Уни эртакдан ҳам изламанг!
У Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида кўприк – қизил қалпоқли ҳожатбарор йигитча.
Ҳа, айтганча, балиқ овлаш бўйича унинг ўз услуби бор.
Аввалига, қармоғи бўм-бўш чиққан йигитча бундан хомуш тортади.
Лекин вақт ўтиб, айнан, ўша бўм-бўш чиққан қармоқ унинг ҳаётида бурилиш ясайди!
Достонбек Тоиров 24 ёш. Андижонда туғилган.
Қўшма Штатларнинг Кентукки штатидаги Береа коллежини тамомлаган (2017-2020).
Қўшма Штатлардаги машҳур «Morgan Stanley» ширкатида дастурчи сифатида иш фаолиятини бошлаган. (2020).
Ҳозирда АҚШнинг «Red Hat» технология компаниясида дастурчи.
Унинг келажак мақсади – таълим ва иқтисод соҳалари ривожида IT имкониятларини қўллаш!
– Достонбек, Сиз ҳақингизда аввал Xabar.uz сайтида ҳамкасбимнинг «Келажагимни Ўзбекистонда кўраман» – АҚШдаги дастурчи йигит ҳикояси» номли мақола эълон қилинганди. Кўплар қатори мен ҳам Қўшма Штатлардаги машҳур «Morgan Stanley» ширкатида дастурчи сифатида фаолият юритувчи ёш ватандошимнинг ҳикоясини батафсил тинглашга иштиёқим ошганди. Бугунги суҳбатни айни шу мақсадда ташкил этдик.
Ҳикоянгиздан англадимки, бугунги муваффақиятларингиз замирида оиладаги муҳит катта аҳамият касб этган экан. Яъни Сизга болаликдан ота-онангиз ва устозларингиз балиқ тутиб беришмаган, балки балиқни қандай овлаш сирларини ўргатишган. Бугун сизни мисолингизда ёш, моҳир балиқ овчиси ҳикоясининг таъсирли нуқталарини тингласак...
– Тўғри, ота-онамиз болалигимиздан асосий эътиборни бизга ва бизни эркин муҳитда улғайишимизга қаратишган. Фарзандлар қизиқишлари қўллаб-қувватланган, ўқишимиз учун барча шароит муяссар бўлган.
Эсимда, тўрт-беш ёшлик ҳали ҳарф танимас давримда ўзимдан уч ёш катта акамнинг китобларини варақлашдан завқланардим. Ўқишга бўлган иштиёқимни пайқаган ота-онам мени Андижон шаҳридаги мактаб-гимназияга ўқишга олиб боришган. 2-синфдан бошлаб инглиз, рус тилига ихтисослашган синфларда ўқиганман. Чет тилини ўрганиш асносида дунё кўришга бўлган қизиқиш пайдо бўлди. Шунингдек, вақт ўтган сари ҳар хил соҳалар тўғрисида билим доирамни кенгайтиришга бўлган иштиёқим ва эҳтиёжим ошиб борди.
Айтишларича, болалигимда серсавол бола бўлган эканман. «Бу нима? Бу нега бундай?» дея катталарни саволга тутарканман. Ота-онам эринмасдан ҳар бир саволимга жавоб беришарди. Оиладаги мана шундай эркин, самимий мулоқот муҳити шу пайтга қадар эришиб келаётган муваффақиятларим асосидир. Ўз ўрнида, ота-онам танловларимни ҳар доим ҳурмат қилишган. Уларни тарбия тутумида тергаш, ўз фикрини сингдириш йўқ! Ўзи англаб етсин, дея танлов ва қарорларни ўзимизга қўйиб беришади.
– 2016 йил Тошкентдаги Халқаро Вестминстр университетига ўқишга кирган пайтингиз, ўқишни ташлаб, 2017 йил Қўшма Штатларнинг Кентукки штатидаги Береа коллежига йўл олдингиз... Чунки Сиз, ўша таълим муассасасининг «Компьютер ва ахборот фанлари», «Математика ва бизнес бошқаруви» йўналишига грант асосида ўқишга қабул қилингандингиз. Ва энг муҳими, Береа коллежи Сизга 4 йиллик ўқиш учун барча харажатларни қоплаб берувчи грантни тақдим этганди. Айтингчи, бу – ёшликка хос катта таваккалчиликка бўлган иштиёқмиди ёки аввал тутган балиғингиздан қониқмадингизми?
– Бунинг тарихи узун... Инглиз тили сабоқларимизда инглиз тили асосий тил ҳисобланган давлатлар ҳақида кўргазмали тақдимотлар ўтказиб туриларди, бу орқали назарда тутилган давлатлар ҳақида яқиндан маълумотга эга бўлардик. Балки, шундан бўлса керак, ўша пайтданоқ дунё кўришга бўлган иштиёқим ошган. Шу зайл, суратда манзараларини кўрганимиз узоқ ўлкаларга саёҳат, турфа хил одамлар билан дўстлашиш хаёли орзуга айланган. Болалик орзуси кейинчалик, келажак мақсадига айланди.
Береа коллежида ўқиш танловига келадиган бўлсак, аввалига, Европадаги нуфузли олийгоҳларни кўзлаганман. Мисол учун, Англиядаги Оксфорд университети. Ўсмирлик давримдан ота-онам ва устозларим ҳам Оксфорд ёки Кембриджда ўқийсан, деб ният қилишарди. Ўша пайтда бу каби орзулар рўёби мен учун иложсиздек туюларди. Лекин умидни сўндирмасдан, ўқишда давом этганман. Бу орада кўп режаларим ўзгаради. Кўп нарсани ўрганганингиз сари ўзингизни таҳлил қилиб бораркансиз ва янги имкониятларни ҳисобга оларкансиз. Айни шу вақтда Береа коллежи танлов муқобили сифатида эътиборимни тортган.
Мактабни тугатаёган кезимда ўқув марказларида таҳсилни бошлагандим. Ўқув марказидаги дўстларим дунёнинг нуфузли таълим даргоҳлари тўғрисида кўргазмали тақдимотлар қилиб туришарди. Шунда, Береа коллежида қабул 100 фоиз грант асосида бўлиши ҳақидаги келтирилган маълумотга ишонмаганман. Шундай дейилгани билан, қандайдир беркитилган тўловлари бўлиши мумкин, деб ҳам ўйлаганман-да. Билсам, бу коллеж талабаси бўлиш учун талабгорлар орасида рақобат ҳам кучли тус олар экан. Бу кураш қанчалик қийин бўлмасин, мендаги шижоат шунча баландлайверди. Кучли мутахассис бўлишга интилсанг ва шундай бўлсанг, йўқ жойдан имконият топилади, дейишарди ота-онам. Ва бу тоифа ўз ишининг усталарига ҳар доим эҳтиёж бор ва кўп!
Ичимдаги ишончсизлик, иккиланишларни енгишимда яқинларимнинг шу каби руҳлантиришлари, тиргак сўзлари ёрдам берган. Инглиз тилида қуйидагича бир ибора бор: «Отилмаган ўқларни 100 фоизини қўлдан бой берасан!» Яъни, ўқ нишонга тегса, тегмаса, одам бор кучи билан ҳаракат қилса, барибир, ҳеч нарса йўқотмайди. Шунинг учун доим изланишда бўлиш керак. Шу тушунчани дастак қилдим-у, таваккалга қўл бердим. Яъни, ўша коллежга топшириб кўраман, ўхшаса, омадим. Бўлмаса, яна бошқа имкониятни қидирамиз, деган ўйда хотиржам эдим. Ўша пайтда чет элда ўқишнинг расмиятчиликлари жуда мураккаб эди. Чунки, ўқишга ариза топшириш жараёнида кўмакчи, воситачи Агентликлар ёки бу бўйича махсус мутахассис вакиллар ҳам йўқ эди. Умуман, бу каби ташкилий масалалар ҳақида ҳам билимим кам бўлган. Шу тарафдан озгина қийналганман. Чет элда ўқиш борасида баъзи масалаларда шубҳаларим ҳам бўлган. Мисол учун, мени кўпроқ, чет элда ўқиш ўзига яраша катта харажатли бўлиши ўйлантирган. Сабаби, ўша пайт оиламнинг бу каби харажатни қоплайдиган даражада моддий жиҳатдан имкони бўлмаган. Шуларни ўйлаб, Тошкентдаги Халқаро Вестминстр университетига ҳужжатларимни топширганман. Албатта, грантни кўзлаганман, лекин грант асосида ўқишга киролмаганман!.. Агарда грантга кирганимда, Қўшма Штатларга кетмас эдим. Имтиҳон жавоби чиққанида, «Нега контракт?» деган сўроқ билан ўзимни савалаганман, руҳиятим кескин тушиб кетган. Берилган имкониятни қўлдан бой бериш алами, контракт тўлови учун шароитим йўқлиги мени қоронғу бурчакка қадаган. Ўша пайт ўзимни худди, йўлсиз қолган одамдек ҳис қилганман. Бироқ, айни шу вазият менга бошқа имкониятларни излашга ўчликни ўргатди. Орадан вақт ўтиб, дуч келганим, яна Береа коллежи бўлди. Бироқ, бу пайт мен Вестминстр университетининг 1-босқичида ўқиётган эдим. Ич-ичимдан эса барибир, ўзим орзу қилган Береа коллежига ариза топшириб, омадимни, билимимни синаб кўриш истаги кучлилик қилди. Почтадан ҳужжатларимни юбордим ва жавобларни кута бошладим. Биринчи жавоб хати ўқишга кирмадингиз, деган мазмунда келган. Ҳа, айнан, шуниси қизиқда! Emailдан келган хабарда «Waitlist» ёзувини ўқиганман-у, кайфиятим жуда тушиб кетган. Бир ҳафтадан кейин Береа коллеждан ««Waitlist»дан чиқарилдингиз, табриклаймиз!» мазмунида яна хабар келган. Яъни, коллеж мутасаддилари умумий ҳисобда 30 та одам танлаб олишади, лекин бу номзодларнинг ўқишга аниқ келиш ёки келмасликлари ўрганилиб, уларни яна саралайдилар. Шундан кейин, захира рўйхатидаги бошқа талабгор номзодларда грантда ўқиш имкони пайдо бўлади. Омадим, мен шу рўйхатга тушиб қолган эканман.
– Демак, балиқсиз чиққан қармоқ ҳам – ҳикмат экан!
– Ҳа, агар Вестминстрга грант асосида ўқишга кирганимда, Береа коллежи орзулигича қолиб кетарди... Тушунганим, қўлингиздан келганича ҳаракат қилсангиз-у, натижа бўлмаса, демак, кейинчалик албатта, натижа бўлади ёки бўлмаса, олдинда сизни кўзлаганингиздан яхшироғи кутаётган бўларкан.
– Ўзга юрт муҳитига мослашиш даври қандай кечган?
– Халқаро талабалар мослашув даврининг уч босқичдан ўтадилар. Биринчиси, бир-икки ойлик муддатда талаба ўзини мўъжизавий маконга тушиб қолгандек ҳис қилади ва фантазиялари таъсирида юради. Иккинчи босқичда эса, талаба ўзига «Бу ерда нима қилаяпман? Нега бу ердаман?» деб савол беради. Учинчи босқич – бу ҳал қилувчи босқич бўлиб, ниҳоят, талаба бу ерга нима мақсадда келганини онгли равишда англаб етади. Сўнг, талаба яшаётган муҳит унинг учун одатий маконга айланади.
Береа коллежига келгунимга қадар Ғарб маданияти ва қадрияти, кишилари табиати ҳақида кўрган фильмларим, ўқиган китобларим асносида тушунчам бўлган. Лекин АҚШни яқиндан, реал ҳолатда кўриш, менда буткул бошқа таассуротни уйғотган. Умуман, бошқа дунёга тушиб қолгандек бўлганман. Береа коллежи тизимининг шуниси яхшики, ўзга муҳитга мослашув даврида талабага ёрдам беришади. Мисол учун, ҳар йили Береа коллежига ҳужжат топширган талабгорлар орасида халқаро миқёсдаги номзодлар мингдан зиёдни ташкил этади. Шулар орасидан фақатгина 30 киши қабул қилинади. Бу дегани, шунча талабгор билан рақабатлашиб, ўқишга кириш имкони 2-3 фоиздир. Қабул вақтида коллеж раҳбарияти турфахилликка ҳаракат қилишади. Яъни, ҳар бир давлатдан биттадан талаба олишга ҳаракат қилишади. Баъзида, энг кўпи 2 киши бўлиши мумкин. Ҳар хил давлатдан келган ҳар хил маданиятга эга талабаларнинг ўзга юртдаги янги ҳаёт тарзи, янги муҳитга мослашувчанлик кўникмасини ошириш учун коллежда «Social Integration» – «Ижтимоий бирлашиш» курслари мавжуд. Коллеж муҳити қадрияти илиқ биродарлик муносабатларига қурилган.
– Дарслар одатда қандай шаклда ўтилади? Устоз ва талаба ўртасидаги муносабат қандай қадриятларга қурилган?
– Америка миқёсидаги катта университетларда маълумки, маъруза сабоқларида тингловчи талабалар сони 200-300 нафарни ташкил этади. Лекин Береа коллежи бундан мустасно. Сабоқларда 15-20 нафар талаба бўлади. Бу ерда умумий ҳисобда 1600га яқин талаба ўқийди. Береа коллежи Американинг ўқув стандартлари бўйича тўрт йиллик бакалавр босқичидан иборат кичик ўқув муассасаси ҳисобланади. Профессор билан ҳар бир талабанинг мулоқоти индвидуал кечади. Ўқув тизимининг бундай шаклида профессор ҳаммани танийди, яхши эслаб қолади ва шунда талабаларнинг билим олиш кўрсаткичи ҳам юқорироқ бўлади.
Профессорлар Informal – яъни, расмийликдан ҳоли, эркин бўладилар. Эсимда, бухгалтерия бўйича бир курс олгандим, синфхонада дарс бошланишини кутиб ўтирсам, спорт кийимида профессор кириб келган. Ҳайрон қолганман, «шуми, профессор?» деб. Мулоқотда профессорлар ўзларини сизнинг дўстингиздек тутишади. Орадаги тўсиқ йўқолади ва билим алмашинуви янада мустаҳкамланади. Чунки, агарда профессор мулоқотда қаттиқўллик қилса, талаба ҳам бирон нарса сўрашга тортинади. Талаба ва профессор ўртасидаги эркин мулоқот маданияти Береа коллежининг яна бир олтин қадриятидир.
– Йўналишингиз танлови ҳақида...
– Америкада credit-based ўқув тизими жорий этилган. Яъни, ҳар бир курс (credit)га асосланган бўлади. Йўналишга келсак, танлов қуйидаги мезонлар бўйича талабани ўзига қўйиб берилади: талаба қайси ва нечта йўналишда ўқимоқчи? Айтайлик, фақат бир йўналишда таҳсилни тамомлаган дўстларим бўлган. Яна баъзи дўстларим бир вақтнинг ўзида уч йўналишда ўқиган. Буни ўзингиз ихтиёрий танлайсиз. Аҳамиятли томони, бу муҳрланган қарор сифатида сизни чекламайди. Ўқишга кирганимда, мана бу йўналишда ўқийман, деган қатъий қарорим бўлган. Лекин ўқув жараёни давомида коллеж раҳбарияти талабанинг хоҳишига кўра, танланган йўналишларни ўзгартиришга имкон беради. Ўзим ҳам икки-уч маротаба йўналишимни ўзгартирганман. Аввалига асосан, компьютер соҳасида ўқийман, деганман. Қўшимча иқтисод ва бизнесни ҳам танлаганман. Шароитни ўрганиб, катта курслар билан мулоқотда зарур маслаҳатлар олганмиз. Кейин ўрганишим лозим бўлган муҳим йўналиш қаторига технология соҳаси қўшилган. Ўқув тизимининг биринчи йили experience – тажриба босиқичидан иборат бўлиб, бу давр – талабага келажак соҳасини аниқ танлаб олиши учун берилган вақтдир. Қайси йўналишда ўқимоқчи эканлигингизни эса иккинчи босқич охирида расмий эълон қиласиз. Танланган асосий йўналиш – major деб аталади ва бу йўналиш ўз ичига компьютер технологияларини ўқитишни олади (менинг мисолимда). Иккинчи, қўшимча йўналиш – minor бўлиб, бунда талаба биринчи йўналишга нисбатан камроқ маъруза сабоқларини тинглайди.
– Сизнингча, қарорлар инсон ҳаётида қандай аҳамиятга эга?
– Инсон ҳаётида қарорлар – ҳаёт ўзанини қайси йўналишда кетишини ҳал қилиб берувчи омилдир. Худди, кема елканларига ўхшаб. Қарор деганда, кўпинча, 5-10 йилликка дахлдор қарорлар тушунилади. Аксинча, қарорлар ҳар кунлик ҳаёт тарзимиздан бошланади. Эрта тонгдан иссиқ ўринни тарк этиб, қадни ростлаш ҳам, аслида, кичик қарор ҳисобланади ва ҳамма катта натижалар мана шу кичик қарорлардан бошланади. Бир гап эшитганман, умр кунлардан иборат, кунингизни қандай ўтказишингиз эса умрингизни қандай ўтказишингиз билан баробар. Ҳар бир кунлик кичик қарорлар одатга, одат қадриятга айланади ва бу катта ўзгаришларга йўл очади! Характердаги кичик сифат ҳаётда ким бўлишингизни белгилайди!
Альберт Эйнштейннинг гапи бор: «Инсонга балиқ берсанг, уни бир кун боқади, лекин инсонга балиқ тутишни ўргатсанг, бу уни бир умрга боқади». Буни бажар, десангиз, ўша киши ижрочи бўлиб қолади, бир кунини амал-тақал ўтказади. Ундан кейин, иложсиз одамдек тураверади. Агарда, машғулотни ўзи ўрганса, бу унинг ҳаёт тарзига айланади.
– Береани талабалар шаҳарчаси, деб ҳам атарканлар. Буни аҳамиятли томонлари жуда ҳам кўп. Шулардан бири, турли дунёқараш ва турли табиатли, турфа қизиқишларга эга ёшларнинг бир майдонда жам бўлиши – янги ихтиролар учун яхшигина имконият яратади. Дўстларингиз, улар билан бўладиган суҳбатларингиз ҳақида гапириб беринг.
– Береа коллежининг ташкил топиши узоқ тарихга бориб тақалади. Тарихга назар ташласак, Америкада қулчилик даврида қора танли одамлар қул сифатида ишлатилган, савдо қилинган. Шу пайтда фуқаролар уруши авж олган. Ўша пайтда Civil War (фуқаролар уруши) деган тушунча бўлганки, унинг асосий миссияси – қулчиликни бекор қилишга қаратилган. Маълумки, бу вақтда Америка иккига – Шимол ва Жанубий қисмга бўлинган. Айни шу тарихий воқелик жараёнида, 1855 йил Америка Қўшма Штатларининг жанубий қисми, Береа шаҳарчасида илк университет – Береа коллежига асос солинган. Бу коллеж АҚШ жанубидаги биринчи ирқлараро (турли хил ирқга мансуб кишиларни ўқитувчи, қора, оқ танли ва ҳоказо ирқлараро) университет ҳисобланади. Унинг асосичиси – John G. Fee қулдорликни бекор қилиш ҳаракати етакчиларидан эди. Шу сабабли, Береа коллежи мақсади – ўз олдига эркак ва аёллар учун бирдек ва ирқий тенглик ҳуқуқига асосланган таълимни жорий этишдан иборат эди. Жон Фининг миссияси шу кунгача яшаб келмоқда ва бугунги кунда коллежга Американинг деярли элликта штатидан, шунингдек, дунё миқёсида юзга яқин давлатлардан талабалар ўқишга келишади. Умумий ҳисобда коллежда 1600 нафар талаба таҳсил олаётган экан, муҳит ранг-баранглиги ҳам шунга кўра тус олади. Бу эса дунё ёшлари билан бир майдонда кенгроқ мушоҳада учун яхши имкон.
Дўстларимни бари хушчақчақ, самимий. Суҳбатлар ҳам дўстона. Бизни суҳбатларимиз кўпинча, қаҳвахона ёки кутубхона, спорт залларида бўлиб ўтади. Дўстларим билан илк суҳбатимиз мавзуси – ўз давлатимиз ҳақида бўлган.
– Қўшма Штатлардаги машҳур «Morgan Stanley» ширкатида дастурчи сифатида фаолиятингиз тарихи ҳақида бизга маълум. Бунинг энг қизиқ нуқтаси – ширкат мутасаддилари билан бўлиб ўтган суҳбат бўлса керак, назаримда. Ўша кун ҳаяжонларини эслайлик...
– «Morgan Stanley»га 3-босқични тамомлагач, амалиёт ўташга борганман. Лекин бунга қадар ширкатга ҳужжат топшириш ва тайёрланиш бир йил аввал бошланган. Халқаро тоифадаги талабалар ўқиш жараёнидаёқ келгуси уч-тўрт йиллик ҳаётлари режасини олдиндан ўйлашни бошлайдилар. Ўқишни битиргач, қаерда фаолият олиб боришлари ҳақидаги танлов бош масалага айланади. Мен ҳам шу босқичдан ўтганман. «Morgan Stanley» ҳақида илк бор юқори курсдаги талабалардан эшитганман. Донгдор компанияларда амалиёт ўтаган юқори курсдаги талабалар ўз амалиёт даврлари ҳақида кичик курсдаги талабалар билан бўлишишарди.
Талабалар амалиёт пайтида компаниянинг бир қисми ҳисобланишади. Яъни, бир ишчи мақомида. «Morgan Stanley» мутасаддилари тавсифномамни ўрганиб чиқиб, Нью–Йоркка суҳбатга чақиришган. Суҳбатни компаниянинг икки муҳандиси олиб борган. Суҳбат турли хил мавзу атрофида 1 соат давом этган. Биринчи ўринда, тавсифномам ҳақида гап борган. Резюмеда ёзган маълумотларим, шу пайтгача нималар ўрганганим, нималар билишим ҳақида гапириб беришимни сўраганлар. Сўнг, технологияга оид саволлар билан юзланишган. Яъни, алгоритм, маълумот турлари ҳақидаги билимим қизиқишган. Бир масала беришади-да, шу масалани ечиш учун мантиқий код ёзишингиз керак. Иккинчи босқич синови ҳулқ-атворга тегишли саволлардан иборат бўлади. Масалан, «Бирор бир қийин вазиятга тушиб қолдинг, шунда қандай йўл тутасан, муаммога қандай ечим топасан?» мазмунидаги синовчан саволлар билан сизни феъл-атворингизни ўрганишади. Яъни, бу билан шуни ҳисобга олишадики, сизда етарли билимингиз бўлиши, ишда яхши натижа кўрсатишингиз мумкиндир, лекин одамлар билан чиқишиб ишлаш кўникмангиз бўлмаса, бекор. Иш этикети бирламчи саналади ва яна профессионаллик, ҳамкасблар билан ўзаро ҳурматда бўлиш, бу ташкилотнинг қадриятларидир.
– Лекин бугунги кунда «Morgan Stanley» да ишламаяпсиз. Бу ҳам қарор! Нима учун у ердан кетдингиз? Қарорингизни қандай изоҳлайсиз?
– Кетиш қарорини онгли равишда қабул қилганман. «Morgan Stanley» нинг расмий ходими бўлгач, у ерда 1 йилга яқин ишладим. Масофадан туриб, уйда online тарзда ишлаганман. Офисга деярли умуман бормаганман ва иш муҳитини ҳам тўлиқ ҳис қилмаганман. Ишлаган сарингиз, ҳар хил вазиятга дуч келасиз. Шунда биринчи эътибор қилган нарсам, бу ташкилотда расмийлик бирламчи ва кучли эканлигини кўрганман. Чунки, «Morgan Stanley» инвестиция банки ҳисобланади. Бутунлай, юз фоиз технология компанияси эмас. Биз инвестиция банкни технологик тарафдан support – инг.(қўллаб-қувватлаш) қилиб турганмиз. Шу сабабли, иш муҳити расмий тарзда ташкиллаштирилганди. Мисол учун, 8:00да иш бошланса, 8:00да ишда бўлишингиз шарт! Кийиниш услуби ҳам барча учун расмий либос кўринишида жорий этилганди. Бу мени эркинлигимни чеклаган биринчи сабаб эди. Кетишимга иккинчи сабаб, ўзим қизиққан технологиялар билан шуғулланмаганман. Ишга келганимдан бошлаб, бир жамоага бириктирилганман ва шу билан чекланганман. Қизиққан нарсаларимни тополмаганман. Кетиш қарори хаёли билан юрганимда, ҳозир ишлаётган копманиям – «Red Hat» менежери ишга таклиф билан алоқага чиққан.
– Кетиш қарорингизни «Morgan Stanley» раҳбарияти қандай қабул қилди?
– Америка иш тизимида ходимнинг ишдан кетиш қадриятлари мавжуд. Бунда, ходим ишдан кетиш қарори ҳақида икки ҳафта олдин компанияга маълум қилиб, огоҳлантириши керак. Менежер қароримни эшитгач, «Нимага, бирданига кетаман!» деб қолдийкин, дея аввалига, озгина ҳайрон бўлди. Ундан кейин, бу хусусида HR (Human Resources) билан гаплашдик. Эйчар мендан кетишимга қандай feedback бера олишим ҳақида сўради. Яъни, улар қуйидагича мулоҳазадаги сўровлар эди: «Келгусида компанияда нималарни ўзгартиришимиз мумкин ва бу борада таклифларинг? Жамоада сенга нималар ёқмади? Хоҳласанг, ойлик маошингни ошириб берамиз, балки, қоларсан!..» Мен эса жавобан қарор қабул қилиб бўлганимни айтдим-у, «Red Hat»да янги иш фаолиятимни бошлашга йўл олдим.
– «Red Hat» компанияси номи инглиз тилидан таржима қилинганда, «Қизил қалпоқча» дегани. Қизиқ, бу компания номи тарихига тўхталсангиз, нима учун айнан, «Қизил қалпоқча»?
– Бу компания open source (очиқ манба) технологиялар билан ишлайди. Яъни, унинг ўзига хослиги ва қадрияти – барча фойдаланувчилар учун бирдек очиқ манба эканлигида. Компанияга тегишли технология ва дастурлар коди оммага очиқ. Мисол учун, баъзи донгдор компаниялар ўз маҳсулотини оммага чиқармайди, бу, ички сир саналади.
Компанияни бу ном билан аталишининг узоқ тарихи бор. 90-йилларда «Red Hat» компанияси асосчиларидан бири – Marc Ewing универститетда ўқиб юрган пайтларида «Сomputer lab»да бобосидан қолган қизил қалпоқни кийиб ишлаб юрган ва талабалар орасида шундай гап тарқалган: «Агар ёрдам керак бўлса, «қизил қалпоқ»даги одамга бор!». Кейинчалик, Marc Ewing ўз компаниясига асос солар экан, унга – «Red Hat» номини беради. Яъни, технология борасида одамларни муаммоси бўлса, ёрдам қўлини чўзувчи ҳожатбарор компания мазмунида.
Бу ердан ўзим истаган эркинликни топа олдим. Жамоадаги одамлар, ишлашга яратиб берилган муҳит жуда ҳам эркин. Компания маданияти ҳам расмийликдан ҳоли. Ўзаро муносабатлар ҳам дўстона. Менежерим билан жуда иноқмиз. Ҳаттоки, кўчага эрталабдан бирга дрон учиргани чиқардик. У ерда мен менежер, сен ишчи, деган тоифалаш, ажратиш йўқ! Иш соатлари ҳам эркин. Ходимдан асосий талаб қилинадигани, юклатилган вазифани бажариш! Аслида, ходимнинг ўз вазифасига муносабатини унинг виждонига ҳавола қиладилар.
«Red Hat»га ишга келган янги ходимга ўзини компаниянинг бир қисми сифатида ҳис қилиб туриши учун биринчи кунданоқ қизил қалпоқча (Fedora) берилади.
«Red Hat»нинг мақсади – «қизил қалпоқ»ли ҳожатбарорлар орқали одамларни муаммоларини ечишга кўмаклашиш ва уларни ҳаётини яхшилайдиган, осонлаштирадиган технологияларни ишлаб чиқариш иборат. Энг муҳими, бу кўмак барча одамлар учун қулай вa бепул бўлиши ҳисобга олинган.
– Келгусидаги режалар ҳақида...
– Режалар кўп. Ўқишни тамомлаб, соҳада иш бошлаганимга бир йилдан ошди. Бирор бир лойиҳани тақдим қилиш даражасида ҳали тажриба ва билимга эга эмасман. Шу соҳада янада кенгроқ билим орттириб, профессионал даражага етгач, сўнг ўзимни лойиҳаларимни амалга оширмоқчиман. Мақсадим – АҚШдаги технология ютуқларини Ўзбекистонга татбиқ этиш!
Ўзбекистонда бугунги кунда ривожланаётган илдам йўналишлардан бири бу – таълим соҳаси. Ўз ўрнида, таълим ривожи ҳам IT орқали ўз ечимини топмоқда. Келажак лойиҳаларим таълим соҳаси билан боғлиқ. Шунингдек, иқтисод соҳасида ҳам IT имконятларини қўллашни режа қилганман.
Бугунги технология ривожланган асрда Ўзбекистонда жисмонан фаолиятда бўлишингиз шарт эмас. Америкадан турган ҳолда ҳам, Ўзбекистонга фойдам каттароқ тегиши мумкин. Мен АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида кўприк бўлишни истайман!
Лобар суҳбатлашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter