Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“Келажагимни Ўзбекистонда кўраман” — АҚШдаги дастурчи йигит ҳикояси

“Келажагимни Ўзбекистонда кўраман” — АҚШдаги дастурчи йигит ҳикояси

Достонбек Тоиров шахсий архивидан

Навбатдаги суҳбатдошимиз Достонбек Тоиров Қўшма Штатлардаги машҳур “Morgan Stanley” ширкатида дастурчи сифатида ишлайди.

У 1998 йил Андижон вилоятида туғилган. 2016 йил Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетига ўқишга кирган. Бироқ хорижда ўқиш истаги сабаб ўқишни ташлаб 2017 йил Қўшма Штатларга йўл олади. Ўша йили Кентукки штатидаги Береа коллежига грант асосида талабаликка қабул қилинади. 2021 йил эса мазкур таълим муассасасини тамомлади.

Муваффақиятга билим орқалигина эришиш мумкин

Ота-онам муваффақиятга фақат яхши билим олиш орқалигина эришиш мумкинлигини таъкидлашади. Шу боисдан улар таълим олишимизга алоҳида эътибор қаратишган. 6 ёшимдан Андижон шаҳридаги 34-давлат ихтисослаштирилган мактабида ўқидим. Мактаб даврида ҳам уларнинг фанларни яхши ўзлаштиришимга нисбатан эътибори кучли эди. Ўқишга бўлган кучли қизиқишим, ота-онам ва устозларимнинг билим борасидаги кўмаги сабаб мактабни имтиёзли шаҳодатнома билан тамомладим. Сўнг Андижон давлат университети қошидаги 5-сонли академик лицейда таҳсил олдим.

2016 йил Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетига ўқишга кирган эдим. Бироқ хорижда ўқиш истаги сабаб ўқишни ташлаб 2017 йил Қўшма Штатларга келдим. Бунга Кентукки штатидаги Береа коллежига грант асосида талабаликка қабул қилинганим сабаб бўлди. 2021 йил мазкур таълим муассасасини “Компьютер ва ахборот фанлари”, “Математика ва бизнес бошқаруви” йўналишларида тамомладим. Ҳозир “Morgan Stanley” ширкатида меҳнат фаолиятимни олиб боряпман.

Таймс скверидаги улкан пешлавҳада суратим берилди

“Morgan Stanley”да 2020 йил маълум муддат амалиёт ўтаганман. Амалиётга қабул қилиниш жараёни “Red Hat” компаниясида стажировкамни якунлашга яқин бошланган. Яъни “Morgan Stanley”да ишлайдиган танишим билан боғланиб ундан тавсиянома олганман. Аризани топширганимдан бир ой ўтиб, мени уларнинг Нью-Йоркдаги бош офисига интервьюга чақиришди. Интервьюда ширкатнинг икки вакили билан техникавий, хулқий ва шу каби бошқа мавзуларда савол-жавоб бўлди. Кейин бир ҳафта ўтиб, интервьюдан муваффақиятли ўтганим тўғрисида қўнғироқ қилишди. Шу тариқа “Morgan Stanley”да амалиётни ўтаганман. Амалиётнинг дастлабки кунлари мен учун унутилмас воқеа содир бўлди. Аниқроғи, компания маъмурияти ташаббуси билан Нью-Йоркнинг машҳур Таймс скверидаги улкан пешлавҳада менинг исм-шарифим ва суратим эълон қилинган. Бундан ниҳоятда хурсанд бўлганман. Бу янгилик ўша вақт Ўзбекистондаги бир қатор нашрларда ҳам берилди. Юртдошларимизни ушбу қўллаб-қувватлаши икки ҳисса мени қуворнтирган.

4 йил даврга барча харажатларни қоплаб берувчи грант беришди

Андижонда ўқиб юрган кезларимдан қўшимча хорижий тилларни айниқса, инглиз тилини мукаммал ўрганишга ҳаракат қилганман. Мақсадим, хорижнинг нуфузли таълим даргоҳларида ўқиш бўлган. Береа коллежи ҳақида лицейнинг биринчи босқичида ўқиётганимда эшитганман ва айнан Береада ўқиш мен учун муҳим мақсадга айланганди. Лекин лицейни тугатиб баъзи сабаблар билан Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетига ҳужжат топширдим. Университетга афсуски грантга эмас, балки контракт асосида қабул қилиндим. Шу туфайли ҳам яна Береа коллежига топшириш иштиёқи кучайди. 2016 йил ноябрь ойида барча керакли ҳужжатларни тайёрлаб коллеж маъмуриятига юбордим. Шундай бўлса-да, Вестминстер университетидаги ўқишни давом эттириб турдим. 2017 йил апрель ойининг бошларида Береа коллежидан ўқишга қабул қилинганлигим тўғрисида хат келган.

Бу ерга келишимнинг яна бир асосий сабабларидан бири – Қўшма Штатларнинг юқори даражадаги сифатли таълим тизими, айниқса, мен танлаган соҳада. Ундан ташқари, молиявий сабабларга кўра, тўлиқ грант олиб ўқиш мен учун жуда муҳим эди. Береа коллежи эса 4 йиллик ўқиш учун барча харажатларни қоплаб берувчи грантни тақдим этган.

60 дан кўп биноларни ўз ичига олган

Коллежим Береа шаҳарчасида жойлашган. Шаҳар адирлар ва кичик ўрмондан иборат яшил табиатли ҳудуд. Коллеж шаҳарнинг катта қисмини эгаллаган. Береани талабалар шаҳарчаси дегувчилар ҳам бор. Коллежда дунёнинг 120 дан зиёд давлатлари ва АҚШнинг деярли барча штатларидан келган 1600 дан ортиқ талабалар таҳсил олишади. Береа коллежи 60 дан кўп биноларни ўз ичига олган. Улардан 15 га яқини талабалар ётоқхонаси, улкан кутубхона, спорт комплекси, аниқ фанлар ва бошқалардан иборат.

Қолаверса, коллежда талабалар дарслардан ташқари компусда тайинланган ишларда ҳафтасига 10–15 соат ишлашлари лозим. Бу ишга албатта ойлик тўланади. Талабалар ишдан топган пулларини ўзларининг шахсий харажатлари учун сарфлашлари мумкин.

АҚШни янгиликлар, янги кашфиётлар маркази деб ўйлаганман

Болаликдан АҚШни янгиликлар, янги кашфиётлар маркази деб ўйлаганман. Ва бу ерга келиб фикрларим кўп жиҳатдан ўзини оқлади. Ҳақиқатан ҳам АҚШ йирик молиявий ва инновацион марказ. Ўрганадиган тажрибалар талайгина.

Ўйлашимча, АҚШнинг фуқароларга индивидуал шароитлар яратиб бераётгани, қонун ҳимоясининг тўлиқ ишлаши, ютуқлар ва ғояларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мамлакатнинг бугунги мавқейига сабаб бўлган. Энг муҳими, бу ерда фуқаронинг ёши, ижтимоий келиб чиқиши, мансабидан қатъи назар ўз ғояси ёки бизнесини бошлаш учун барча керакли манбалар ва қонунчилик механизми етарлича яратилган.

Келажагимни Ўзбекистонда кўраман

Яқинда, аниқроғи ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонга бориб келдим. Очиғи, 4 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакатимиздаги ўзгаришларни кўриб жуда хурсанд бўлдим. Аввалдан ҳам ўзи интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар орқали янгиликларни кузатиб келганман.  Лекин ижобий ўзгариш ва янги бунёдкорлик ишларини кўз билан кўриш бошқача ҳиссиёт берди.

Келажакдаги мақсадларим кўп. Булардан энг асосийси танлаган соҳамда билим ва тажрибаларимни кўпайтириб, профессионал даражага етишиш ва шу орқали бошқалар учун яхшилик келтирадиган ишларни амалга оширишдир. Умуман келажагим ва тақдиримни Ўзбекистондан йироқда тасаввур қилмаганман. Фурсат етиб албатта мамлакатимизга қайтиб хайрли режаларимни амалган ошираман.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг