Фрилансер Зоҳиджон Акбаров: Xabar.uz ўқувчиларига зўр таклифим бор!(ВИДЕО)
Бугунги меҳмонимиз — Senior Mobile дастурчи, фрилансер Зоҳиджон Акбаров.
— IТ оламига кириб келишингиз қандай бўлган?
— «Айти»га кириб келишим қизиқ бўлган. Сабаби — иқтисод соҳасини танлаб, ўқишга кира олмагач, бир танишимнинг тавсияси билан ўша кезлар янги очилган Турин политехника университетига ўқишга кирганман.
— Нима учун айнан IТ?
— Биласизми, мен эркин бўлишни истайман. Қатъий иш графиги асосида раҳбарлар қўл остида ишлаш, ҳамиша бир хил формада юриш мен учун эмас. Бу борада эса IТ соҳаси мен учун жуда қўл келган. Баъзан ўйлаб қоламан, агар ўша пайтлар иқтисодчи бўлиб кетганимда у соҳада узоқ вақт ишлай олмасмидим...
— Фрилансер Зоҳиджон Акбаровнинг кун тартиби қандай?
— Тўғрисини айтсам, менда аниқ бир кун тартиби йўқ. Умуман олганда, фрилансерлар кун тартибига риоя қилишмайди. Шахсан ўзим ишимни кечки пайт бошлайман.
— Фрилансерлик билан шуғулланишнинг бугунги кундаги аҳамияти...
— Фрилансерлик билан шуғулланиш бугунги кунда, айниқса, аёллар учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Аёлим ҳам ҳозирда араб тилидан онлайн тарзда дарс беради. Бу ҳам фрилансерликнинг бир тури ҳисобланади. Мен ўзим фрилансерлик билан шуғулланаётганлигимга ҳали кўп бўлмади. Аввалига ўзбек компанияларида ишлаган бўлсам, ҳозирда хориж компанияларида фаолиятимни давом эттиряпман. Мени соҳамда фрилансерлик билан илк бор иш бошлаганлар соатига 30 доллардан, ойига ўртача 5 минг доллар пул топишлари мумкин. Кейинчалик иш сифатига ва аввалги мижозларингизнинг сиз ҳақингизда қолдирган яхши фикрларига қараб иш ҳаққингиз ортиб бораверади.
— Фрилансер сифатида энди иш бошлаётганлар айнан қайси сайт ёки компаниялардан осон иш топишлари мумкин?
— Дастурлашга энди кириб келганларга ўзимизнинг компанияларда ишлашни тавсия қиламан. Чунки уларга ҳозир асосийси фикр ва тажриба алмашиш учун жамоа керак. Агар улар бошиданоқ фрилансерлик платформаларидан иш излашгудек бўлишса, катта акулаларга «ем» бўлишлари ҳеч гап эмас.
— IТ соҳасида яхши ишга жойлашиш, яхши даромад топиш учун, аввало, нима қилиш керак?
— Бу соҳада аввалига маҳаллий компанияларда ишлаб, етарлича тажриба орттиргач, юқори даромад топиш мақсадида хорижий компанияларда ишлашни истаётган дастурчиларимиз, биринчи навбатда, инглиз тилини ҳеч бўлмаганда гаплаша оладиган даражада билишлари зарур. Тил билмаган ҳолда мижозлар билан гаплашишда ҳам бир қанча муаммоларга дуч келиш мумкин.
— Ушбу соҳага фақатгина юқори даромад топиш истагида кираётган ёшлар ҳақида фикрингиз...
— Биласизми, бу соҳани фақат пул учун танлаганлар биринчи зинадаёқ йиқиладилар. Бироқ соҳага қизиқиб кетганларидан мақсадлари ўзгариб, етук мутахассис бўлиб кетиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шахсан ўзим ҳам аввалига бу соҳани яхши тушунмай туриб кирганман. Шунинг учун пулга қизиқиб бўлса ҳам IТ соҳасига кириб кўришларини тавсия қиламан.
— IТ соҳасида яхши даромад топиш учун олий маълумотли бўлиш қанчалик муҳим сизнингча?
— Агар ижтимоий тармоқлар орқали мустақил ўрганиш баробарида тажрибали дастурчига ҳам шогирд тушишса олий маълумот у қадар шарт бўлмайди. Аммо ОТМлари фикр алмашиш, танишлар орттириш ва рақобатли муҳит учун замин яратиб беради. Рақобат бўлган жойда эса албатта ривожланиш бўлади.
— YouTube орқали мустақил ўрганиш истагида бўлганларга айнан қайси каналларни тавсия қиласиз?
— YouTube орқали чет тилида истаганча маълумот топиш мумкин. Аммо ўзбек тилида маълумотлар жуда кам. Шу боис ҳам мен ҳозирги кунда шахсий YouTube каналим орқали бепул дарсликларимни жойлаб бораяпман.
Тез кунда профессионал тарздаги видеодарсликларим ҳам айнан ўзбек тилида монтаждан чиқади. Янги видеодарсликларимизнинг устида кўплаб мутахассислар иш олиб борганлиги боис уни пуллик қилишга мажбур бўлдик. Аммо xabar.uz ва ictxabar.uz кузатувчилари орасида IТ соҳасини ўрганишни истаганлар бўлса, Instagram саҳифаси орқали мурожаат қилишса, албатта, катта чегирмалар қилиб берамиз.
Ҳаттоки, шу соҳанинг етук мутахассиси бўлишни истаса-да, молиявий жиҳатдан шароити тўғри келмаган ёшларимиз ҳам xabar.uz ва ictxabar.uz расмий саҳифалари орқали мурожаат қилсалар, аввало, синаб кўриб шогирдликка оламан!
Тажрибали фрилансер Зоҳиджон Акбаров кўпчиликка таниш бўлган айнан қайси мобил иловалар муаллифи эканлиги сизга ҳам қизиқ бўлса, суҳбатнинг тўлиқ қисмини YouTube каналимиз орқали томоша қилишингиз мумкин...
Эъзоза Турғунова суҳбатлашди


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter