Боласини айиқ қафасига улоқтирадиган оналар кўп...
Инсон табиати шундай: бир учи ўзига тегишли ахборотлардан қаттиқ таъсирланади.
Ҳафта қаҳрамонига айланган ҳайвонот боғидаги айиқ воқеасида ҳам шундай бўлди. Интернет оммаси қизалоғини айиқ олдига ташлаб юборган онани қўштирноқ ичида ёзиб, роса гўрига ғишт қалашди.
Қанчалик эриш туюлмасин, бу аёлни лаънатлаш эмас, ундан миннатдор бўлишимиз керак. Чунки у мудҳиш ҳаракати билан кўплаб аёлларга ойна тутди. Албатта, киноларда ва китобларда ҳаётий воқеалар кучайтирилиб кўрсатилгани каби у ҳам бироз қалтисроқ ва хавфлироқ йўл билан бўлса-да, кўпчиликнинг камчилигини ўз ҳаракати ила намоён этди. Боласига зарар етказишга ҳеч бир ота-онанинг ҳақи йўқ, унинг қилмиши (хоҳ қасддан, хоҳ эътиборсизликдан бўлсин) оқланмайди, албатта. Аммо тилидан заҳар томиб уни қоралаётганлар ўзига разм солсинчи, балки ундан кам эмасдир.
Айиқ ҳам, қафас ҳам - мажоз. Бу ҳайвонот боғи ходими айтганидек, тажрибада кузатилмаган воқеа, лекин мажозан шунга ўхшаш тажовузли ҳолатлар жуда кўп рўй беради. Зотан, аёлнинг ҳаракатида тажовуз - агрессия бор. Тўғри, уни руҳий хаста дейишди. Лекин ҳамма руҳий хасталар ҳам тажовузга қўл уравермайди. Аксинча, улар атрофдагиларга энг кам зарар етказадиган қатлам.
Туппа-тузук келинлар борки, ҳаётдан аламзадалигини фарзандига тажовуз билан чиқаради. Бу боласига қўл кўтариш, бақириш, жазолаш ва барча нотўғри муносабатларда кўринади. Эридан калтак еган аёл қарши жавоб қайтаролмаган ҳолда боласини турткилайди. Қайнонасидан гап эшитса боласига ўшқиришга ўтади. Оналар болаларини яхши кўришларига шубҳа йўқ, аммо ҳаддилари сиғгани боис уларни аламдан чиқиш воситасига айлантириб олганлари сир эмас.
Энди айтинг, боласига номуносиб муомала қилаётган оналарнинг ҳайвонот боғида қизини айиқ қафасига ташлаб юборган аёлдан фарқи қанча? Балки улар етказаётган зарар кўпроқ ҳамдир? Ахир "Тиғ жароҳати битади, тил жароҳати битмайди", деган нақл бор-ку. Жароҳатларни даволайдиган шифохоналар-у шифокорлар кўп, қалб жароҳатини ким битиради? Кўнгил яраларига боғлов қўйувчи муассасани биласизми? Психолог ҳам руҳий жароҳатларни оғриқсизлантиришга ёрдам бериши мумкин, лекин таг-туги билан йўқ қилолмайди.
Жабрдийда қизалоқ бир неча кундан кейин шифо топажак, лекин қалби яраланган ва айнан ўзлари билмаган ҳолда оналари томонидан жароҳатланган болаларнинг қачон ўнгланиши мавҳум, бунга ҳеч ким кафолат ҳам беролмайди.
Нотинч оилаларда бахтсиз болалар вояга етади. Эр-хотин ўртасидаги муносабатларда зиддият, қайнона-келин можароси ва ҳоказолар болаларга таъсир кўрсатмай қолмайди. Зеро, она ва бола ўртасида энергетик кўприк жуда мустаҳкам, дарддан синиққан она дилбандини кулиб бағрига босиши мумкин, лекин унинг ички олами болага дарров сезилади. Асабий ҳолда боланинг эркаликларини кўтариш ҳам душвор. Алам олиш манбаига айланган болалар бир кунда бир неча маротаба мажозан айиқ қафасига улоқтириладилар.
Тажовуз фақат аниқ ҳаракатлар ила бўй кўрсатмайди. Фарзандига эътиборсизлик, унинг келажагига бефарқлик, хусусан соғлиғи, таълими учун бирор ислоҳот ўтказмаслик ҳам тажовуздир асли. Ўзи ҳам, болалари ҳам телефон экранидан кўз узмайдиган оилаларда ҳам фарзандларга зиён ҳайвонот боғидаги воқеадан кам етказилмаяпти.
Ёки ажримларни олайлик. Ота ёки она меҳридан мосуво қилинган фарзандлар айиқ қафасига эмас, келажакдаги муаммолар гирдобига ташлаб қўйилди. Айиқ бир искаб ўтиб кетиши мумкин экан, уларни кутаётган ҳаёт зарбалари эса беаёв.
Зарба деганда фақат бош ёрилиш тушунилмайди. Ота-она фарзандидан жонини аямаган ҳолда ҳам унга ўзининг билимсизлиги, аламзадалиги билан зарба бериб қўяди. Бу эса келажакдаги муваффақиятсизликлар билан хотималанади.
Олам - сизнинг бир бўлагингиз. Унда содир бўлаётган воқеалар - сизга катта дарс. Гувоҳ бўляпсизми, демак бежиз эмас. У сизга ҳам мос ва хос. Ўзини тафтиш этишга имконият деб қабул қилган ва ўз дунёсига разм солган одамгина ютади.
Демак, бундай видеоларни кўриб, нафратланиш ва лаънатлашга ўтиб кетманг, балки ўзингиз учун сабоқ берарли қиррасини ахтаринг. Жазоловчи Аллоҳ бор, қонуний чора кўрувчи ҳуқуқ-тартибот идоралари бор, сизнинг ишингиз эса фақат ўзингиз билан боғлиқ. Зеро, ҳаётингизда учраган ҳар бир одам - иккинчи "мен"ингиз, у сизга ўзингиз ҳақида хабар бераётган бўлиши мумкин.
Дунё она энергиясига муҳтож. Аёллардан тадбиркорлар, шифокорлар, тикувчилар, ўқитувчилар ва яна турли керакли инсонлар кўп етишиб чиққан, аммо, афсуски, оналар ноёб. Бола кўтарган, бешик тебратган ҳамма ҳам она бўлавермайди. Сиз самолёт сотиб олишингиз мумкин, лекин ҳайдолмаганингиз каби, болани дунёга келтириш осон, ҳақиқий она бўлиш мушкул. Меҳрибон, кечиримли, ҳаётга позитив ва оптимист нигоҳ билан қаровчи кам сонли аёллар борки, улар фарзанд кўрмасдан туриб ҳам дунёга она энергиясини тарата оладилар.
P/S: Воқеа қаҳрамони аёл бўлгани учун мавзу асосан оналарга қаратилди. Бироқ, фикрларнинг бари оталарга ҳам тенг равишда тааллуқлидир. Қайсики ота оилада ўз вазифа ва масъулиятларини ҳис қилмаса, хонадон раҳбари бўлолмаса, фарзандларига нотўғри ўрнак кўрсатса ва ноўрин муносабат билдирса, билингки, унинг ҳам иши боласини айиқ қафасига улоқтиришдан кам эмас.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter