Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Ромео ва Жульеттада смартфон бўлганидами...

Ромео ва Жульеттада смартфон бўлганидами...

Фото: "Rg.ru"

Ўтган ҳафта сўнгида Журналистлар ижодий уюшмаси ташаббуси билан Ўзбекистон давлат драма театрида "Ромео ва Жульетта" асари намойиш этилди. Албатта, уюшманинг таклифи ҳам, саҳнадаги ижро ҳам таҳсинга сазовор бўлди. Театр санъати яна бир бор томошабинларни лол қолдирди.

Шу ўринда бир фикр туғилди. Севишган қаҳрамонлар ниманинг қурбони бўлишди? Икки хонадон ўртасидаги адоватнинг, дейсизми? Йўқ, хато! Улар ҳеч нарсага қарамай висол чорасини кўришганди, аммо уларга бехабарлик, ўзаро маълумот алмашишдаги носозлик халақит берди. Уларнинг бахтиқаролиги ахборот технологиялари ривожланган даврда туғилмаганидадир.

Зотан, асарни эсласангиз, роҳиб режасини амалга оширгач, бу ҳақида Ромеога хабар бериш мақсадида чопар жўнатади. Вабо балоси таҳдид солаётган пайтга тўғри келгани учун элчининг йўллари тўсилади ва мактуб қўлида қолиб кетади. Агар ҳар икки томонда гаджетлар, алоқа имкониятлари бўлганида, вақтида огоҳлик шарофатидан икки ёш тақдири бахтли якун топган бўлармиди, нима дедингиз?

Яна ким билади, дейсиз, балки ҳозирги замонда ҳам шундай муҳаббат воқеаси такрорланса-ю, айни керак пайтда тўсатдан "вай-фай" ўчиб, интернет "мега-байт"и тугаб ёхуд телефон қуввати панд бериб қолса, ҳаммаси чаппасига кетиши ҳеч гап эмас.

Ҳамон барҳаёт бўлиб келаётган шоҳ асардаги ушбу кульминацион нуқтадан мобил алоқа компаниялари, интернет провайдерлари ҳамда ақлли технологияларга ихтисослашган брендлар фойдаланса арзийди. Бинобарин, бизнесда креатив рекламалар ҳал қилувчи рол ўйнайди. Масалан, кадрда тарихий саҳнани гавдалантириш, замонавий талқинига улаб кетиб, роҳиб ва Ромеода гаджет ёхуд алоқа воситаси билан боғлиқ муаммо юз бергани, оқибатда фожиа такрорланишига бир бахя қолганини ифодалаш мумкин. Сўнгида эса сифатли гаджет ёки тезкор интернетли оператор, провайдер фаолияти туфайли қаҳрамонлар вақтида огоҳлик топади ва қарабсизки трагедия "хеппи-энд"га айланади.

Бу бир ғоя. Ҳозирда машҳур компаниялар маҳсулоти оммабоплигидан хотиржам тортмаган ҳолда қойилмақом ва муболағали рекламаларга катта эътибор, вақт ва маблағ ажратмоқда. Чунки бу инсонлар онгини махф этишга қодир. Миллий брендларимиз ҳам бу йўлдан кетса, мақсадга мувофиқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг