Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Масофавий таълимда мотивация кам(ми?)

Масофавий таълимда мотивация кам(ми?)

Фото: "Yandex.ru"

Хабарнинг аудио талқини

Таълим олишнинг турлари талайгина: катта аудиторияда гуруҳдошлари билан биргаликда, педагог билан индивидуал тарзда, онлайн дастурлар орқали...

Булар орасида масофавий таълим алоҳида ўрин тутади. У анъанавий таълим билан фаол рақобатга киришиб улгурганига қарамай айрим муаммоларни бўйнидан соқит қилолмаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Маълумки, масофавий таълимда ўқитувчи ва ўқувчилар битта жойда жамланмай туриб илмий жараёнга кириша оладилар. Буни интернет сифати ва тезлиги қўллаб қувватласа бас.

Электрон таълимнинг халқаро бозори жадал суръатларда ривожланмоқда. Зотан, онлайн ўқиш аҳоли учун тежамкор, қулай ва фойдали ечимдир. Масофадан ўқиш фақат талабалар учунгина эмас, балки ўз малакасини ошириш ниятида бўлган, аммо илм даргоҳига қатнай олмайдиган ходимлар учун ҳам қўл келади. Уйдан чиқмай таълим олиш имконияти бугунги кунда кўпчиликка ёқиб тушаётгани сир эмас.

Масофавий таълимнинг яна бир афзаллиги экологияга бориб тақалади. Офлайн машғулотларда атроф-муҳитнинг ифлосланиши, атмосферанинг бузилиши хавфи юқори. Ўқишга отланиш ва қайтиш тақозосидан йўлларнинг тирбанд бўлишининг ўзи ҳавога катта салбий таъсир ўтказиб улгуради. Талабалар билан тўла аудиториялар ҳам тоза ҳаво танқислиги олиб келиши кундек равшан.

Афзалликлар ҳақида узоқ гапириш мумкин, лекин ушбу соҳага чуқурроқ назар солсангиз, муаммолари ҳам юзага чиқиб қолади. Ҳозир келтирмоқчи бўлган фикрларимиз бирор мамлакатга эмас, бутун дунёга тааллуқли.

Аввало, онлайн шаклга мослашиш бирмунча қийинчилик туғдиради, бу ўтиш даврида инсоният йилларни бой бериши мумкин. Анъанавий дарсларда аудиториядан тинглаш ва конспект қилиш талаб этилса, онлайн турида бундан ташқари ахборот технологиялари саводхонлиги ва мультимедик шаклда ишлай олиш кўникмаси зарур бўлади. Бу ақлий қобилият сарфини ошириши табиий.

Демак, педагоглар олдидаги вазифалар ортяпти. Ўз фанини ўргатишдан ташқари компьютер саводхонлигини ошириш зарурати ҳам пайдо бўляпти. Афсуски, ҳозирги болалар гаджетларга муккасидан кетган эканлигига қарамай дастурлардан фойдаланиш ҳаммасининг ҳам қўлидан келавермайди. Энди шу ўринда савол туғилади: Ўқувчиларни қўйиб турганда, ўқитувчиларнинг ахборот технологияларга оид билимлари етарлими? Маслан, мусиқа фани ўқитувчиси мусиқий асбоб билан зўр тиллашиши мумкин, аммо шу пайтгача компьютердаги мураккаб дастурларга иши тушмаган бўлса, қандай қилиб масофавий таълим бера олади?

Техник муаммолар доим онлайн таълим ривожига ғов бўлиб келган. Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур, деганларидек масофавий ўқитишни йўлга қўйишдан аввал зарур техник воситалар ва тезкор интернет билан қувватланиш шарт. Айниқса, видеодарслар учун бу сув ва ҳаводек зарур.

Масофавий таълим олувчилар тайм-менежмент, яъни вақтни оқилона тақсимлаш қоидаларини яхши эгаллаб олишлари лозимлиги ҳам улар олдидаги долзарб масалалардан биридир. Биласизки, онлайн ўқиш нисбатан эркин, ўқиш жараёнини ташкил этишда сизнинг шароитингиз ва хоҳишларингиз инобатга олинади. Талабанинг кундузи вақти бўлмаса, кечаси ўқиши мумкин. Аммо “Қолган ишга қор ёғар” бўлиб, бир қанча дарсларни ўтказиб юбориши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Таҳлилларга кўра, онлайн дарслар анъанавийси билан солиштирганда кам мотивацион ҳисобланади. Боиси аудиторияда ўз фикрини билдириш, доскага чиқиш, ўқитувчисининг ишонч-ла боқиб турган кўзлари, тенгдошларининг бахсга киришишига гувоҳ бўлишнинг ўзи толиби илмни анча руҳлантиради. Меҳр кўзда, деб бежиз айтишмаган, ахир.

Айниқса, бошланғич синф ўқувчилари учун анъанавий таълимнинг афзалликлари тарозида оғирроқ тош босади. Характери шаклланувнинг фаол босқичига чиққанда уларга жамоавий муҳит жуда муҳим. Дарслар тўлиқ онлайнлашса, ёш болаларнинг жамиятга мослашувчанлиги емирила бошлайди. Улар учун синфдоши билан ёқалашиш, қизларнинг сочини тортиш ҳам – ёшга доир эҳтиёж, уни қондириш учун мактабга қатнаш шарт. Балки бошланғич синфлар учун асосий дарсларни оффлайн, қўшимча тўгаракаларни онлайн шаклда олиб бориш тўғри ечимдир.

Масофавий таълимнинг муаммолари ундан воз кечишга эмас, балки соҳани янада ривожлантириб, ечимини кутаётган масалаларни ҳал қилишга ундаши даркор. Бунда масъулиятни фақат ахборот технологиялари масъуллари ва мутахассисларига ташламасдан, барча соҳа вакилларининг ҳамкорликдаги ислоҳотларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг