Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Ишхонани “биринчи уй” қилиб олганларни даволаш керак!

Ишхонани “биринчи уй” қилиб олганларни даволаш керак!

Фото: "Vedomosti.ru"

Меҳнатсеварлик, касбига муҳаббат, маошини ҳалоллаб олиш, ўз масъулиятидаги вазифаларни бажариш... Буларнинг бари яхши, албатта. Ишини севиб ишлаш катта бахт, аслида. Аммо ҳаётда шундай одамларни ҳам кўрасизки, ишига боғланиш, муккасидан кетишда чегарадан чиқадилар. Уларни меҳнаткаш эмас, ишпарвар, деб аташ тўғрироқ. Ва шунчаки ишпарвар ҳам эмас, психолог мижозига айланиб қоладилар. Чунки иш-мания – руҳий бузилиш. Ишхонасини биринчи уйига айлантириб олган шахсда касбий фаолиятга қарамлик кечаётган бўлади. Психологияда эса қарамликнинг ҳеч бир тури оқланмайди.

Одатда шахсий ҳаётида омадсизликка учраган одамлар ўзини ишга бағишлайди. Улар ўзини намоён этиш, қадр топишнинг ягона майдони сифастида ишхонани кўрадилар. Иш жамоаси даврасида оила аъзоларидан кўра кўпроқ меҳр ва завқ топаётгандек бўлади. Хуллас, улар учун ишхона – руҳий хотиржамлик макони.

“Ишинг сенга ҳайкал қўярмиди?”, “Бу ишламаса касал бўлиб қолади”. Эътирозомуз бундай фикрлар атрофдан тез-тез ёғилиб турадими? Иш-мания бемори учун ишлаш – ҳаётдаги бош мақсад (дарднинг юқори чўққисида ягона мақсадга айланади). Улар пул топиш учун эмас, руҳий бўшлиқни тўлдириш учун ишлайдилар. Ишдаги функционал вазифаларини бажариб бўлишларига қарамай, хоналарини қулфлаб уйга қайтишни хоҳламайдилар. Иш жойига қарамлик боис кечаси билан ишлашга ҳам тайёрлар. Ишда ўзларига ўзлари юмуш топишга, ўзларини кўпроқ вазифалар билан банд қилишга тиришадилар. Муҳим ташаббуслар билан чиқиш – алоҳида масала. Иш-ман эса кичик юмуш атрофида ҳам айланаверади, унга кўпроқ вақт сарфлашни хоҳлайди, қўли бўш қолишидан чўчийди.

Бундай ходим тушлик вақти ҳисобидан ҳам ишлашда давом этаверади. Эрта тонгдан ишига талпинади, дам олиш кунлари вақтини ишхонада ўтказишни маъқул кўради, чунки ишга ўзини бағишлаган. У фақатгина иш жараёнида ўзини кучли, мустақил, қобилиятли ҳис қилади, ишдан ташқарида эса... йўқ..!

Шахсий ҳаётидан кўнгли тўлмагани, яқинларидан етарлича меҳр қабул қилмагани боис ишхонадаги фаоллиги ортидан келадиган мақтовлар, ибрат қилиб кўрсатишлар, мансабдаги ўсишлар ва рағбатлантиришлар уни маст қилади. Бу уни ишга янада кўпроқ муккасидан кетишга ундайди.

Ишга ортиқча ружу қўйиш – соғлиқ учун хавфли. Чунки бундай одам учун ҳар қандай муҳим масала ишдан кейинда туради. Инсоннинг имкониятлари эса чегараланган. Ходим – робот эмас. Вақтида шифокорга кўринмасдан, етарлича дам олмасдан қилинган меҳнат соғлиқни емира бошлайди.

Тинмай ишлайдиган ходим иш берувчига ёқади. Ваҳоланки бу вақтинчалик ҳолат. Аслида шахсий ҳаёти тинч одамгина ишхонада меҳнат унумдорлигига эришади. Яхши дам – меҳнатга ҳамдам. Ҳаётдаги ҳамма нарсани йиғиштириб қўйиб, фақат ишлаш билан банд бўлган инсон янада депрессияга тушиб, чарчоқдан агрессивлашиб қолади. Бу эса иш сифатига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди, албатта. Ўзини зўриқтириши оқибатида сурункали чарчоқ синдромига, соматик касалликларга чалиниб қолади ва меҳнат қобилиятини йўқота бошлайди. Шу сабаб ҳар бир раҳбар ўз ходимларининг иш-маниядан огоҳлантиргани, меъёрий меҳнатни талаб қилгани аввало ташкилот фойдасига хизмат қилади.

Ким ишига, касбига ўта эътиборли, хаддан ортиқ ишлаётган бўлса, билингки, у ҳаётий ташвишлардан иш ортига беркиняпти, муаммоларидан иш орқали кўз юммоқчи. У аслида оиласидаги носоғлом муҳитдан қочиб, ўзини ишга урган бўлса, ишга боғлангани сари оилавий муносабатлар янада ёмонлашиб, яқинлари бегоналашиб бораверади. Хонадон ҳаётига аралашмаслик, уй учун вақт ажратмаслик оила аъзоларида эътироз туғдирмай қолмайди, албатта. Аммо, “иш жинниси”ни даволашда айнан яқин кишиларининг кўмаги муҳим. Уни оила аъзолари қўллаб-қувватласа, ишхонадан ташқарида ҳам ҳаёт борлигини, инсоннинг шахсий олами ишдагидан кўра ранг-баранг ва жозибадор эканлигини кўрсатиб берса, бемор тез орада шифо топади.

Ишга муккасидан кетганлар сирасига фақат эркаклар кирадигандек кўринади. Аммо иш-манлар орасида аёллар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Асосан эридан эътибор кутиб ололмаганлар, уйида сурункали можароларга ўралашган аёллар иш билан овунади. Эркакларнинг ишчанлигига табиийдек қаралса, аёлларнинг ўзини ишга баҳшида этиши оилада жиддий эътирозлар туғдиради. Эр бунинг сабабини ўзидан қидирмай дарров “Ишдан бўшайсан” деб ҳукм ўқийди. Бу эса аёлнинг руҳий ҳолатини янада оғирлаштиради. Иш-ман хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл – ишдан бўшатиш орқали дардига даво изланмайди. Чунки унинг хатоси ишлаётгани эмас, балки ишга нисбатан нотўғри муносабатда бўлаётганидир. Психотерапевтнинг муолажаси даври фаолиятини давом эттираверади, фақат меъёрга амал қилади, холос. Ишдан ташқарида ҳам ўрни борлиги, фақат иш жойида эмас, оилада яқинлари учун ҳам керакли инсон эканлигини, ҳаётда масъулиятлари кўплигини унутмаса бас.

Иш-ман тушуниши керак бўлган асосий фикр: Киши олган билимларини ҳаётга татбиқ этиш, тажриба орттириш, жамиятга фойда келтириш, молиявий имкониятларга эга бўлиш учун ишлайди. Иш – ҳаётнинг бир қисми холос, асло ҳаётнинг ўзи эмас. Ишхона – муаммолардан қочиш макони ҳам эмас. Ҳар ким руҳий хотиржамликни оиладан излаши, меҳрни яқинларига улашишдан чарчамаслиги керак, шунда бунга яраша жавобни ҳам олажак. Шахсий ҳаётидан кўнгли тўқ одам касбини ҳам самимий сева олади ва ишдаги масъулиятларини тўлақонли бажаришга қодир бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг