Ижтимоий тармоқларда цензура ўрнатаётганлар ким?
Баъзан атрофдан “Тилнинг суяги йўқ, деб гапираверасанми?”, деган танбеҳни эшитамиз. Ҳар гапни тилга олишга тўсиқ бўлувчи суяк йўқ экан, қўл-чи? Қўлларимизда суяк борми? Бугун биз шу қўллар орқали истаган мулоҳазамизни ёзишга киришдик. Нега дилдагини ёзувга кўчириш ишини суяклар назорат қилолмаяпти? Суяк – бир ибора, ўхшатиш холос, аслида ҳар бир ҳаракатимиз мия - ақл, шу қаторда юрак - қалб орқали бошқарилади. Аммо нечун ақлимиз ва қалбимиз ҳар гапни битишга изн берди?..
Авваллари ёзиш фақат қалам аҳлининг вазифасидек туюларди. Бугунги кунда ҳамма қаламкаш, гўё. Бир бетни қоралаш учун журналист бўлиш талаби эскирди. Бунга интернет, оммавий коммуникациялар, ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши туртки бўлди. Виртуал оламдаги сайтлар, саҳифалар, гуруҳлар, каналлар, форумлар, блогларнинг чеки йўқ. Уларнинг бир қисми билим бериш, жамоатчилик фикрини шакллантириш, савол-жавоблар асосида фойда келтиришга хизмат қилади. Кўп қисми эса мутлақо фойдасиз, фақат вақт ва сўз уволи билан инсонларга ҳам, жамиятга ҳам зарар келтиради.
Ҳар ким ўз фикрини ифода этиш ҳуқуқига эга. Дейлик, кимдир интернетдаги саҳифасига ҳаётий қарашларини, ўй-мақсадларини ёзиб қўйди. Матн қуйисига интернет фойдаланувчиларидан бири ўз мулоҳазасини битади, кейингиси унга қарши чиқади, фикр эгасига ҳам дарров жавоб қайтарилади, қарабсизки даҳанаки жанг! Бу психологияда қайноқ картошкани улоқтиришга қиёсланади. Яъни, қўлингизда қайноқ картошкани узоқ ушлаб туролмайсиз, дарҳол отиб юборасиз, уни илиб олган одам ҳам қўли куйгани боис қайта улоқтиради. Аччиқ фикрлар жанги ҳам худди шундай.
Бир-бирини ҳаётда кўрмаган, юзма-юз мулоқот ўрнатмаган, кўча-кўйда кўриб қолган тақдирдаям танимай ўтиб кетувчи кишилар монитор қаршисида бир-бири билан қирпичоқ бўлади. Лекин буларнинг бари реалликда содир бўлмагани сабаб томонлар ўзини айбламайди, онгли равишда уруш чиқариб, ҳақоратли сўзлар ишлатганидан виждони қийналмайди. Чунки интернетдаги низони ихтилоф, деб санамайди. Аслида интернет орқали мулоқотга киришганда ҳам инсон инсонлигича қолади, компьютер столига ўтириб ёки қўлимизга планшет олиб, роботга айланиб олмаймиз-ку. У томонда биз билан талашаётганлар ҳам робот ёинки бирор қурилма эмас, худди биз каби одам. Нега виртуал каналлардаги мунозара ва муҳокамаларга киришар эканмиз, буни унутиб қўйдик?
Гуруҳ ёки саҳифаларда баҳс бошланса, ҳар ким шеригини мот қилиш, тортишувда ғолиб бўлишга чираниб, луғатидаги энг таъсирчан сўзларни ишлатади. Факт келтиради, мисол айтади, булар иш бермаса, ҳақорат қилади. Тушунмайдики, мунозарада устун келган инсон эмас, балки ана шу тортишувга киришмаган одам ғолибдир. Кераксиз канал, гуруҳ ва ҳоказолардаги муҳокамаларда иштирок этмасангизгина ютасиз. Акс ҳолда тўғри гапингизни бошқа томонга буришади, саволингизни жавобга айлантириб юборишади, гап орасида оғзингиздан чиқиб кетган жумлангиздан сарлавҳа ясаб, мақолалар ёзишади.
Ҳа, интернет тараққийи журналистларни ҳам дангаса қилиб қўйди. Энди улар мақола мавзусига чуқур кириб бориш мақсадида тегишли шахсдан интервью олишига, кўчада юриб халқ фикрини ўрганишга эҳтиёжманд эмас. Ижтимоий тармоқдаги фикрлар – улар учун тайёр гўшт, ўшанга ишлов бериб маҳсулот тайёрлайверади. Бугунги мухбирлар мутасадди раҳбарларнинг фаолиятини кузатишдан деярли тўхтади, балки интернетдаги фаоллигини кузатишга ўтиб олди. Улар учун халқ манфаати йўлидаги амалий ишлар муҳим эмас, балки ўша мансабдор шахснинг веб-оламда ўзини тутиши, қандай фотосуратлар жойлаштириб, қайси фикрларга “ёқди”ни тамғалаётгани зарурроқ. Шу асосда хулоса ясайверади. Ёки яна бир осонроқ усул – у амалдор ҳақида қандай миш-мишлар юради? Шу савол атрофида маълумот излайди. Кимдир бурнидан ошиқ гап эшитгани ёки жавоб ўрнига сўкиш билан сийланганини тасвирга тушириб, интернет орқали ёйган бўлса, шулар пеш қилинади.
Демократия бизга эркин фикрлашни берди, лекин айтингчи, шу эркин фикрми? Бирор мулоҳазани шунчаки ёзиб қўйсангиз-у, унинг устидан бутун оломон (ҳа, оломон, халқ эмас!) мағзава тўкиш билан банд бўлса. Шундан кейин ҳам эркин фикрлай оласизми? Цензура йўқолгани билан инсонларнинг ўзи руҳан эзиш орқали цензура яратди-ку. Бир-бирининг эмин-эркин фикр изҳор қилишига даҳл солди-ку.
Пародоксал ҳолат: Кимнингдир бир сўзига юз изоҳ қолдириб, мулоҳаза (комментария) ёзиб, кенг улашишга уста одамлар баъзан бир жуфт каломни тарозига солади, қизғанади. Байрамлар ва туғилган кунлар билан чин дилдан табриклаш йўқолиб кетди. Тармоқ орқали тайёр стикер, фото ва анимацияларни жўнатишади. Хатто намуна шаклидаги табрик ва шеърлар бор. Яқинимизга тилак билдириб, сўз излашимизга ҳожат йўқ. Миннатдорчилик билдириш борасида ҳам қийналмайсиз: тайёр смайликлар хозир-у нозир.
Ҳар нарсанинг уволи ва заволи бор. Исроф, албатта, яхшиликка олиб келмайди, ўз асоратини кўрсатади. Бугунги интернет оламидаги мулоҳазасизлар “мулоҳаза”си чинакамига сўз уволидир. Уларда маъно йўқ, мазмундан йироқ, мақсади пуч: фисқу-фасод, ғийбат, иғво, туҳмат. Ўзингиз ҳам бир бегона одамнинг жавобидан асабийлашиб, бош ушлаб ўтирасиз. Аслида бу ўйлашга арзийдими? Нега фикр билдиршга муносиб минбарлар ахтармайсиз?
Мулоқот имконияти – бизга аталган неъматлардан бири. Уни суиистеъмол қилмаслигик, сўз уволига йўл қўймаслик ҳар кимнинг ўз қўлида. Ирода ишга солинса, теран тафаккур ва қалб амрига қулоқ солинса бас.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter