Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Думли ҳоким (ҳажвия)

Думли ҳоким (ҳажвия)

Фото: Allwrite.by

Журналистика факультети талабаларини амалиёт учун газета таҳририятларига жўнатиш одат тусига кирган. Иккинчи босқич талабаси Ҳикмат ҳам бу тамойилдан бенасиб қолмади. Юқори босқичларда ўқийдиган жўралари «Эй, практикантликдан расво нарса йўқ. Чой ташийсан, газета тикасан, ҳарф терасан – тамом. Ижодий бирор нима ўргатишмайди», деб қулоғига шипшиб қўйишгани учун таҳририятга илк кунданоқ тарвузи қўлтиғидан тушганча кириб борди. Лекин бу газетадагилар бошқача тоифадаги одамлар бўлиб чиқди. Улар чойни ўзлари дамлашади, амалиётчини югуртиришмайди. Балки бир талай мавзу ташлаб, қалам тебратишга чорлашади.

Ҳикматга кўпни кўрган мусаҳҳиҳ амалиёт раҳбари этиб бириктирилди. Пенсияда бўлишига қарамасдан Хайриддин акани бош муҳаррир қўйиб юборгиси келмайди. Чиндан ҳам у таҳрир учун туғилган, газетанинг қоравой вариантини қўлига олса бас, кўз югуртириши шарт эмас. Чунки у хатони ҳидидан билади. Ўзбек тили грамматикасию орфографиясини сув қилиб ичиб юборган. Менимча, унга болалигида онаси алла ва эртаклар айтмаган, балки «Ўзбек тили ва адабиёти» китобини ўқиб берган-ов. Бош муҳаррирдан тортиб профессорларнинг мақоласигача унинг қизил ручкаси тегмаса, ҳисоб эмас. Ҳикматни мусаҳҳиҳнинг хонасига етаклаган котиба «Мана, дода, бу йигитнинг оғзига бир туфлаб қўясиз-да энди, зора сизга ўхшаса», деб хандон отиб кулганча чиқиб кетди. Кўзойнаги остидан йигитга қараган Хайриддин корректор бўш столга ишора қилди.

– Таърифингизни хўп эшитдим. Сизга шогирд тушсам, кам бўлмас эканман.

– Яхши, бўтам, ўтир, мақолангни бошла, кейин қоғозга чиқариб берсанг, ўқиб кўраман.

– Устоз, шу десангиз, «Мол сотаётганда, қиз бераётганда айбини айтиб қўйиш фарз», дейишади. Мен ҳам иш бошлашдан бурун сизни бир нуқсонимдан воқиф қилсам.

– Ие, «Шум бола»дан бўлди-ку. Нима, сенинг ҳам аҳён-аҳёнда билмасдан ёлғон гапириб қўядиган одатинг борми?

– Йўқ, устоз, ёлғондан ҳазар қиламан. Фақат «Иллат кетади, одат кетмайди», деганларидек бир нарсани ҳеч ўрганолмаяпман. Мақола ёзганда қаттиқ «х» ҳарфи билан юмшоқ «ҳ»ни фарқлолмайман, нуқул адаштириб юбораман.

– Ҳа-а-а, бу ҳамма тошкентликларнинг касали-ку. Пойтахт шевасида иккала «х» ҳам бир хил талаффуз қилинади, ҳамма гап шунда. Қандай гапиришни мана биз водийликлардан ўрганиш керак. Тил қоидаларини «чачиб» ташлаймиз, ишанавур! Майли, чалғимайлик. Ўзи она тилимиздек гўзал забон йўқ бу дунёда. Сен ўзингни айбдор санама, «х»лик сўз ёзмоқчи бўлсанг, бир оғиз мендан сўра, қайси бирилигини айтаман.

Мақолага шўнғиган Ҳикмат зум ўтмай устозини безовта қилишга мажбур бўлди.

– Узр, «ҳасад»да қанақа «х» эди?

– Афсуски, юмшоқ.

– Нега афсус деяпсиз?

– Ўзинг ўйла, ҳасад бўлса-ю, юмшоқ бўлса. Аслида ҳасадга энг қаттиқ «х»ни бериш керак. Филология китобларига изоҳ сифатида «Қоидага биноан «х» юмшоқ талаффуз қилинади, лекин мустасно тариқасида мантиқан тўғри келмасликни ҳисобга олган ҳолда «хасад» тарзида ёзилади», дея қайд этилиши даркор. Бир томондан, айёрлик билан ҳасад қиладиганлар ҳам бор. Ўзини юмшоқ супурги қилиб кўрсатади-ю, аслида ичида ҳасад аланга олади. Демак, ҳасадни юмшоқлигича қолдираверамиз.

Хайриддин аканинг гапини эшита туриб Ҳикмат бир хат бошини қоралаб қўйди. Кейинги гапда эса яна шу оғриқли нуқтаси – «х»ни ишлатишга мажбур бўлди.

– «Нарх»да-чи, устоз?

– Эҳ, нархдан гапирма. У ҳамиша беаёв, қаттиқлигидан тишимиз ўтмайди.

– Раҳмат, тузатиб қўйдим. Энди «ҳасип»ни ҳам айтиб юборинг. Бунда ҳам қаттиқ «х» эди, а?

– Нима, ҳасипдан суяк чиқармиди, қаттиқ бўлсин? Ҳасип юмшоққина, тотлигина таом, айтилиши ва ёзилиши ҳам шунга монанд. Уф, тушлик яқинлашганда сўлагимни оқизиб юбординг.

– Бўпти, стипендия олай, ўзим сизни «Миллий таомлар»га олиб бориб, юмшоққина ҳасип билан сийлайман.

Хайриддин ака кулиб қўйиб, столида қалашиб ётган қоғозларга қайта нигоҳ ташлади. Мухбирларнинг ёзишмаларини тўғрилашда давом этди. Ҳикмат эса бугун «х»лар иштирокидаги мақола ёзишни ният қилганми, ҳайронсиз, яна устозига луқма ташлади.

– «Ҳоким»да қанақа «х»?

– Ҳоким ҳар доим думли бўлган – Ҳикматнинг серсаволлигидан бир зумда зада бўлган мусаҳҳиҳнинг изоҳ беришга мажоли қолмади. Қоғоздан кўз узмай жавоб берди.

– «Хавф»...

– Хавфнинг юмшоқ бўлганини кўрганмисан сен бола? Савол бермасдан олдин мундай каллани ишлатгин-да. Эслаб қол: хавф қаттиқ, шунчали хавфлики, у бор жойда ҳатто думга ўрин йўқ.

– Яна бир бор олдингиздан ўтмасам бўлмайди, устоз. Бу сўзни хато ёзиб қўйишга кўнглим йўл бермаяпти. «Меҳр-муҳаббат».

– Икки марталаб юмшоқ. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Меҳр ҳам, муҳаббат ҳам инсонга мойдек ёқади, юрагига майин сингади, пахтадек оқ, нурдек пок, ойдек беғубор ва албатта юмшоқ.

– Раҳмат! – Ҳикмат тўлқинланиб кетди. Миясига келган фикр ҳам эсидан чиқиб, озгина вақт мақоласини давом эттиролмай, хаёл суриб ўтирди. Бу орада мусаҳҳиҳ ҳам жавоб беришдан дам оволди.

Лекин қуруқ хаёлдан фойда йўқ, ёзиш керак, ёзиш! Ҳикмат компьютерни шиқиллатаётиб яна тўхтаб қолди ва устозига юзланди. Хайриддин ака қоғоздаги таҳрир оғзакисидан анча қийинлигини тушуниб етиб, бошида бу болага «Бемалол сўрайвер», деганидан минг пушаймон еди. Шогирдининг тинмай сўраётган «Қанақа «х»?», «Қаттиқми, юмшоқ?», «Думлими ёки думсиз?» каби саволларига хулосавий жавоб қайтарди:

– Болам, истаганингча ёзавер. Мақолада «Х» билан «Ҳ»ни алмаштириб қўйсанг ҳам майли, асосийси оқ билан қорани, ҳақиқат билан ноҳақликни адаштириб юрмасанг бўлгани!..

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг