Интернетдаги очиқ дарвоза (ҳажвия)
Гулрухсор янги уйга кўчиб ўтди. Дўконга чиқиб, нон олаётганди, таниш овоздан орқасига ўгирилиб қаради. Тавба, одам ўзгарса ҳам унинг овози ўзгармас экан-ей! Ахир бу курсдоши Латофат-ку! Икки дугона қучоқлашиб кўришишди. Буни қарангки, улар қўшни экан.
- Кўришмаганимизгаям минг йил бўлиб кетди. Эски уйим шаҳарнинг бир чеккасида эди, ҳеч кимнинг телефон рақамини ҳам билмайман. Сен-чи? Қизлар билан гаплашиб турасанми? Нима янгиликлар?
- Ҳўш... Наргиз учта болали бўлди, икки қиз, бир ўғил. Каттаси бу йил мактабга чиқди. Дилор “Грин кард” ютиб Америкага кетган, лекин бундан афсусда. Шаҳноз декретда. Ўзиям уч декретни кетма кет улади. Раъно яқинда декретини тугатиб, ишга тушди. Олдин уйда ўтирганидан нолирди, хозир ишга кўмилиб, жинни бўлай деяпти. Ҳаммадан ҳам Дилнавозга қийин бўлди. Саккиз йилдирки бефарзанд. Шунга анча сиқилиб юрибди.
- Ҳа, Худо берсин илойим! Анави, Фотима-Зуҳралар бор эди-ку, фамилияси нимайди, эсимдан чиқди.
- Бозоровами? Зуҳра ўқишни битирган йилимиз эрга тегиб кетди. Фотима шундан кейин анча ўксиб қолди.
- Аттанг! Унинг ҳам тўйи бўлгандир?
- Қаерда дейсан? Ўзига моси топилмаяпти.
- Мен орамизда фақат Дилноза турмушга чиқмаган, деб ўйлардим.
- Икки йил олдин тўйи бўлди. Ўзидан анча катта одамга турмушга чиқди.
- Нигор билан роса қалин эдик, эсингдами? Афсус, ҳозир умуман алоқамиз йўқ. У нима билан банд?
- Торт пишириб сотяпти.
- Вой, шундай аълочи қиз ўз соҳасидан иш тополмаса-я!
- Эри уйдан чиқишига руҳсат бермайди. Шунга яраша таъминлаб ҳам қўймас экан ноинсоф! Охири Нигор бояқиш пул топишнинг шу йўлини топди.
- Севара-чи? Эй, йўқ, олдин Лолани айт.
- Лола аввал қандай бўлса, худди шунақа. Ўқишдаям ҳамма билан уришарди, хозир эри билан қир пичоқ. Севара бечоранинг эри хиёнаткор чиқди. Сабр қилиб яшаяпти, ҳайтовур. Фазилат чидолмади, ажрашишди. Уни-буни қўй, охирги партада бир ўзи ўтирадиган барзанги Юлдуз бор эди-ку, нақ 40 килога озибди! Қойилмисан?
- Мен Юлдузга эмас, сенга қойил қолдим! Ҳамма ҳақида маълумотга эга экансан, курсдошларимиз ҳаётидан юз фоиз хабардорсан. Уй, иш, бола-чақадан ортиб ҳар биттаси билан борди-келди қилаётганингни қара!
- Ҳеч қайсиси билан борди-келдим йўқ. Ўқишни битирганимиздан бери биринчи кўрган одамим сен бўлдинг.
- Йўғ-ей? Ҳа, тўғри, ҳозир узоқни яқин қилувчи телефон бор. Қўнғироқлашиб тураркансизлар, яхши.
- Бирортаси билан ҳам телефонда гаплашмайман, Гули! Пулимни кетқизиб зарил кептими?!
- Ҳа-я, ҳозир телефонда суҳбатлашиш модадан қолган. Икки девор наридаги қўшнилар ҳам интернет орқали гаплашади. Мениям “Телеграм”даги курсдошлар гуруҳига қўшиб қўй.
- Унақа гуруҳимиз йўқ.
- Ёпирай! Нега бу қиз нимани сўрасам, “йўқ” дейди?! Алдама! Ахир шунча воқеадан қандай хабардор бўлдинг унда, а?
- Ўлай агар, ўртоқ! Ростданам гуруҳимиз йўқ, мана ишонмасанг, телефонимдан текшир. Лекин, яхши таклиф – бугуноқ гуруҳ очиб, ҳаммани қўшиб қўяман. Контактимда барча қизлар бор.
- Вой, эринмаган-ей! Гуруҳ бўлмаса, қизларимиз билан биттама битта “личка”да ёзишиб, шунча дардини билиб олдингми?
- “Личка”да ёзишмаймиз, фақат байрамларда табрик-пабрик жўнатиб турамиз, холос.
- Латофат, тушунмадим. Кўришмасанг, телефонда гаплашмасанг, интернетда ёзишмасанг, шунга гапни қаердан топдинг? Ҳамманинг шахсий ҳаёти ҳақида аниқ-тиниқ қилиб айтиб бердинг-ку!
- Профилидаги расмга қара, оми! – дугонасининг росмана жаҳли чиқди –Бўлди, шундан ҳаммасини ўзинг тушуниб олаверасан. Масалан, Наргиз учта боласининг расмини профилга қўйиб туради. Яқинда катта қизининг форма кийган, попка тутган расми пайдо бўлди. Демак, у мактабга чиқибди. Дилор олдин нуқул Американинг чиройли шаҳарлари расмини қўйиб, тагига “менинг орзуйим” деб қўярди. Кейин “Грин кард”да ютгани ҳақидаги ҳужжатни расмга олиб жойлаштирди. Кеча янги расм пайдо бўлди. Чиғатойдаги маҳалласи расмини қўйиб, йиғлаётган смайлик ёпиштирибди. Шаҳнознинг профилида карикатура турибди. Учта боланинг тўпалони ичида қолган аёл телефон гўшагини кўтариб, “Беш йилдан кейин қўнғироқ қилинг”, деяпти. Билдимки, у анчадан бери декретда. Раъно ҳам олдин шунақа расмлар қўярди, яқиндан костюм-юбка кийиб, компьютер олдида тушган расмлар кўриниб қолди. Демак, ишга тушибди. Дилнавоз нуқул ёш болалар, чақалоқларнинг расмини қўяди ва “Орзуга айб йўқ”, деб ёзади. Бечорада бола йўқлигини шундан пайқадим. Фотима профилидаги расмларда - калта юбка, тор шимларда. Эрли аёл шунақа расм қўёлармиди? Зуҳраси эса уйчи кийим, рўмол ўраган расмларини улашади. Дилноза тўйининг расмини қўйди. Куёв 40 дан ошгани шундоқ юзидан билиниб турибди. Нигор ўртоғинг олдин нуқул афоризмли расмлар қўярди. “Эр – диктатор, ишлатмаганингга яраша, пул бер”, қабилидаги гаплар билан. Яқиндан тортларнинг расми тагига телефон рақамини ёзадиган бўлди. Мижоз қидираётгани аниқ. Лола ҳам унга ўхшаган “афоризмчи”. Эри билан уришиб қолса, дарров кинояли гапларни ёзиб, хумордан чиқади. Севаранинг профилида икки йилдан бери “Хиёнатингга яраша жазоингни оласан. Худодан топ!”, деган ёзув турибди. Демак, эри унга садоқатли эмас. Фазилат ҳам олдин шунақа гаплар ёзиб турарди, яқинда профилини алмаштирди: “Сен бўлмасанг, бошқаси!”. Бундан оила ажрашганини пайқаш қийин эмасдир? Юлдуз аввалги ва ҳозирги расмини ёнма-ён қўйиб, тагига “до и после: -40” деб ёзиб қўйибди.
Гулрухсор ҳайратдан ёқа ушлади. Ҳамма нарсани кучли кузатувчанлиги орқали уқиб олган уддабурон дугонасига қойил қолсинми? Ёки шахсий ҳаётини профилдаги расми орқали элга ошкор қилаётган дугоналарининг устидан кулсинми? Шу жойида дугонасини бир боплагиси келди.
- Хўш, топқир дугонажоним, айтчи, менинг ҳаётимда нима гап? Контактингда ҳам, телеграмда ҳам борман! Профилимга қиё боқсинлар!
- Аллақачон қараганман! Ичимизда энг аҳволи оғири сенсан. Ҳаётингда муаммолар шуналик кўпки, қай бирини ўйлашни билмайсан. Дардингни ҳеч кимга айтолмайсан, ич этингни еяпсан, ўз ёғингга ўзинг қовуриляпсан. Шунинг учун профилингга на бир гап, на бир расм қўйгансан. Қуруқ! Бўшлиқ! Чунки ҳаётинг ҳам шу каби зерикарли, пичоққа илинарли воқеа йўқ. Кўнглинг ҳам профилинг каби бўм-бўшликдан иборат.
- Дугонажон! – Гулрухсорнинг кўзидан ёш чиқиб кетди – Тўғри топдинг! Авлиёсан!
Аёллар хайрлашишди. Гулрухсор уйига етиб боришга ҳам сабри чидамай, тез қўлига мобил телефонини олди. Шунча пайтгача аҳамият бермаган экан, қараб кўрсин-чи, Латофатнинг профилида нима бор экан? Не кўз билан кўрсинки, дугонасининг профили ҳам ўзиники каби бўм-бўш эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter