Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Аёл ходимга фарзанди халақит эмас, рағбат беради

Аёл ходимга фарзанди халақит эмас, рағбат беради

Фото: "Freepik.com"

Кўплаб иш жойларида ёзилмаган қонун бор: Бўш иш ўринларини эркак ходимлар ҳисобига тўлдиришга ҳаракат қилинади. Аёл номзодлардан айб топиш осон. Ҳатто вакансия эълонларида номзодларга талабларни санаб, "жинси: эркак" бандини қўшишга ор қилмайдиганлар бор. Тўғри, айрим иш шароитлари нозик жинс вакилларига мос келмайди. Аммо соғлиқ ва жисмоний қобилиятга даҳл кўрсатмайдиган, офисда бажариладиган меҳнатда ҳам аксарият иш берувчилар "Эркак киши бўлсин" дея баралла ҳукм чиқаришдан тап тортмайди. Чунки декретга чиқиш, боласини боғчага ташлаб ишга кеч қолиш, фарзандининг мазаси қочганида меҳнатга лаёқатсизлик таътили олиш, эрининг тақиқи остида меҳнат сафарларига боролмаслик, кечки овқат тайёрлаш ғамида ишдан эртароқ кетиш, шанба-якшанба кунлари ишга чиқолмаслик каби сабаблар иш берувчига ёқинқирамайди. Зотан, раҳбарнинг мақсади - ташкилот ривожи. Юқорида саналган омиллар эса бунга ғов бўлишидан хавфсирайдилар.

Кўриб турибсизки, эркаклардан кўра аёлларга ишга жойлашиш қийинроқ. Бошлиқ эҳтимоллардан кўз юмган ҳолда аёл номзодни танлади, уни ишонч билан ишга олди ҳам дейлик. Аммо муаммо шу билан барҳам топмайди. Лавозимлар бўйлаб вертикал ва горизонтал ўсишларда аёл ходимлар назардан соқит қилинади. Юқори ўринларни уларга ишониб топширишга иккиланишади. Ҳозирда раҳбар сифатида ишлаётган аёллар кўп, дея эътироз билдиришга шошилманг. Улар бу даражага етгунча қандай довонларни ошиб ўтганлари ўзларига аён.

Афсуски, кўплаб сафсатага тенг стереотиплар ишли аёл ва унинг фарзанди билан боғлиқ. Боласига ўралашган ходим раҳбарнинг энсасини қотириши тайин. Лекин улар фикрларини ўзгартириши мумкин бўлган исботлар ҳам йўқ эмас.

Психологик тадқиқотлар тугал хулоса берди: Билим ва малакага эга ходимга оила ҳамда фарзанд халақит бермайди. Аксинча, бу омиллар уни янада яхши ишлашга ундайди. Гап аввалида айтилганидек, гап билимли ва малакали ходимлар ҳақида бормоқда. Илми хаминқадар ва қўлидан тайинли иш келмайдиган ишчиларга оила баҳона вазифасини ўтайди, холос.

Биринчи турдаги аёл-ходимлар эса айнан оилада орттирган тажрибалари туфайли анча ташкилотчи, ижодкор, сабрли, уддабурон, чаққон бўладилар. Чунки улар оила ҳаётида улгуриш санъати, тайм-менежмент, муроса илмидан анча-мунча сабоқ олишган. Шунинг шарофатидан интизомли ходим, киришимли ҳамкасб бўлишга қодирлар. Масалан, аёлларнинг ишда кечгача қолиб кетолмаслик жиҳати иш вақти давомида режали ишлаш, вазифани вақтида ижро этиш, тезкорлик тамойилини ишга солишга ундайди.   

Сир эмаски, оилага жажжи аъзолар қўшилгач, харажатлар кўпаяди, даромадларни ошириш эҳтиёжи туғилади. Демак, энди она ҳам кўпроқ ишлаб, шунга яраша пул топиши керак. Бу айниқса ишбай тўлов шарти бўлган корхоналарда яққол сезилади. Пулни қўйиб турганда ҳам оналик роли аёлда интилувчанликни ривожлантиради. Эртага у фарзандлари кўз ўнгида идеал шахс сифатида гавдаланиш учун ҳам ўз касбининг сир-асрорларини чуқур ўрганиш, янги қирраларни кашф қилиб, юқори марраларни забт этишни кўзлайди. Бу учун эса самарали меҳнат қилиш шарт.

Англаган бўлсангиз, оналик - касб вакили сифатида ҳам "апгрейд" учун бир имкон. Оналик буюк неъмат бўлгани учун ҳам у жамиятда фаол аёлга зўр мотивация ва рағбат бера олади. Она сифатида ўз устида ишлайдиган аёлга ходим сифатида ўзини такомиллаштириш чўт эмас. Бошқача айтганда, фарзанди олдидаги масъулиятни ҳис қилган ва бажараётган аёлга ходимлик масъулияти мураккаблик қилмайди.

Меҳнат Кодекси орқали аёлларга ва алоҳида тарзда - ҳомиладор ва ёш болали ходимларга кўплаб имтиёзлар берилган. Жумладан, улар қисқартирилган иш соати, тўлиқсиз иш ҳафтасида меҳнат қилиш ҳуқуқига эгалар. Ишнинг айрим талаблари (оғир меҳнат шароити, иш вақтидан ташқари иш, дам олиш кунларидаги иш, меҳнат сафари) қонунчиликда белгиланган маълум ҳолатларда уларни четлаб ўтади. Барча меъёрлардан ҳосил бўладиган маъно ягона: Оиласи тинч, фарзандларидан кўнгли тўқ аёл тўлақонли меҳнат қила олади. Психологлар ҳам шахсий ҳаёти хотиржам аёлларнинг меҳнат унумдорлиги юқори бўлишини тасдиқлайдилар. Демак, оиласи ва болаларини бир ёққа суриб эмас, улар парваришига уйғун тарзда иш юритаётган аёл-ходимга ишонч билдириш мумкин. У уддалайди, у эплайди!

Мақола доирасида юритилган фикрлар билан танишиб, билимдон кадрга бола халақит бермаслиги, аксинча илҳом бағишлашини қабул қилгандирсиз. Аммо бундан навбатдаги баҳсли савол туғилиши ҳам мумкин. Хўп, оила ишга салбий таъсир кўрсатмас экан, иш-чи? Ишлаётган аёл кўп вақтини уйдан ташқарида ўтказиши оила аъзолари манфаатига зид эмасми?

Биринчидан, замон ўзгараётганини ҳисобга олиш керак. Бугун эрли, қайнона-қайнотали ва серфарзанд аёлга муҳим ишларни топшириш мумкинлиги қаторида мувозанат тенг ушланиши ҳам ноёб ҳодиса эмас. Чунки ахборот технологиялари асри хонадон ҳаётини-да осонлаштирди. Ақлли уй технологиялари уй бекасининг вақтини кўп миқдорда тежади, ишчи кучи, қўл меҳнатини камайтирди. Бу эса ҳам ишлаш, ҳам оилага вақт ажратиш имкониятини беради. Бундан ташқари, масофавий меҳнатнинг оммалашиши аёлларнинг бандлигини ошириш билан бирга оналарни оила бағрида  сақлашга эриштирди.  

Иккинчидан, психологик статистикага кўра, ишли оналарда фарзанди олдидаги масъулиятни бажариш масаласи доим савол остида бўлади ва бу яхшиликка хизмат қилади. Кимдадир мавжуд "Фарзандларимга етарлича вақт ажратолмаяпман" деган айбдорлик ҳисси уни яхши она бўлиш йўлидаги янги изланишларга чорлайди. Баъзи аёллар борки, улар бор кучларини оилага, фарзандларга бағишлайдилар, бу йўлдаги ютуқларидан ички хотиржамлик ҳис этадилар. Аммо айрим аёлларнинг аслида орзуси ўқиш, ишлаш бўлган ҳолда эрининг тазйиқи остида тўрт деворга маҳкум этиладилар. Бу эса ички исённи юзага келтириб, фарзандларига нисбатан миннатли кайфият уйғотади. Асоратида уларга агрессив муносабат билдирилиб, тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Юқорида айтилган биринчи (ишлайдиган) ва иккинчи (ишламаган ҳолда фақат фарзанд тарбиясини мақсад қилган) турдаги аёллар қўлида мустақил, ўзига нисбатан ишончи юқори, муваффақиятли фарзандлар вояга етади. Учинчи (ишлашни армон деб билган ҳолда бола боқувчи) тоифадаги оналар эса ўзлари билмаган ҳолда жамиятга омадсизларни етиштириб берадилар.

Аёл - нозик хилқат. Бироқ унда оила ва жамиятни тенг ушловчи, иш ва оила манфаатларини бир-бирига таъсир эттирмаган ҳолда олтин ўрталиқни таъминлай оладиган куч бор. Фақат, ишонч билдирилса бас...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг