Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Ахборот технологиялари билан коррупцияга чап бериш осон

Ахборот технологиялари билан коррупцияга чап бериш осон

Фото: "Xabar.uz"

Ҳозирда кўплаб соҳаларда роботлар ва сунъий интеллектга асосланган воситалардан фойдаланилмоқда. Улар одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиши жиҳатидан замон талабига жавоб бермоқда.

Темир ходимдан кутилажак натижа фақат бугина эмас. Кўплаб жабҳаларда ҳаққонийликни таъминлаш мақсадида ҳам инсон омилини соқит қилган ҳолда компьютер ўрганиши йўлга қўйилмоқда. Масалан, авваллари (40-50 йиллар олдин) олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари ўқитувчилардан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати томонидан ўтказиларди. Бунда оғзаки савол-жавоб ёки ўқитувчилар томонидан текшириладиган ёзма синовлар ўтказилган. Сир эмаски, бундай пайт кимгадир осон, бошқасига қийин савол бериш, қайсидир абитуриентга ён босган ҳолда кимнидир йиқитишга уриниш ўқитувчилар, тўғрироғи, уларга юқоридан босим ўтказувчи ОТМ раҳбариятининг қўлида бўлган.

Компьютерлаштирилган тест тизими эса имтиҳон жараёни, ўқувчилар билимини аниқлашни шаффофлаштирди. Мактаб битирувчиларини ҳамма саволга жавобни билишдек иложсиз талабдан қутқарди. Билими бўлган ҳолда жозибадор нутқи йўқ ёхуд гўё ҳаёт-мамотни ҳал қилувчи педагоглар нигоҳи қаршисидаги ҳаяжонни енголмайдиган абитуриентлар тест ечиш маҳали ўзларини анча эркин ҳис қила олдилар. Жавобларни ўқитувчилар эмас, компьютер текшириши таниш-билишчилик эмас, билим роль ўйнашини ифодалади. (Тўғри, бункер ва шпаргалкалар орқали кимлардир ишини битирди, лекин улар компьютерни эмас, ўзини алдади, холос).

Демак, имтиҳонлардан инсон омилини четлаштириш, жавоблар варақасини текшириш ва балларни ҳисоблашни техникага топшириш адолатни таъминлайди. Бу фикр ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонлар ҳам компьютерлаштирилганида яна бир бор тўғрилигини исботлади. Маълумки, олдин ҳайдовчиликка номзодларни йўл-патрул хизмати ходимлари амалий имтиҳондан ўтказарди. Табиийки, бунда инсон омили юз фоиз иштирок этган ва пора олди-бердисига қулай шароит туғдириб бергани ҳам сир эмас. Пул қистирмаган номзодни эса ўта қатъий талаблар кутиб турарди. Яъни жараённи мураккаблаштириш ёки осонлаштириш, қайсидир хатолари учун кечириш-кечирмаслик имтиҳон олувчининг ихтиёрида қолган. Ҳозирча фақат Тошкент шаҳри ва вилоятида янги жорий этилган тизим — имтиҳон марказининг компьютерлаштирилган синов усули коррупцион ҳолатларга чек қўйди. Унда инсон омили аралашмайди, ҳайдовчиликка номзодларнинг барча натижалари сунъий интеллект тизимига туширилади. Имтиҳон майдонида ҳаракатланаётганида жарима баллари ва уларнинг сабаблари табиий овозли робот орқали тақдим этиб борилади. Бу номзодларга қийин туюлиши мумкин, аслида бари уларнинг фойдасига хизмат қилади. Айби пора бермагани бўлиб, имтиҳондан йиқитишга уринишлар хавфи кўндаланг турмайди. Мисол учун, машина бошқаришни бошлаш аввалидан камар тақиш талабини бажармаслик олдинги тизим бўйича имтиҳондан ўтолмасликка сабаб бўлиб, ҳали бир қадам юришга улгурмаган номзодга салбий натижани қайд этган бўлса, ҳозирги компьютерлаштирилган имтиҳон қоидасига кўра, бу учун 5 жарима балли берилади. Номзодда кейинги талабларга тўғри риоя қилган ҳолда имтиҳон топшира олиш имконияти сақланиб қолади. Аввалгидек имтиҳон майдонида машинани идеал бошқариш талаби ҳам йўқ. 95 жарима балл билан ҳам имтиҳондан ўтиш мумкин. Ҳозирда ҳайдовчиликка номзодларда туғилаётган эътироз ягона: имтиҳон марказидаги экспресс-курс тарифлари ва имтиҳон топшириш тўловларининг аввал осонгина бериб қўйиладиган пора миқдоридан кўплиги.

Мисолларни узоқ давом эттириш мумкин. Улардан англашиладиган ҳақиқат эса битта — ахборот технологиялари фаол қўлланилган жойда коррупциянинг шўри қурийди, коррупционерларнинг бозори касод бўлади. Буни ҳис этган ҳолда робототехника ва сунъий интеллект муомаласини кўпайтириш лозим. Худди имтиҳонлар сингари турли касб вақиллари ўртасида ўтказиладиган танлов ва мусобақаларда ҳам инсон омилини йўқотиб, техникага таянилса, порахўрликка қарши курашиш ва адолатсизликни аниқлаш учун бошқача механизм ахтаришга ҳожат қолмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг