Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Ахборий уруш уюштираётган онлайн фолбинлар

Ахборий уруш уюштираётган онлайн фолбинлар

Фолбинлар мижозлари ҳақида нима дейиш мумкин? Содда, ишонувчан, диний билимлари паст, осон ва пуч усулга мойил... Хуллас, шундай инсонлар ҳамон орамизда мавжуд ва етарли даражада кўп. Таассуфки, ахборот технологияларининг ривож топгани фолбинлар учун ҳам байрам бўлибди, улар бу имкониятдан оқилона фойдаланишни аллақачон эплабдилар. Фолбинлар номи остида телеграмда бир қанча канал ва уларнинг кўпдан кўп обуначилари борлигига нима дейсиз?

“Фолга ишонма фолсиз юрма” шиорини “бренд”га айлантриб “фаолият” юритаётган шу “соҳа” вакилларидан бири ўзига таъриф берибди: “Фолбин билан илму амал қилгувчи мутлақо бошқа бошқа бўлади. Каналимизда фолбин деб ёзилганининг сабаби одамлар тушуниши учун...”. Бу оқловидан кейин балки бу табибга ўхшаб шифо мақсадида ишлар, деган хаёлга бордим, аммо канални кузатиш давомида иши гумроҳликдан бошқа нарса эмаслигига аниқ ишонч ҳосил қилдим.

Фолбин ҳар бир хатти-ҳаракатини фото ва видео тасвирларга тушириб, “исбот” қолдирган. Қабристон расмига изоҳда ўқийсиз: “Бугун ҳам бир мижозимиз илтимосига кўра қабристон томон йўл оламиз. Қора амал қилишдан қўрқманглар”. Хуллас, узундан узоқ тушунтиришида иддао қилишича, бу гуноҳ эмас эмиш. Демак, уларнинг “тариқат”ларига кўра ёмонликка яраша қасдлашиш ёқланади. Ахир бу жамиятда носоғлом муҳитни шакллантириш-ку. Нега ёвузликка ёвузлик билан жавоб қайтариш керак? Диний таълимотларда ҳам, ўзбекона қадриятларда ҳам сабр, кечиримлилик, муроса билан қалб поклигига эришишга оид тарғиботлар ҳавога учдими?

Фолбин томонидан хизмат ҳақи click, paynet ёки нақд пул кўринишида эканлиги маълум қилинибди. Демак, масофавий кўриб, онлайн ҳал қилаверади. Хизмат ҳақи қилдираётган амалига қараб экан. “Шунчаки фол кўришлар учун эса кўнгилдан чиққани, ҳақимизга дуо қилса ҳам бўлади” дейилибди. Менимча, шу банди кўплаб интернет фойдаланувчиларини жалб қилади. “Мендан нима кетди, текин экан-ку” деб мурожаат қилади, илк фол очишда эса унга кимдир душманлик қилаётгани, эри хиёнат кўчасига киргани, дард ёпирилиб келаётгани хабарини эшитса, ўз-ўзидан мижозга айланиб, кейинги босқичга ўтганини билмай қолади. Энди фалон пул эвазига бу балоларни қайтаришга тайёр. Фолбин ҳам оддий одам, ожиз банда эканлиги, тақдирга ёзилганини кўриш ва ўзгартириш қўлидан келмаслиги ҳақида ўйлаб ўтирмайди.

Устига устак, каналда диний маълумотлар, сура ва дуолар бериб борилаётир. Бу эса ўқувчини чалғитиб, фолбинликни шаъран мумкиндек кўрсатиб қўйяпти. Фолбинлар икки гапининг бирида “Аллоҳ”, “Расулуллоҳ” деб Исломни ниқоб қилишдан чарчашмаяпти. Яна кўплаб ёзишмаларида мақсадлари оилани асраш, фарзандларни тирик етим қилмаслик эканини писанда қилганлар. Наҳот муқаддас оила ақл-фаросат, сабр, муроса, меҳр-муҳаббат билан эмас, инс-жинслар “ёрдам”и билан сақлаб қолинади?

Каналдаги видеолардан бирида тунги қабристонда олов ёқилаётгани суратга туширилган ва “Хизмат учун ҳақ хизматга яраша эканини тушунгандирсиз деб ўйлайман” изоҳи ёзилган. Шу ўринда бир савол туғилади. Шаҳар бедарвозами? Нега ярим кечаси қабристонга кириб, олов ёқиб ва яна бир нималар қилиб ўтиришга руҳсат бериляпти? Қабристонлар ҳам бир объект сифатида қўриқланмайдими? Бу ерларга хоҳлаган вақти кириб, хоҳлаган ишини қилиш ҳуқуқини фолбинлар қаердан олди?

Муқаддас Ислом динимизда фолбинлик, сеҳргарлик каби ишлар катта гуноҳлар сирасига киритилиб, қаттиқ қораланган. Бу ишни қилувчилар тақдирни ўзгартириш қобилиятига эга эмасликлари қайта-қайта таъкидланган. Нафақат Ислом дини, балки бошқа дунё динларида ҳам Аллоҳ – ягона илоҳ, ҳар бир нарса фақат Унинг изми билангина бўлиши шаксиз тан олинади. Аммо жамиятда ҳамон йўқдан бор қилиш, тақдирни ўзгартиришга даъвогар одамлар бор экан, бу диний маърифат улашиш суст кетаётганини англатади.

Фолбинларнинг ижтимоий тармоқларда фаоллиги, бемалол канал очиб, онлайн иш юритаётгани масаласи ҳам тегишли чорага муҳтож масаладир. Токи улар ахборот, фото, аудио, видео маҳсулотлар билан одамлар онгини эгаллаш, на қонуний ва на диний меъёрларга мос келувчи ишларини давом эттиришдан тийилсинлар.

Уйида тикув цехи очган тадбиркор солиқ тўлайди, китоб ёзган ёзувчи ва ҳатто мақола ёзган журналист солиқ мажбуриятларига эга. Бу каби “амал” билан “дам солувчи” фолбинлар эса тадбиркор ёки қаламкашдан бир неча баробар кўп пул топаётганига қарамай ҳаммасини ноҳалол нафсига уради. Албатта, улар қонуний ташкилот тузсин, даромадидан солиқ тўласин, деган таклифимиз йўқ. Аксинча, уларнинг бу “бизнес”и таг-туги билан йўқ бўлсин, бундай ишлар қаттиқ назоратга олиниб, амалга оширилишига йўл қўйилмасин. Чунки кўплаб юртдошларимирзнинг ҳалол меҳнат билан топган пуллари уларнинг жиғилдонига кетмоқда, қанчадан қанча инсонларнинг вақти, зеҳни, меҳнати шу сафсаталарга сарф бўлмоқда, увол бўлмоқда. Ҳа, орамизда саноқсиз кишилар борки, касал бўлса, шифокорга бормайди – фолбинга югуради. Иши юришмаса, янги имкониятлар изламайди – фолбин қидиради. Бошига мусибат тушса, ҳаётини қайта ислоҳ қилмайди – фолбинга суянади. Орзулари рўёби учун ақл ишлатиб ҳаракат қилмайди – фолбинга ишонади. Бу аҳволда қаерга қараб кетамиз?

Вазият шу даражага етиб келганига сабаб фақат фолбинлар ва уларга қарши курашмаган тегишли ташкилотларнинг айби эмас. Уларнинг доимий мижозига айланган одамларнинг ўзи уларни кўкка кўтариб, охир оқибат ўлжасига айланиб ўтирибди. Маблағларини қўш қўллаб топшириб, оғиз очиб ўтирмаганида, ноғорасига ўйнамаганида, фирибгарлик бунчалик гуллаб-яшнамасди.

Ахборот хуружи, мафкуравий иммунитет ҳақида кўп гапирилган, айтингчи, юқоридаги ҳолат ахборий уруш эмасми? У пулларни совуришдан ташқари қанча онг, қанча қалбни маҳв этиб, заҳарлашга улгурди? Бу ҳақида жиддий бош қотириш фурсати аллақачон етган эди. Ҳеч бўлмаса энди оқибатлар олдида таслим бўлмай, ақл билан иш юритайлик.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг