Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

“E-Yer nazorati“ ва “Сўзловчи харита“ лойиҳаларининг тақдимоти бўлиб ўтди (видео)

Бугун Кадастр агентлигида Ер назорати тадбирларини рақамлаштириш орқали очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “E-Yer nazorati“ автоматлаштирилган ахборот тизими дастурининг тақдимоти бўлиб ўтди.

“E-Yer nazorati“ ААТ яратилиши натижасида ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва қурилиш ишларини амалга оширишда ҳуқуқбузарликларни аниқлашдан тортиб, то бартараф этилгунга қадар самарали давлат назорати ўрнатилишига эришилди.

Ер участкаларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида назоратни янада кучайтириш мақсадида қишлоқ хўжалигига ер участкаларини ажратишда Ер кодексида белгиланган талабларга риоя қилинишини таъминлаш юзасидан Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги билан ҳамкорликда ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларини ҳамда ноқонуний бино ва иншоотларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, Кадастр агентлиги Картография давлат илмий-ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда "Геоинновация" ДУК мутахассислари томонидан 2 ёшдан 14 ёшгача бўлган мактаб ва мактабгача таълим тарбияланувчилари учун интерактив сўзловчи харита ишлаб чиқилди.

Шуни алоҳида такидлаш жоизки, бундай лойиҳа юртимизда илк маротаба қўлланилмоқда. Нафақат болажонлар, балки ёши катта инсонларни ҳам ўзига жалб қила оладиган ушбу харитадан фойдаланиш давомида сиз нафақат Ўзбекистоннинг барча вилоятлари тарихи ва бугунги куни ҳақида, шунингдек, қайси халқаро ташкилотларга аъзо эканлиги ҳақида ҳам батафсил маълумотга эга бўлишингиз мумкин.

Ҳозирча фақат ўзбек тилида сўзловчи харита кейинчалик янада такомиллаштирилган ҳолда, рус, инглиз ва бошқа тилларда ҳам ишлаб чиқарилиб, Марказий Осиё давлатларига экспорт қилиниши режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг