Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЮНEСКО билан ҳамкорликнинг янги босқичлари муҳокама қилинди

ЮНEСКО билан ҳамкорликнинг янги босқичлари муҳокама қилинди

Парижда ўтаётган Рақамли таълим ҳафталиги доирасида Рақамли технологиялар вазирлиги делегацияси ЮНEСКО Бош директорининг таълим бўйича ёрдамчиси Стефания Жаннини билан учрашди. Унда Ўзбекистон ва ЮНEСКО ўртасидаги рақамли таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашувда ҳар икки томон рақамли технологияларни Ўзбекистон таълим тизимига интеграция қилиш муҳимлигини таъкидлади. Стефания Жаннини Ўзбекистондаги рақамли ўзгаришлар, хусусан, онлайн таълим, рақамли саводхонлик ва педагоглар малакасини ошириш соҳаларида кенг кўламли ислоҳотларини эътироф этди. 

Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов мамлакатда рақамли таълим муҳитини ривожлантириш, соҳаларни рақамлаштиришда Ўзбекистон ЮНEСКОнинг доимий яқин ҳамкори эканини таъкидлади. 

“ЮНEСКО билан ҳамкорлигимиз бошқа мамлакатлар учун намуна бўла оладиган даражада яқин. Бу бизга мамлакатда кенг қамровли рақамли таълим тизимини ривожлантириш учун зарур ёрдам ва билимларни тақдим этишига ишонамиз”, – деди вазир ўринбосари.

Стефания Жаннини Ўзбекистоннинг таълим олиш имконияти ва сифатини ошириш воситаси сифатида рақамли технологияларни қўллаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. У Ўзбекистоннинг стратегик эътибор ва технологияга инвестицияларини ҳисобга олган ҳолда, рақамли таълим бўйича минтақавий етакчига айланиш салоҳиятини таъкидлади. ЮНEСКО Ўзбекистон билан рақамли таълим муҳитини яратишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг