“Орзулар сотувчиси” ёки “Қандай қилиб миллионлаб одамларнинг маълумотлари Twitter учун даромад манбаига айланган?”

Нидерландиянинг маълумотларни муҳофазаловчи Stichting Data Bescherming Nederland (SDBN) нотижорий ташкилоти X Corp. (Twitter) ва MoPub платформасини судга берди.
Маълумот учун: мобил рекламаларни бошқариш ва алмашишга ихтисослашган MoPub платформаси 2022 йилга қадар X Corp.га қарашли бўлган.
Даъвогар X Corp. ва MoPubни миллионлаб фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари ноқонуний савдоси билан шуғулланганликда айблаяпти.
Ушбу иш MoPub трекери ўрнатилган тахминан 30 мингта иловани ишлатган 11 миллиондан ортиқ фойдаланувчиларга дахлдор. Бу иловалар фойдаланувчиларни огоҳлантирмасдан ва уларнинг рухсатисиз маълумотларни тўплаб, учинчи шахсларга узатиб келган.
Лўндасини айтганда, X (Twitter) фойдаланувчиларнинг маълумотларини сотишни бутун бошли бозорга айлантириб олган. SDBN пресс-релизида таъкидланишича, 2013 йилнинг октябридан 2021 йилнинг декабрига қадар даврда, ҳатто фойдаланувчилар ҳеч қачон твитларини эълон қилишмаган бўлса ҳам, бепул иловалар воситасида X ва MoPub платформаси уларнинг шахсий маълумотларини (жинсий, болалари ҳақида, диний эътиқоди ва ҳоказолар) йиғишда ва бўлишишда давом этган. Тўпланган маълумотлар мунтазам минглаб мижозларга сотиб келинган.
Юқоридаги ҳолат аслида янгилик ҳам эмас, бироқ исталган илованинг исталган фойдаланувчиси деанонимизация (шахси очиқланиши) ва шахсий маълумотлари сиздирилиши хавфидан холи эмаслигини яна бир бор тасдиқлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter