Телекоммуникациялар соҳасида айрим фаолият турларини амалга оширганлик учун давлат божи миқдорлари мақбуллаштирилади

Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасида Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартиби доирасида кўриб чиқиладиган масалалар тегишли давлат органлари ва ташкилотлар масъуллари, экспертлар иштирокида дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Қўмита аъзолари дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонунга эътибор қаратдилар. Таъкидланганидек, қонунда мувофиқликни баҳолаш қоидалари бузилишининг олдини олиш, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш идораларининг мансабдор шахслари томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш натижадорлигини ошириш мақсад қилиб олинмоқда.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқликни баҳолаш идоралари томонидан техник регламентлар талабларига мувофиқ бўлмаган маҳсулот ишлаб чиқарилишига, шу билан бирга маҳсулотни тақдим этган жисмоний ёки юридик шахсга ҳам зарар етказилишига сабаб бўладиган омиллар учун жавобгарликни белгиловчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, Қонунда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳаларидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича маъмурий жарималар қўллаш ваколатига эга бўлган шахслар таркиби аниқлаштирилмоқда.
Шундан сўнг, Қўмита аъзолари “Телекоммуникациялар соҳасида айрим фаолият турларини амалга оширганлик учун давлат божи миқдорлари мақбуллаштирилиши муносабати билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунни муҳокама қилдилар.
Ушбу Қонун билан теле- ва радиоканалларга, шунингдек, уяли алоқа виртуал операторларига ўз фаолиятларини амалга оширганлари учун тўлайдиган давлат божи миқдорлари камайтирилиб, уларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.
Жумладан, уяли алоқа виртуал операторлари (провайдерлар) томонидан радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари хизматларини кўрсатганлик учун тўланадиган йиллик давлат божи миқдори ҳам камайтирилмоқда.
Шунингдек, қонун билан теле- ва радиоканаллар томонидан телерадиоешиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини лойиҳалаштирганлик, қурганлик, улардан фойдаланганлик ва уларнинг хизматлар кўрсатганлиги учун тўланадиган давлат божи миқдорлари илгариги миқдорларга нисбатан мос равишда 50 фоизга камайтирилмоқда.
Бундан ташқари Қонундаги ушбу ўзгартиришларга асосан эндиликда теле- ва радиоканаллар томонидан юқоридаги фаолият турлари учун тўланадиган давлат божини йилнинг ҳар чораги учун тенг миқдорларда бўлган ҳолда тўлашга имконият яратиб берилмоқда.
Қўмита аъзолари ушбу имкониятлар келажакда алоқа ҳамда теле ва радиоканаллар орқали эфирга узатилаётган медиа маҳсулотлари сифатини яхшилашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар.
Муҳокамалардан сўнг Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter