Сенат ялпи мажлисида “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди
Сўнги йилларда телекоммуникация тармоқлари технологик ютуқлар ва истеъмолчиларнинг ўзгарувчан талаблари таъсири остида жадал ривожланмоқда. Бу борада мамлакатимизда ҳар бир соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, чекка ҳудудларда телекоммуникация тизимларининг ривожланиши телекоммуникация тармоқларига кириш имкониятларини яратди ва Интернет хизматлари нархини арзонлаштиришда ижобий натижаларга эришишга имкон берди.
Ушбу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш мақсадида Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Қонун билан телекоммуникация бозори ривожланган хорижий давлатларнинг тажрибаси ва амалиёти чуқур таҳлил қилинди. Қонунда телекоммуникация бозорини тартибга солувчи регулятор ва ушбу бозорни ривожлантириш сиёсатини олиб борувчи давлат органларининг вазифалари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Жумладан, Қонунда тартибга солувчи органга телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш, рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда ёки фавқулодда ҳолатларда телекоммуникация инфратузилмаларидан устувор фойдаланиш ҳамда уларнинг фаолиятини тиклаш ва ривожлантириш, операторлар ва провайдерларнинг фаолият кўрсатиши учун тенг ҳамда адолатли рақобат муҳитини таъминлаш ваколатлари берилмоқда.
Шунингдек, тартибга солувчи органнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари талаблари барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий этиб белгилаб қўйилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларига енгиллик бериш билан бирга ҳукуматнинг иқтисодиёт ва жамиятни рақамлаштириш бўйича стратегик дастурининг муҳим қисми бўлган телекоммуникация секторининг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter