Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Рақамли технологиялар вазирлиги халқаро сертификатларни қўлга киритди

Рақамли технологиялар вазирлиги халқаро сертификатларни қўлга киритди

Фото: Digital.uz

Рақамли технологиялар вазирлигида коррупцияга қарши курашиш бўйича ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” ҳамда 9001:2015 “Сифат менежменти тизими” бўйича интеграциялашган менежмент тизимининг жорий қилинганлиги бўйича сертификатларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Сертификатларни “СERT International” халқаро сертификатлаш ташкилоти директори Марат Ҳабибулин топширди.

Таъкидланишича, вазирликда коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик, ходимларнинг ҳалол ва шаффоф иш юритишига эришиш борасида самарали фаолият олиб борилмоқда.

Хусусан, вазирлик тизимида жами 238 нафар ходим дастлабки, умумий, коррупция хавф-хатарлари юқори бўлган лавозимлар бўйича махсус, соҳа мутахассислари учун чуқурлаштирилган махсус ўқув курсларида таҳсил олишди.

Шунингдек, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида вазирлик марказий аппарати ва ҳудудий шўбаларидан жами 70 нафар, вазирлик тизимидаги агентлик, инспекция, акциядорлик компаниялари, жамиятлари, корхона, ташкилот ва муассасаларидан 200 нафардан ортиқ ходимлар коррупцияга қарши курашиш йўналишида ўқитилди. Халқаро стандартларни жорий қилиш борасида босқичма-босқич тизимли ишлар йўлга қўйилди.

Вазирликда амалга оширилган ишлар самараси ўлароқ, жорий йил сентябр-октябр ойларида вазирлик марказий аппаратида “СERT International” халқаро сертификатлаш ташкилотининг халқаро аудиторлари томонидан халқаро стандартга мувофиқлиги юзасидан халқаро сертификатлаш аудити ўтказилди ва аудит якунлари бўйича халқаро сертификатлар тақдим этилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ушбу мақсадли саъй-ҳаракатлар, ўқув тренинглар ҳамда ўтказилган халқаро аудит текширувлари натижасида вазирлик марказий аппарати фаолияти ижобий баҳоланиб, “СERT International” томонидан 2 та халқаро сертификатга муносиб кўрилди.

Эътиборлиси, ушбу сертификатларга вазирлик марказий аппарати менежмент тизими халқаро стандарт талабларини ҳамда сифат менежмент тизимини жорий этиш бўйича самарали ишлар амалга оширилиши натижасида эришилган.

Мазкур халқаро сертификатларнинг қўлга киритилиши, аввало, вазирликнинг бизнес жараёнларига ҳамда соҳада фаолият олиб бораётган ходимларига бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Ҳозирги трансформация жараёнларида эса хорижий ҳамкорларни янада кўпроқ жалб этишга, шунингдек, вазирликнинг қатъий механизм асосида ишлашига хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг