Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Рақамли технологиялар вазирлиги 2022 йилда қилинган ишлар ҳисоботини берди

Бугун, 28 март куни Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан 2022 йилда амалга ошрилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди. Анжуманда мутасаддилар томонидан ахборот-коммуникация хизматлари, ягона интерактив давлат хизматлари портали, рақамли таълим, сунъий интеллект каби йўналишлар бўйича қилинган ишлар ва келгусидаги вазифалар бўйича маълум қилинган факт ва рақамлар эътиборни ўзига тортади. Келинг, яхшиси улар ҳақида батафсил маълумотларни келтирсак.

Дастлаб, ахборот-коммуникация хизматлари (алоқа ва ахборотлаштириш ҳамда компютер хизматлари)га тўхталсак.  2022 йилда ушбу хизматлар ҳажми  кескин ошиб, 22,9 трлн сўмни ташкил этди. Қиёслаш учун: бу миқдор 2021 йилда 17,8 трлн сўм эди. Рақамли иқтисодиёт соҳасининг ЯИМдаги улуши 2019 йилда 1,80 фоиз бўлган бўлса, 2022 йилда 2,77 фоизга етди.

Ўтган йилда 170 000 км оптик толали алоқа линиялари тортилиб, аҳоли масканларининг 80 фоизи қамраб олинди.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 2022 йилда 370 та давлат хизмати кўрсатилган бўлса, жорий йилда уларнинг сонини 200 тага ошириб, 570 тага (265 таси мобил иловалар орқали) етказиш режалаштирилган.

Электрон хизматлар улуши 2022 йилда 66 фоизни (12 млн) ташкил этди. Бу йил ушбу кўрсаткични 70 фоизга (21 млн) етказиш мўлжалланган.

Ягона порталдан фойдаланувчилар сони 2019 йилда 77 минг нафар бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда 372 мингни, 2021 йилда 1 000 мингни, 2022 йилда 4 000 мингни ташкил қилган.

Ўзбекистонда рақамли таълим экотизимини йўлга қўйиш, аҳоли ва ёшларни ушбу соҳага жалб қилиш ҳамда уларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2022 йилда рақамли таълимни ривожлантириш борасида АКТ соҳасида олий маълумотли кадрларни тўлиқ масофавий тарзда халқаро стандартлар асосида тайёрлайдиган “EPAM Systems” халқаро IT-компания билан ҳамкорликда “IT-Park University” рақамли университети фаолияти йўлга қўйилди.

IT соҳасида хусусий сектор вакилларига яратилган шароит ва имкониятлар натижасида IT Park резиденти бўлган хусусий таълим марказлари сони 2022 йилда 191 тага етди  (2021 йилга нисбатан 67 тага, 2020 йилга нисбатан 180 тага кўпайган).

Ўз билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўтган йилда жами 800 нафардан зиёд ёшлар халқаро IT-сертификатни олиш учун аризалар топширган бўлса, ҳисобот даврида 500 нафар ёшларнинг мазкур сертификатлар бўйича 50 фоизгача бўлган харажатлари қоплаб берилди.

2019-2022 йилларда “Бир миллион ўзбек дастурчи” лойиҳаси доирасида таълим олганлар сони 2,5 млн нафардан ошган. Шу жумладан, 1,7 млн нафардан ортиғи лойиҳа доирасида рақамлаштириш бўйича бошланғич билимга эга бўлиб, сертификатларни қўлга киритган.

IT соҳадаги ўқув курсларда таҳсил олаётган ёки ушбу ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган 15 минг нафардан ортиқ ёшларга компютер харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилди.

Анжуман сўнгида мутасаддилар йиғилганлар саволига жавоб берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг