Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Навоий вилоятида рақамли таълимни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди

Навоий вилоятида рақамли таълимни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди

Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Р.Каримжонов ҳамда Вазирлик ҳузуридаги “Рақамли таълимни ривожлантириш маркази” давлат муассасасининг ходимлари Навоий вилоятига ташриф буюриб, вилоятда рақамли таълим соҳасида эришилган ютуқлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича  IT Parkнинг таълим резидент компаниялари билан учрашди.

Жумладан, Республиканинг ТОП-10 та АйТи ўқув марказларидан бири бўлган Навоий шаҳридаги “Sensorika” АйТи-ўқув маркази фаолияти ҳамда ушбу масканда таълим олаётган ёшларнинг қизиқишлари билан яқиндан танишилиб, мавжуд имкониятлар ҳақида ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, ташриф давомида Навоий шаҳрида ташкил этилган Co-Working марказининг ички имкониятлари, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган АйТи хизмат турлари ҳамда уларни янада кенгайтириш орқали АйТи хизматлар экспорт ҳажмини ошириш бўйича масалалар кенг муҳокама этилди.

Бундан ташқари, навоийлик ёшларга АйТи таълим билан бир қаторда инглиз тилларини мукаммал ўргатиб келаётган “IT and IELTS SCHOOL” ўқув марказининг муваффақиятлари билан танишиб, соҳада янги қабул қилинган қарорлар билан яратилган имкониятлар тўғрисида мутасаддилар томонидан атрофлича маълумотлар бериб ўтилди.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан Хатирчи туманида ташкил этилиши белгиланган АйТи-шаҳарча фаолиятини барпо этиш масалалари кенг муҳокама этиш учун Хатирчи тумани ҳокими У.Адизов билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида АйТи-шаҳарчани қуриш учун ер майдони ажратиш ва қурилиш ишларини бошлаш масалалари ҳамда қисқа муддатларда АйТи-шаҳарчани қуриб фойдаланиш учун топшириш бўйича томонларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, белгиланган вазифаларни ҳамкорликда ташкил этиш бўйича бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг