Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Hancom Academy илғор IT-таълими Ўзбекистонда жорий этилмоқда

Hancom Academy илғор IT-таълими Ўзбекистонда жорий этилмоқда

Фото: Digital.uz

Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг илғор рақамли таълимини жорий қилиш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлигида Hancom Academy вакиллари иштирокида Англашинув меморандуми имзоланди.

Hancom Academy 2024 йилда Хоразм вилоятидаги Рақамли технология ўқув марказларида 20 та синфхоналарни жиҳозлаш орқали “смарт синфхоналар” (smart classroom)ни ташкил қилади. 2027 йил охирига қадар мамлакатимиз бўйлаб жойлашган Рақамли технология ўқув марказларида “смарт синфхоналар”ни жиҳозлаш режалаштирилган.

Ушбу синфхоналарда сунъий интеллект, иловаларни ишлаб чиқиш, корейс тили ва инглиз тили йўналишларида дарслар Hancom Academyнинг малакали ўқитувчилари томонидан ишлаб чиқилган дастур бўйича ўқитилади. Шунингдек, Hancom Academy томонидан ишлаб чиқилган алоҳида ўқув дастури бўйича маҳаллий IT менторларининг малакаси ҳам оширилади.

Ўқув дастури Ўзбекистон ва жаҳонда талаб юқори бўлган ва юқори маошга эга касбларга ёшларни ўргатишга мўлжалланган бўлиб, ўқув дастури битирувчилари келажакда ўзлари ҳам дарс бериш кўникмаларини қўлга киритишади.

Маълумот учун: Hancom Group 1990 йилда ташкил этилган бўлиб, Корея Республикасида Microsoft Office ўрнини боса оладиган Hangul Korean Word дастурий таъминотини яратиш билан танилган компаниядир.

Hancom Groupнинг сунъий интеллект, дрон ва бошқа илғор технологияларни ўқитишга ихтисослашган онлайн таълим платформасига эга йирик IT академияси — Hancom Academy шўъба ташкилоти мавжуд.

Ушбу IT-академия Корея Республикасида йирик компаниялар, хусусан, Samsung Electronics, SK Telecom, KT, LG Electronics ходимлари ҳамда давлат хизматчилари малакасини ошириш билан шуғулланади, йирик университетлар билан ҳамкорлик қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг