Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Сунъий интеллект инсон зеҳнига рақиб эмас, кўмакчидир

Сунъий интеллект инсон зеҳнига рақиб эмас, кўмакчидир

Сунъий ва табиий қарши бирикмалари ёнма-ён қўлланилганида кўпинча табиийси ижобий, сунъийси салбий таассурот қолдиради. Нимаики сунъий бўлса, у бизга самимийликка йўғрилмаган совуқ энергия таратадигандек гўё. Аммо мустаснолар ҳам бор. Масалан, ахборот технологиялари оламига тегишли сунъий интеллект ибораси равнақ, тараққий, қулайлик каби позитив фикрларга бошлайди.

Аслида информатиканинг бир бўғини ҳисобланган сунъий интеллект сўнгги йилларда сезиларли даражада гуллаб яшнади. Уни турли соҳаларда қўллаш туфайли ходимлар ва мижозларнинг оғири енгил бўлмоқда. Тўғри, баъзи тадқиқотчилар унинг салбий жиҳатларига урғу берганлар. Масалан, британиялик олим Стивен Хокинг сунъий интеллектга инсон ақлини ўтмаслаштирувчи манба сифатида қарайди. Унинг хавотирига кўра, сунъий интеллект инсон ақлига тегишли бўлган улушни ҳам тўлиқ банд қилиб олиши мумкин, бу эса яхшиликка хизмат қилмайди.

Бу роботлар инсонларнинг ўрнини эгаллаб олади, деган фаразга ўхшаб кетади. Лекин айни прогнозда тўлиғича ҳақиқат мужассам эмас. Чунки сунъий интеллект ҳам, робототехникалар ҳам инсон заковатининг маҳсулидир, у чексиз идрок соҳиби бўлмиш одамлар томонидан ўйлаб топилган. Буюк технологлар ва олимларнинг етишиб чиқиши сунъий интеллект соҳасини ҳам олдинга силжитади. Сунъий интеллект - ёрдамчи технология, у ҳаётни қулайлаштиради. Ўзи эса инсон онги, ақли, тажрибаси орқали бошқарилади ва назорат қилинади.

Сунъий интеллектнинг қамрови тобора кенгаймоқда. Бугунги кунда чангютгичдан тортиб фазовий станцияларгача унинг хизматидан баҳраманд. Сунъий интеллект ривожланган мамлакатлар иқтисодий барқарорликка юз тутмоқда. У нафақат қулайлик, балки фаровон ва тўкин ҳаётнинг ҳам гаровига айланди. Зотан, банк тизимига сунъий интеллектнинг кириб келиши жараёнларни тезлаштирди. Бизнесни у орқали амалга ошириш даромаддаги ўсишни кафолатлади.

Ёки тиббиётдаги ўрнини олайлик. Соғлиқни сақлаш соҳасида сунъий интеллектнинг қўлланилиши шифокор ва бемор ҳамкорлигини кучайтирди, ташхисларнинг аниқ, осон ва тез қўйилишини таъминлади, мураккаб тиббий амалиётларни жўн, оғриқсиз ва тежамкор ҳолатга келтирди.

Ривожланган мамлакатлар суд-ҳуқуқ соҳасида сунъий интеллектни қўллаб, адолатлилик ва эркинлик аввалгидан кўпроқ акс этганига гувоҳлик бердилар. Бу коррупцион ҳолатларга чек қўйгани ҳам айни муддао бўлди.

Баъзан соҳага оид янгиликларни ўқиб, сунъий интеллект қойил қилган ишларни фантастик ҳикояга ўхшатасиз, ақл бовар қилмайди. Лекин улар бугунги кун ҳақиқати. Чиндан-да сунъий интеллект етакчиликни қўлдан бой бермаяпти. Сунъий ақлнинг машинани бошқариш, жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, уй юмушларини бажаришга қодирлиги, адвокатлик, психологлик, боғбонлик, ўқитувчилик каби ишларни уддалаши ҳайратингизни ошириши табиий. Яна катта афзалликларидан бири бундай тизимлар вақтни тежайди, навбат кутиш ёки қўл билан бажариладиган ишларга сарф этиладиган вақтда инсонга бошқа унумли меҳнат билан шуғулланиш, ўз устида ишлаш имконини беради.

Баъзан инсоннинг ҳис-туйғулари тўғри қарор қабул қилишга монелик кўрсатиб қўяди. Сунъий интеллектнинг ишига қалб амри аралашмагани, ҳаётий таассуротлардан холи эканлиги аксарият ҳолларда адолатли ва сифатли натижага сабабчи бўлади. Масалан, суд ҳукмини ўқиш арафасида судья жабрланувчи ёки айбланувчи тақдирида ўз ҳаётидаги саҳналардан бир парча кўриши, бу нафрати ёхуд ҳимматини кучайтириб юбориши мумкин. Бунинг инъикосида иш юзасидан ноўрин, нохолис хулоса чиқариш эҳтимоли бор. Сунъий интеллект асосида ишлайдиган нейропрокурор ва робот-судьялар эса қонунчилик моддаларигагина таянади. Улар кўз ёшларга ишонмайдилар ва манипуляцион таъсирлардан озодлар. Пора олиш ҳақида-ку, гап-сўз бўлиши мумкин эмас.

Бор дардини ўзига ўхшаган бир одамга айтиб, ҳамма сирини тўкиб солиш, сўнг махфий сақланишидан хавотирда юрадиганлар учун ҳақиқий эмас, робот-психологлар қўл келади. Тўғри, темир дардкашингиз сизни бағрига босолмайди, аммо унинг олдида кўпроқ очилишингиз, ўзингизни эркин тутишингиз мумкин. Албатта, ундаги сунъий интеллект жонли психологдан қолишмаган ҳолда аниқ илмий қонуниятлар асосида сизга ўринли тавсиялар беришга ярайди.

Бундай мисолларни кўп келтириш мумкин, лўндасини айтганда, сунъий интеллект инсон ақли билан рақобатлашмайди, балки унинг имкониятларини кенгайтиради. Мазкур универсал технология ҳар қандай соҳадаги жараёнларни шаффофлаштиради ва самарани юксалтиради.

Айрим экспертлар сунъий интеллект маълум тоифа ва буйруқларга бўйсунган ҳолда ишлайди, унда ижодкорлик йўқ, инсон ақли эса бунга қодир, дея фикр билдирадилар. Аммо, гап шундаки, сунъий интеллект жалб қилинган жабҳалар ҳар доим ҳам ижодкорликни талаб қилавермайди, уларда аниқ фактлар билан ишлаш устуворлик касб этади. Санаш, саралаш, ҳисоблаш каби юмушларни сунъий интеллектга юклаган инсон тайёр натижани таҳлил қилишга келганда ўзининг табиий ақли, туғма истеъдодлари ва ижодкорлик қобилиятларидан фойдалангани нур устига аъло нур. Ана шундай уйғунликда ишлаш муваффақиятга етаклайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг