Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“IT-PARK” бренди логотипи нимани англатади? IT-PARK  логотипи муаллифи, резиденти, дизайнер Шерзод Носиров билан суҳбат

“IT-PARK” лойиҳаси – даставвал, икки-уч киши иштироки билан бошланган ғоя кўринишида вужудга келиб, ривожланган. Яъни, бошида фақатгина ғояни ўзи бўлган, бошқа ҳеч нарса бўлмаган. Шу ўринда, бу лойиҳани яралиш тарихини озгина эслаймиз. Фарҳод Ибрагимов бошчилигида IT-PARK раҳбарияти бизга мурожаат қилиб, “Янги яратилаётган технологик паркга “IT-PARK” номини бердик, энди шунга логотип – бренд қиёфа яратишимиз керак” мазмунида таклиф билан чиқишган. Фарҳод Ибрагимов билан ёшликдан бир-биримизни таниймиз. Мен ихтисослигим ва фаолиятим бўйича ижодий (дизайн, архитектура) йўналишдаги мутахассис бўлганим учун Фарҳод Ибрагимов ўз таклифида шу имкониятларимни ҳам ҳисобга олганди. Билдирилган таклифни хурсанд бўлиб, қабул қилдим. Аслида, логотип дизайни менинг хоббим, бунга иш фаолияти сифатида қарамайман. Бироқ, билдирилган ишонч мени бутун диққатимни мазкур ишга жамлаган.

Тахминан, бир ҳафта оралиғида бўлиб ўтган изланишлар маҳсули сифатида IT-PARK логотипининг бир неча вариантларини ишлаб чиққанмиз ва уларни тақдим этганмиз. 

Дастлабки вариантлар “ярқ” этган характерга эга хусусиятлар етишмганлиги туфайли қабул қилинмаган. Ниҳоят, анча изланишлардан сўнг, узоғи ўн кунлар ичида логотипнинг охирги, якуний, бугун барчага маълум варианти туғилган. Логотипнинг бу кўриниши ўзимизга ҳам маъқул келган. Шу тарзда жамоа кенгашиб, мазкур вариантда тўхталганмиз. Кейин эса логотип – лойиҳа қиёфасига чуққуроқ ёндашиб, унга“Brand  book”(бренд китоби) тарзида ишлов берганмиз. Бу орада бренд яралиши билан бирга параллел равишда IT-PARK ҳам ўз фаолиятини бошлаган.

Бу бренднинг ўз фалсафаси бор. Брендга нисбатан қуйидагича саволлар туғилиши мумкин: бренд нега айнан шундай шаклда? Нега яшил рангда? Ҳаммасига асосли жавоб бор. Ҳар бир ўйланган чизиқда мантиқ бор!

“IT-PARK” бренди яратилаётган 2018 йилда бизда инновацион йўналишдаги Технопарк, IT-Park каби бренд ҳали мавжуд эмасди. Шу боис, бизда бу йўналишдаги бренд намуналарини фақатгина чет эл тажрибасидан кўриб, кузатиш имкони бор эди, холос. Шу тариқа ўзи бу нима экан, қандай бренд экан, дея чуқур изланганмиз. 

Ўша пайтда Фарҳод Ибрагимовдан бу борада аниқ бир топшириқ ҳам тушганди, унга кўра бўлғуси яратилажак бренд Simple – (инглиз тилида оддий деган маънони англатади)кўриниши талабларида бўлиши белгиланганди. Яъни, бренд бир кўрганда, дарров илғанадиган, тез эсда қоладиган, ва албатта, замонавий қиёфага эга бўлиши жуда муҳим эди.

Шунингдек, Flight – инглиз тилидан парвоз деган маънони англатувчи, соҳа амалиётидаги моҳиятига кўра эса реклама берувчиларнинг илғор қисмини ифодаловчи, бу орқали брендни илгари суриш стратегиясини ўзида акс эттирувчи мазкур атама талаб ва имкониятларини ҳам ўргандик ва лойиҳага татбиқ этдик.

Замонавий дунёда технология деганда, аввало, йирик брендлар – Apple, Google ва ҳоказо ҳар хил брендлар кўз олдимизга келади.

Ўша брендлар тараққиёт тажрибасини ўрганганмиз. Шу билан бирга, ўзимизнинг лойиҳани мустаҳкам яратишга ҳаракат қилганмиз.

Шунчаки ўзга брендни кўчириб қўйиш ҳам, бўлмасди. IT-PARK логотипининг илк қоралама  вариантларини бир қараб кўрдим, афсус, сақланмаган экан. Логотип масаласида қидирув, изланувимиз  “IT”  сўзига боғлиқ ҳолда кечган.

Эътиборингизга IT-PARK бренди логотипининг хомаки чизгиларидан келиб чиққан ҳолда бир бутун жамланма таърифини  баён этамиз. Бунда логотип моҳиятини унинг ҳар бир детали тафсилоти бўйича тушунтириб берамиз. Яъни, бу орқали логотипнинг ҳар бир чизиғи яралиши тарихи қандай бўлганлиги ва у қандай маъно англатиши хусусида маълумотга эга бўласиз.

Бугунги кунда логотип ва бренд яратиш жуда мураккаб иш. Сабаби, логотип муаллифлик иши бўлса ҳамки, кейин интернетда қидирув қилсангиз, қарабсизки, ўхшаш нусхалар чиқиб келади.  Гарчи, сиз уни кўчирмаган бўлсангиз ҳам, бир вақтни ўзида шунга ўхшаш логотип, номларга дуч келасиз.Чунки, дунёда бу нарса ҳаммаёқда ривожланаяпти. Яъни, бир-бирига ўхшаш форма, ранг, номлар бир вақтнинг ўзида кўплаб учраши эҳтимоли   катта бўлиб бормоқда. Шуларни ҳисобга олиб, ушбу бренд бўйича изланиш жараёнида ҳам ном, ҳам шакл хусусиятларини мунтазам таҳлил қилиб турганмиз. Маълумки, янги брендга нисбатан ижтимоий тармоқларда ҳар хил шарҳлар билдирилади. Кўп ҳолларда йўқ жойдан, билиб, билмай, кўчирмакашликда айбдор санашлари ҳам мумкин. Шунинг учун ҳозирги ёш дизайнерларимизга маслаҳатим шуки, бренд қилаётганда, шу жиҳатларини ҳам чуқур ўйлаш зарур.

Ҳозирги пайтда логотип қилиш кўплар назарида жуда осон ишдек бир қарашда. Лекин унинг заҳмати ўз ишининг устасига маълум. Зеро, профессионал дизайнер қилаётган ишининг пойдеворини мустаҳкам қуради.

   Яъни, булар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Бренд логотипи бошқа брендлар билан ассоциация бўлиб қолиши керак эмас. Яъни, брендни рақобатбардош бўлишига интилиш зарур;
  • Бренд логотипи мантиққа асосланиб, фикрга қурилиши керак;
  • Чизилаётган бренд логотипини кенг миқёсдаги ривожини ҳисобга олиш даркор.

IT-PARKнинг илк ғишти 2018 йилдан бошлаб қўйилган бўлса, бугунга келиб, жуда қисқа вақт ичида катта бир брендга айланишга муваффақ бўлди. Яъни, IT-PARK тизимлашган, йўналишга бой катта ҳаракат мақомига етди. Ҳақиқатдан, номига мос IT-PARK бўлди. Биз бундан жуда хурсандмиз. Янада ривожланишига тилакдошиман ушбу брендни.

Кўриб турганимиздек, охирги изланишимиздаги символ(рамз)да бир тўхтамга келганмиз. Унинг ифодаси шундайки, бу чизги бизга дарахт шаклини эслатиб туради. Нимага дарахт? Чунки, дарахт бу – ҳар доим тепага интилувчи, ривожланувчи, кўкарувчи табиат мўъжизаси. IT-PARK – ҳам шу дарахтга бир оила тимсолида қиёс қилинганки, унинг иштирокчилари, резидентлари, ёш стартапчилари бу оиланинг аъзоларидир! Бу оиланинг ҳар бир аъзоси ўз интилишлари ила ушбу дарахтнинг кўкариб, чинор бўлишига ҳиссасаларини қўшадилар. Энг муҳими, ҳар бир аъзо бир-бири билан ўзаро алоқадорликда, ҳамжиҳат ҳаракат қилади.

Яшил рангни танлаганимиз сабаби,  ўша пайтда бу йўналиш янгилик бўлган. Яъни, яшил ниҳол – янгиликка интилиш рамзи сифатида қўлланилган.

Думалоқ шакл билан боғланган чизиқлар бу – плата. Исталган IT  соҳа маҳсулотини ихтиро қилсак, бу албатта, компьютер билан боғлиқдир. Бугунги кунда компьютерсиз ҳеч бир иш қилолмаймиз. Чунки бу, замон талаби. Технология пешқадам бугунги замонда ҳар бир ғоя технология орқали ўз ечимини топишга мойил.Гаджет бўладими, компьютер бўладими, бошқа бир дастур бўладими, фарқи йўқ. Шунинг рамзи сифатида логотипда нейрон тармоқлари, рақамли  йўлакчалар, унинг таъсирида юзага келган думалоқ шакллар  ўрин олган.

Думалоқ шакллар эса бу – нейронлар бўлиб, улар компьютер тузилмаларини ўз ичига олган Она (материнская) плата – (анг. motherboard) тизимидаги боғловчи йўлакларни ифодалайди.

Думалоқ шакл жараёнда одам шакли – ёш стартапчи образини ҳам ифодалайди. Ёки жамоанинг ёш бир вакили қулочини кенг ёйиб турибдики, унинг кайфиятида эркинлик, ривожланиш, ўзидан, ўз ишидан қониқиш, хурсандчилик ҳисси  акс этган.

IT сўзи  – маълумки, инглизча “Information Technology” (“Ахборот технологиялари”) сўзларининг қисқартмасидир. Шу сабаб, логотипнинг пойдевори ушбу сўзларнинг қисқартмаси – IT ҳарфларига қурилган. Икки ҳарфни атрофини эса дарахт ва рақамли плата шакли ўраб, логотип қиёфасини тугаллайди.

Логотип тайёр бўлиб, тасдиқдан ўтгач, унга “Brand book”(бренд китоби) тайёрладик. Мазкур китобдан бу бренд логотипидан қандай фойдаланиш, уни қандай ишлатиш қоидалари ўрин олган. Бу ҳам муҳим масала. Ахир, IT-PARK битта компаниядан иборат эмас. Республика бўйлаб бир неча IT-марказлар мавжуд. Улар бу брендни қандай ишлатиш кераклиги ёки аксинча қандай ишлатиш мумкин эмаслиги ҳақида шу китоб орқали билиб оладилар. Бу китоб – IT-PARK томонидан ҳар  куни ишлатиладиган муҳим ҳужжат ҳисобланади.

IT-PARKнинг янги қад ростлаётган бинолари офисларининг интерьери дизайнида ҳам ўз ҳиссамизни қўшиб келяпмиз. Бунда биринчи навбатда, IT  мутахассислари ўзларини қандай шароитда қулай ва эркин кайфиятда ҳис қилишлари ҳисобга олиниб, шунга кўра интерьер муҳитини ишлаб чиқамиз.

IT-PARK логотипидаги яшил рангни биз қабул қилган битта коди, танланган туси бўйича ишлатиш умумқоида сифатида қабул қилинган.

Албатта, бу яратилган бренд логотипи қоғоз бетида ёки интерьер дизайни тасвирида бўлса, одам қувонади. Лекин логотип қиёфаси бутун шаҳар, республика бўйлаб баланд, осмонўпар биноларнинг пешонасида кўрк тўкиб турганини кўраганимизда эса ич-ичимиздан жуда хурсанд бўламиз. Ўйлайманки, IT-PARK бренди яралишида ўз ҳиссаси бор ҳар бир киши бундан фахрланади. Биз ҳам шу қатори юрт истиқболи, равнақи йўлида қилинган ушбу эзгу ишга ҳиссамиз қўшилганидан мамнунмиз!

Лобар ҚОБИЛОВА суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг