Вақт етмаяптими? Демак, сизда вақтга нисбатан хавотир бор!
Замонавий инсонларни фақат пул етишмаслиги қийнайди, деб ўйлайсизми? Йўқ, унга ёндош яна бир омил бор: вақт танқислиги. "Вақтим йўқ", "Вақтим кам", "Вақт етмаяпти", "Вақт қолмади". Бугунги кун кишилари томонидан бу каби ибораларни кўп эшитасиз. Аслида вақт аввалгига нисбатан қисқармаган, бир кун учун 24 соат, бир йил учун 12 ой ҳажми ҳамон сақланиб турибди. Аммо унга нисбатан муносабат, вақт истеъмоли ўзгарган.
Аслида замонамизда вақтни тежовчи унсурлар кўплиги, техника ривожи шарофатидан вақт тежалган. Олдин қўлимизни ушлаган, кўп вақт талаб қилган юмушлар ҳозир бир зумда махсус қурилмалар томонидан бажарилмоқда. Қўлимиз соатлаб банд бўлмаяпти, вақтимиз иқтисод қилиняпти. Шунга қарамай одамлар вақт танқислигига дучор. Нега?
Бунинг барчаси инсон онг ости орқали вақтнинг дастурланиши билан боғлиқ. Ким вақтга нисбатан тор доирани олса, соатлар у учун фақат унинг ўлчови миқдорича ҳаракатланади. "Вақт бебарака" қабилида фикрловчи инсон тонгда эрта уйғонса ҳам ҳеч бир ишига улгурмайди. "Вақтим йўқ" деб ўйловчи одам учун вақт аураси ёпиқдир. "Вақтим кам", "Вақт етмаяпти" фикрлари эгаси ҳам вақтдан ютишга қодир эмас, чунки у ўйлари орқали вақтга қандай муносабатда бўлса, вақт ҳам унинг қаршисида ўзини шундай тутади. Бошқача бўлиши мумкин эмас.
Масалан, автобусни узоқ кутиш, навбатда туриш, дўстингизнинг кечикиши, ваъдабознинг ишни чўзишидан озорландингиз. Шунда сабабни атрофдан эмас, ўзингиздан қидиринг. Аниқки, барчаси сиздан бошланган: Қачондир (ёки доим) хўроздан кейин уйғонишингиз, соатлаб телевизор қаршисида қолиб кетишингиз, ижтимоий тармоқларда мазмунсиз суҳбатлар билан банд бўлишингиз билан вақтга нисбатан нотўғри муносабат билдиргансиз, содда қилиб айтганда - уни исроф қилгансиз. Бу нотўғри хатти-ҳаракатингиз ҳақида сизга ойна тутиш учун бошқалар сизнинг вақтингизни ўғирлашади. Сиз бундан аччиқланишингиз эмас, сабоқ чиқаришингиз керак. Агар сиз вақтга ҳурмат кўрсатиб, ундан оқилона фойдаланишга ўтсангиз, сизни куттиришлар ҳам ўз ўзидан барҳам топади.
"Вақт - бу пул" нақлини шиор қилганлар вақтни қадрлайдиганлар сирасига кирадими? Балки вақтнинг қадрини пулдан юқори қўйган тўғридир? Вақтга табиий равишда эга бўлганимиз, пулни эса меҳнат қилиб топганимизга қарамай, вақт - бу умр, ҳаёт. Бугун кам пул топсангиз, эртага кўпроқ ишлаб молиявий мувозанатни тиклашингиз мумкин. Лекин бизга ҳар куни бир хил ва ўзгармас миқдорда вақт берилади. Уни мулк деб қабул қилиш ва муҳофазалаш ўз зиммамизда. "Қуёшнинг ҳар ботишида бир парча камайишинг бор", деганларидек вақт бизнинг борлигимизни акс эттириши жиҳатидан пулдан кўра баҳоси юқори, янада тўғрироғи - бебаҳодир. Буни англаганимизнинг ўзиёқ вақт аурамизни мустаҳкамлайди ва онларимизга барака киритади.
"Вақт ўтиб кетди". Бу нотўғри гап. Вақт жойида туради, биз ўтамиз. Вақт кимнинг онгида сув, оқар дарё тасаввурини шакллантирса, у учун соат миллари шиддат ила ҳаракатланади. Ҳа, фақат у учун. Вақт неъматига эгалигидан шукрда бўлган, уни тўғри тақсимлай олишига ишонган ва шунга қараб ҳаракат қилган одам улгурмаслик муаммосидан холидир.
Вақт билан муомала қилиш шу даражада нозик санъат эканлигидан тайм-менежмент илми билан шуғулланиш оммалашди, тўғри режалаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Аслида қисқа фурсат ичида кўп ишни битириш, режаларни амалга ошириш иложи йўқ нарса эмас. Агар вақтга нисбатан хавотирни йўқота олсангиз, бунга осонгина эришасиз.
Вақтгингиз етмаётгани, атрофингизда вақтингизни оладиган одамлар борлигидан аччиқланганингиз сари улгурмаслик, кечикиш, эртага қолдириш каби ҳолатларга рўбаро келаверасиз. Вақт олами некбин фаразларни севади, хавотирли башоратлардан эса қочади.
Вақтимиз бор, вақтимиз кўп. Тўғри, у бизни кутиб турмайди, лекин тенг юриши мумкин, бунга эришиш мумкин ва жўндир. Вақтга нисбатан тасаввурларингизни таҳрирланг - шу холос!
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter