Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган учрашув ўтказилди

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган учрашув ўтказилди

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида сунъий интеллект, иқтисодий ҳамкорлик ва рақамли иқтисодиёт соҳасидаги келгусидаги имкониятларни муҳокама қилиш мақсадида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва АҚШ Савдо вазирининг Европа ва Евроосиё минтақалари бўйича ўринбосари Девид Де Фалко ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда АҚШнинг Ўзбекистондаги Элчиси Жонатан Ҳеник ҳам иштирок этди.

Учрашув давомида вазир Ш. Шерматов Ўзбекистон ёшларининг инглиз тилини билиш кўникмалари ошиб бораётгани ва бу АҚШ компаниялари учун кадрлар тайёрлашда муҳим омил эканлигини қайд этди. Шунингдек, вазир сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш учун қулай шароит яратиш ва технологик стартаплар учун янги лойиҳаларни ташкил қилиш ташаббусларини илгари сурди.

Шунингдек, вазир нутқи давомида Ўзбекистон сунъий интеллект учун кўп энергия талаб этилишини ҳисобга олган ҳолда, яшил энергия манбаларини ривожлантиришга катта аҳамият бераётганини, шу мақсадда Саудия Арабистонининг DataVolt компанияси томонидан молиялаштирилаётган маълумотлар марказлари сунъий интеллект билан шуғулланувчи компаниялар учун катта имкониятлар яратишини таъкидлади. АҚШ компаниялари эса бу марказлардан фойдаланиб, ўз фаолиятини кенгайтиришлари мумкинлигини қайд этди.

Девид Де Фалко эса АҚШ компанияларининг рақамли иқтисодиётдаги имкониятларини ошириш учун Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда ишлашга тайёр эканлигини билдирди. У компаниялар учун инновациялар ва хавфсизликни мувозанатли равишда тартибга солиш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, у Ўзбекистонни АҚШ компанияларига танитиш, рақамли хизматлар ва рақамли инфратузилмаларни ишлаб чиқишда улар билан биргаликда ишлаш таклифларини билдирди.

Учрашувда томонлар АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жумладан, Ўзбекистонда рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва рақамли иқтисодиётда янги имкониятлар яратиш мақсадида виртуал давра суҳбатлари ва онлайн тадбирлар ўтказиш таклифини илгари суришди. Бу сессиялар орқали Ўзбекистон ўз рақамли технология ва инфратузилма имкониятларини АҚШ компанияларига тақдим этиши, уларни мамлакатга инвестиция киритишга жалб қилиш имкониятига эга бўлиши айтиб ўтилди.

Учрашув давомида, шунингдек, Ўзбекистоннинг йирик иқтисодий имкониятларини тарғиб қилиш, АйТи соҳасидаги АҚШ компаниялари билан ҳамкорлик қилиш, савдо ва технологик ривожланиш бўйича қатор ташаббусларни амалга ошириш бўйича келишиб олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг