Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жанубий Кореянинг “E8ight” раҳбарияти билан учрашувда Ўзбекистонда компаниянинг офисини очиш таклифи берилди  

Жанубий Кореянинг “E8ight” раҳбарияти билан учрашувда Ўзбекистонда компаниянинг офисини очиш таклифи берилди   

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги делегация Жанубий Кореянинг “E8ight” компанияси раҳбарияти билан учрашди.

 Учрашув давомида раҳбарлар ҳамкорлик ва Ўзбекистонда аутсорсинг офисини очиш, уларнинг Марказий Осиёдаги иштирокини кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари Ўзбекистонда ишлашнинг афзалликлари ва мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги ҳақида батафсил маълумот бериб, “E8ight” компаниясининг Ўзбекистонда янги офисини очиш узоқ ва самарали ҳамкорлик йўлидаги биринчи қадам бўлиши таъкидланди.

Вазир Ш. Шерматов бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини назорат қилувчи, масалан, “Рақамли эгизак” (Digital Twin) технологияси, шунингдек, офисларда энергия истеъмоли ва иситиш тизимларини бошқарадиган дастурий ечимларга бўлган талаб нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни мамлакатларда ҳам ортиб бораётганини таъкидлади. 

Ўз навбатида, E8ight компанияси раҳбари Ким Жин Хюн Ўзбекистондан туриб бошқа давлатларга хизмат кўрсатиш учун юртимизда ўз ваколатхонасини очиш самарали ва тежамкор бўлишини айтди.

Ким Жин Хюн сентябр ойида Тошкентга ташриф буюриб очилиши режалаштирилаётган корхонани рўйхатдан ўтказишини ва бўлиб ўтадиган АКТ ҳафталигида иштирок этишини маълум қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг