Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Digital twin (рақамли эгизаклар) — корхона жараёнларини оптималлаштириш воситаси

Digital twin (рақамли эгизаклар) — корхона жараёнларини оптималлаштириш воситаси

Ҳозирда Рақамли эгизак технологияси яни “digital twin” корхоналар томонидан транспорт, ишлаб чиқариш, савдо ва бошқа кўплаб асосий функцияларда қўлланилаётган муҳим технология сифатида эътироф этилмоқда.

Digital twin ўзи қандай технология, ундан қай мақсадларда фойдаланилади ва келажакда корхоналарга келтирадиган фойдалари  ҳақида батафсил ушбу мақолада тўхталиб ўтамиз.

Рақамли эгизак (digital twin) – бу корхонанинг мулклари, жараёнлари ёки умумий тизимининг рақамли модели бўлиб, у амалий ишлар натижасида олинган барча маълумотларга таянган ҳолда яратилади. Якунда, ушбу технология орқали корхонанинг мавжуд ресурсларига тегишли турли хил виртуал моделлаштириш ва таҳлилларни ўтказиш мумкин, бу эса, энг асосийси корхонага реал зарар етказмасдан амалга оширилади.

Ушбу технология ёрдамида корхонанинг заиф ускуналари ва муаммоларни олдиндан аниқлаш, уларни юзага келишидан олдин бартараф этиш, шунингдек, маҳсулотларни логистик йўналишини максимал самарадорлик ва харажатларни тежаш мақсадида оптималлаштириш усулларини кўриб чиқиш мумкин. Бу технология қарор қабул қилувчилар учун амалий ҳолатга яқин сценарийларни ишлаб чиқариш имкониятини яратади.

Агар корхоналарнинг функционал қисмларини чуқурроқ таҳлил қилсак, биринчи ўринда логистиканинг корхона бошқарувида муҳим ўрни борлиги ва кўпинча корхона учун катта харажатлар ҳамда самарасизлик манбаи бўлиши мумкинлигини англашимиз мумкин. Рақамли эгизак технологияси эса мазкур масалани ҳал қилишда муваффақиятли ечим сифатида намоён бўлади. Хусусан, у корхоналарга транспорт йўналишларини оптималлаштириш ва транспорт тармоғининг виртуал моделини яратиш орқали харажатларни камайтириш имконини беради. Ушбу жараён транспорт йўлларини, об-ҳаво шароитларини, транспорт воситаларининг сиғими ва бошқа кўплаб омилларни таҳлил қилиш орқали амалга оширилади.

Кейинги навбатда рақамли эгизак технологиясининг таъминот занжири тармоғи дизайнини оптималлаштиришдаги аҳамиятини алоҳида қайд этиш зарур. Бундай шароитда рақамли эгизак технологияси ёрдамида корхоналар таъминот занжири тармоғининг виртуал моделини яратиш орқали турли тармоқ дизайнларини симуляция қилиш ва таҳлил қилиш имкониятига эга бўладилар. Мисол тариқасида, бозордаги талабнинг ўзгаришлари, ишлаб чиқариш қуввати бўйича маълумотлар ҳамда захира даражаларини таҳлил қилиш орқали рақамли эгизак технологияси корхоналарга энг унумли ва тежамкор тармоқ дизайнини аниқлашда ёрдам кўрсатади.

Рақамли эгизак технологияси ишлаб чиқариш жараёнининг виртуал моделини яратишда ҳам фойдаланилади. Айниқса, ишлаб чиқариш ёндашуви, қуввати, хом ашё таъминоти ва энергия манбалари ҳақида маълумотларни таҳлил қилиш орқали рақамли эгизак технологияси корхоналарга операцион муҳитдаги ўзгаришларни олдиндан аниқлаш ва режалаштиришда катта ёрдам беради.

Бу илғор технология асосида яратилган тизим, шубҳасиз, кўплаб маҳаллий корхоналарга катта фойда келтириши мумкин. Шу сабабли, уни амалиётга татбиқ этиш айни муддао, чунки ҳақиқий хатолар ва уларга ечим топиш кўп харажат ва вақт талаб қилади. Рақамли эгизак технологияси эса бу икки муаммони сезиларли даражада камайтириши мумкин.

Айни пайтда, саноат автоматлаштириш соҳасида дунё бўйлаб фаолият кўрсатаётган йирик ва нуфузли компаниялар рақамли эгизак технологияси бўйича муваффақиятли хизмат кўрсатиб, ўзларининг сезиларли ютуқларини намойиш этмоқда. Бу компаниялар орасида General Electric, Microsoft, Siemens ва Rockwell Automation кабиларни санаш мумкин.

                                                                                                                             Соҳибхон Салихов

                                                                                                       Таъминот занжири бўйича эксперт

                                                                                        Wisconsin-Madison университети МБА соҳиби

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг