Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Huawei компаниясининг минтақавий йиғилиши Тошкентда ўтказилди

Huawei компаниясининг минтақавий йиғилиши Тошкентда ўтказилди

Мамлакатимизни АйТи-ҳабга айлантириш йўлида Huawei каби халқаро ташкилотларнинг минтақавий тадбирларини юртимизда ўтказиш бўйича ишлар кенгайтирилмоқда.

Шу мақсадда Тошкентда ташкил этилган Huawei компаниясининг 20 дан ортиқ ваколатхоналари раҳбарлари ва бошқарувчи раҳбарлари йиғилган Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича ярим йиллик минтақавий йиғилишида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этди.

Йиғилишда вазир мамлакатнинг жадал рақамли ривожланиши, халқаро АйТи-компаниялар учун қулай бизнес шароитларини яратиш ва Ўзбекистон брендини мустаҳкамлашда республиканинг минтақавий етакчи сифатидаги мавқеини оширишни ҳисобга олган ҳолда АКТ соҳасидаги йирик халқаро тадбирларга мезбон давлат сифатида йиллик йиғилишни Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисидаги қарорни олқишлади. 

“Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг 25 йиллик тарихини инобатга олиб, Huawei компаниясининг минтақавий раҳбарларини бу йил Тошкентда кутиб олишдан мамнунман. Компаниянинг АКТ соҳасини ривожлантириш, рақамли трансформация ва кадрлар тайёрлашга қўшган ҳиссаси “Рақамли Ўзбекистон 2030” стратегиямизни амалга ошириш ва Ўзбекистонни минтақавий АйТи хабга айлантириш учун катта аҳамиятга эга. “Республикада халқаро АйТи-компаниялар бизнесини ривожлантириш, компания фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун бутун дунё бўйлаб уларнинг бизнес-жараёнларини аутсорсинг (BPO) офисларини жойлаштириш, минтақавий ва глобал тадбирларни ўтказиш учун барча шароитлар яратилган, – деди Шерзод Шерматов.

Йиғилиш давомида Huawei раҳбарлари IT Park Узбекистан резидентлари учун амалдаги “Zero Risk” дастури, IT Park резидентлари Ўзбекистонда ўз фаолиятини амалга ошириш учун бериладиган имтиёзлар ва халқаро бизнесни Ўзбекистонга жалб этиш режалари билан танишди. 

Шуниндек, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, Ўзбекистонда фаолият юритаётган бешта Huawei глобал ресурс марказларидан бирининг фаолиятини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.  Бу эса Ўзбекистоннинг АйТи-хизматлари экспортини ошириш учун кўпроқ имкониятлар очиш, республиканинг минтақада АйТи-саноатни ривожлантириш маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаши қайд этилди.

Маълумот учун, Huawei Ўзбекистонда 25 йилдан буён АКТ инфратузилмасини мустаҳкамлаш, энергетика соҳасига яшил технологияларни жорий этиш ва маҳаллий истеъдодларни қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим лойиҳаларни амалга ошириш орқали фаолият юритиб келмоқда.

Август ойида илк марта Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида Huawei компаниясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё давлатларидан 150 дан ортиқ талабаларни бирлаштирадиган “Seeds for the Future 2024”  таълим лойиҳаси Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг