112 та экспорт компанияси IT Park резидентига айланди, уларнинг 59 таси хорижий капитал иштирокида

Ўзбекистон халқаро бозорда IT-hab сифатида ўз мавқейини мустаҳкамлашда давом этмоқда Бунга хорижий компанияларнинг республика АйТи-соҳасига қизиқиши ортиб бораётгани, шунингдек, маҳаллий компаниялар маҳсулотлари ва хизматларининг чет элга экспорти жадал ўсиши далил бўлмоқда.
2024 йил октябр-ноябр ойларида 112 та экспортга йўналтирилган компания IT Park резиденти мақомини олди. Уларнинг 59 таси АҚШ, Канада, Буюк Британия, БАА, Япония, Хитой, Туркия, Швейцария, Малайзия, Португалия, Нидерландия ва Полша каби давлатларнинг сармояси иштирокидаги компаниялардир.
Янги 112 та резидент-экспортёрнинг 48 таси аутсорсинг хизматларини кўрсатади, 41 таси АйТи-хизматларини тақдим этади (буюртма асосида дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш, техник қўллаб-қувватлаш, такомиллаштириш ва ўзгартириш); 19 таси АйТи-маҳсулотларни сотади, 4 таси эса креатив индустрия ва GameDev соҳасида фаолият юритади.
112 та янги экспортга йўналтирилган компания фаолиятининг биринчи йилида 2500 дан ортиқ иш ўрни яратишни режалаштирмоқда, жумладан ҳудудларда ҳам.
Ўзбекистоннинг АйТи соҳасига Европа ва Осиё мамлакатларининг, хусусан Япония, Хитой, Корея, Португалия, Венгрия, Швейцария ва Малайзиянинг қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлаш лозим. Бу минтақалардан тобора кўпроқ компаниялар АйТи-соҳасига сармоя киритиш ва ўз асосий жараёнларини аутсорсингга топшириш мақсадида бозоримизга кирмоқда. Бу эса мамлакат экспортини кўпайтириш ва фуқароларимизни иш билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
Масалан, Португалия-Венгрия “KARAMi” компанияси аллақачон ўзбекистонлик мутахассисларни ишга қабул қилган ва фаолиятини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Компания хорижий мамлакатлар учун молиявий режалаштириш ва инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича хизматлар кўрсатади.
“BEUKITCH EV” — Малайзиянинг буюртма асосида дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи компанияси. У биринчи навбатда АҚШ ва Малайзия учун аутсорсинг хизматларини тақдим этади.
Швейцариянинг АйТи-консалтинг ва ахборотлаштириш объектлари ахборот хавфсизлигини аудит қилиш хизматларини кўрсатувчи “INVERSON OPERATIONS” компанияси Ўзбекистонда ўз офисини очди. Компания АҚШ ва Швейцария бозорларига аутсорсинг хизматларини тақдим этишни режалаштирмоқда ва инглиз тилини биладиган маҳаллий мутахассисларни фаол жалб қилмоқда.
Малайзиянинг “GET-ACADEMY” компанияси Ўзбекистонда иш бошлади. Компания мижозларни қўллаб-қувватлаш, маълумотларни қайта ишлаш ва ходимларни бошқариш бўйича аутсорсинг хизматларини, шу жумладан техник ёрдам ва иш ҳақи ҳисоб-китобини юритиш хизматларини таклиф этади.
Канаданинг “GET-ACADEMY" компанияси Ўзбекистонда ўз офисини очди. Компания Қатар, Саудия Арабистони, Канада ва АҚШга хизматларини экспорт қилишни режалаштирмоқда.
Япониянинг “FUJIYAMA LOGISTICS" компанияси япон тилини биладиган маҳаллий мутахассисларни ёллашни бошлади. Компания товарлар етказиб бериш занжирларини кузатиш учун мўлжалланган “Inventory Management System” дастурий таъминотини сотади.Тақдим этилган бизнес-режаларга кўра, фаолиятнинг биринчи йилида жами режалаштирилган экспорт ҳажми 70 миллион доллардан ошади. Экспорт бозорлари қаторига АҚШ, Канада, Швейцария, Буюк Британия, Германия, Франция, Сингапур, Хитой, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар киради.
Бу эса ўз навбатида аҳоли фаровонлигини ошириш ва маҳаллий мутахассисларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш, уларнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини кучайтириш имконини беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter