Zero Risk дастури орқали ишлаётган масофавий хизматлар маркази фаолиятини кенгайтириш муҳокама этилди
Рақамли технологиялар вазири Ш. Шерматов Навоий шаҳрида ташкил этилган масофавий хизматлар экспорти маркази – “EMAL4U” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур марказ – IT Park резиденти ҳисобланиб, хорижий давлатларга масофадан хизмат кўрсатиш имкониятига эга йирик BPO (Business Process Outsourcing) лойиҳаларидан биридир. Ҳозирда марказда 100 дан ортиқ ёш мутахассислар, жумладан, йигит ва қизлар фаолият юритмоқда.
“EMAL4U” Россиянинг PEK логистика компаниясига алоқа маркази сифатида масофавий хизмат кўрсатиб, мижозлар билан ишлаш ва мижозларга хизмат кўрсатиш жараёнларини самарали тарзда йўлга қўйган. Бу жараён халқаро стандартларга мос равишда ташкил этилган бўлиб, марказ нафақат технологик жиҳатдан ривожланган, балки малакали кадрлар билан таъминланган.
Вазир Ш. Шерматовнинг ташрифи давомида “EMAL4U” марказининг фаолиятини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Яқин келажакда марказда янги иш ўринларини 1000 тага етказиш ва хизмат кўрсатиш географиясини кенгайтириш режалаштирилган. Бу ўз навбатида, Ўзбекистоннинг АйТи экспорти ҳажмини ошириш, ёшлар бандлигини таъминлаш ҳамда халқаро миқёсда АйТи хизматлари кўрсатишда салоҳиятини намоён қилишга хизмат қилади.
Шунингдек, учрашув давомида “ZERO RISK” дастури доирасида марказнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. IT Park томонидан таклиф этилган “ZERO RISK” дастури ёш мутахассислар ва тадбиркорлар учун қулай шароит яратиб, инновацион лойиҳаларни ривожлантиришда ёрдам беради. Бу эса АйТи соҳасида ишлаётган ёшлар ва янги иш ўринларини яратишга кўмак беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter