“GIDRO STANKO SERVIS” МЧЖда маҳаллий дастурчилар томонидан ишлаб чиқилган бир қанча юқори технологияли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Навоий вилоятига ташрифи давомида “GIDRO STANKO SERVIS” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишди.
Ушбу МЧЖ маҳаллий саноатни рақамлаштириш ва юқори технологияларни ишлаб чиқаришга интеграция қилиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошираётган саноат корхоналаридан ҳисобланади.
“GIDRO STANKO SERVIS” МЧЖ 2007 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда корхона йирик саноат тармоқлари учун автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ва замонавий технологик деталларни ишлаб чиқармоқда. Корхонада 200 дан ортиқ ходим меҳнат қилмоқда ва ҳозирги кунга қадар 400 дан ортиқ истиқболли лойиҳа муваффақиятли амалиётга жорий этилган.
Шунингдек, Шерматов “GIDRO STANKO SERVIS” МЧЖ томонидан ташкил этилган “Навоий Электроремонт” МЧЖ фаолияти билан ҳам танишди. Бу корхона асосан “GIDRO STANKO SERVIS” ишлаб чиқарган қурилмалар учун дастурий таъминот яратиш ва уларни синовдан ўтказиш билан шуғулланади. 60 дан ортиқ ишчи-ходим фаолият юритаётган мазкур корхона, техник хизмат кўрсатиш, дастурий таъминотни ривожлантириш ва инновацион ечимларни ишлаб чиқаришда муҳим ўрин тутади.
Ташриф давомида маҳаллий дастурчилар томонидан ишлаб чиқилган бир қанча юқори технологияли лойиҳалар тақдим этилди. Буларга тоғ-кон саноатида фойдаланиладиган оғир техникалар учун бошқарув блоклари, электр энергиясини тежашга қаратилган насос станциялари, ақлли светофорлар ва электродвигателлар учун инверторлар каби инновацион маҳсулотлар киради. Ушбу маҳсулотлар рақамлаштириш жараёнларини тезлаштириш, энергия сарфини камайтириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган.
Рақамли технологиялар вазири Шерматов ушбу лойиҳаларнинг юқори аҳамиятини эътироф этиб, корхонани IT Park резидентлигига қабул қилиш таклифини илгари сурди. Бу таклиф “GIDRO STANKO SERVIS” ва “Навоий Электроремонт” корхоналарига қўшимча имтиёзлар ва имкониятлар яратиб, уларнинг рақамли технологиялар соҳасида ривожланишига кўмаклашади. IT Park резидентлиги уларнинг экспорт имкониятларини кенгайтириш, халқаро бозорга чиқиш ва саноатда АйТи-ечимларни жорий этишда йирик ютуқларни қўлга киритишга йўл очади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter