Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Япониянинг миллиардер компаниялари Ўзбекистонда ўз офисларини очишга тайёр

Япониянинг миллиардер компаниялари Ўзбекистонда ўз офисларини очишга тайёр

Фото: IT Park

16–22 июл кунлари IT Park делегацияси Японияга амалий ташриф буюриб, хизмат сафарини муваффақиятли якунлади. Сафарнинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг IT салоҳиятини тақдим этиш ва япон тадбиркорларини IT Park томонидан тақдим этилаётган мисли кўрилмаган дастурлар ва имтиёзлар орқали мамлакатда бизнес юритиш имкониятлари билан таништиришдан иборат эди.

Сафар доирасида Ўзбекистоннинг Япониядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов билан бўлиб ўтган учрашувда Япониянинг етакчи IT-компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш ва IT-аутсорсинг соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Делегация аъзолари Япониянинг йирик компаниялари ва ташкилотлари, хусусан, SRA.Inc, Компютерлаштириш бўйича халқаро ҳамкорлик маркази (Center of the International Cooperation for Computerization (CICC), Astraea Software Co. Ltd, Cal Co. Ltd, Phoenix7.Inc каби компаниялар, шунингдек, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти (JETRO) вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Ушбу учрашувларнинг асосий мақсади Япония компанияларини бош офисларига хизмат кўрсатиш учун  Ўзбекистонда филиаллар ва ваколатхоналарни очишга жалб қилиш эди.

Музокаралар давомида IT-экспорт соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, рақамли иқтисодиёт соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, IT-таълим ва стартап экотизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Япония етакчи компанияларининг Ўзбекистон бозорига кириб келишига алоҳида эътибор қаратилди. Япония компанияларининг бир нечта вакиллари, жумладан, CAL CO. LTD ва Software Research Associates Inc офис ва филиалларни очиш мақсадида яқин келажакда Ўзбекистонга келиш истагини билдирди. Бундай компаниялардан бири Densan Corp бўлиб, аллақачон халқаро офислар, жумладан, Мянмадаги офис билан ишлаш бўйича муваффақиятли тажрибага эга. Корхона раҳбари октябр ойида Ўзбекистонда филиал очиш учун Тошкентга ташриф буюришни режалаштирмоқда. Эслатиб ўтамиз, юқорида айтиб ўтилган учта компаниянинг умумий капитали 1,5 миллиард долларни ташкил қилади.

Аутсорсинг сифатида дастурий маҳсулотлар ва ўйинларни яратиш учун ўзбекистонлик мутахассисларни жалб қилиш имконияти катта қизиқиш уйғотмоқда. Япония компаниялари иқтидорли ўзбекистонлик IT мутахассислари билан ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Эътиборли жиҳати шундаки, айни вақтда Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти (JETRO) билан мамлакатлар ўртасида маҳаллий мутахассислар учун юқори ҳақ тўланадиган янги иш ўринларини яратиш имконини берувчи IT-хизматлар соҳасида экспорт салоҳиятини ривожлантиришга йўналтирилган ўзаро ҳамкорлик меморандумини тузиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, IT Park делегацияси  ProximaOps, StartSoft, Innovate Tech Zone ва IT-Bilim каби резидент-компаниялар билан биргаликда “Japan IT-Week” халқаро кўргазмасида иштирок этиб,  ушбу резидентлар томонидан ишлаб чиқилган IT-мутахассисларини ўқитиш бўйича дастурий ечимлар, маҳсулотлар ва хизматларни тақдим этиб, Ўзбекистоннинг IT салоҳияти ва имкониятларини намойиш этдилар.

Кўргазма давомида ишлаб чиқилган ёки ишлаб чиқилаётган турли хил янги дастурлар намойиш этилди. Экспортга йўналтирилган компанияларни Ўзбекистон ҳудудларига жалб қилиш учун мўлжалланган Zero Risk дастури ташриф буюрувчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди. IT Park ижрочи директори Абдулаҳад Қўчқоров ушбу дастур ҳақида батафсил маълумот берди ва бу мамлакат ҳудудларида ўз офисларини очаётган компаниялар учун қанчалик фойдали бўлиши ҳақида мисоллар келтирди.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудларида ўз офисларини очаётган компаниялар IT Park томонидан катта ёрдам олади. Қўллаб-қувватлашга HR хизмати ва ушбу компаниялар ходимлари иш ҳақининг 15 фоизигача қисмини IT Park томонидан тўланиши киради. Бундан ташқари, IT Park ижара ҳақини қоплайди ва компания учун зарур жиҳозларни сотиб олишда ёрдам беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг