ТАТУ Урганч филиалида вазир ва ёшлар учрашуви ўтказилди
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ Урганч филиалида ёшлар билан учрашди.
Вазир мамлакатимизда ёшларга ахборот технологиялари соҳасида яратиб берилаётган имкониятлар ва шарт-шароитлар тўғрисида тўхталиб ўтди. Хусусан, бугунги кунда иқтисодиётнинг барча тармоқларида IT йўналишидаги кадрларга бўлган эҳтиёж юқори эканлиги, 2030 йилгача мамлакатимизнинг IT хизматлари экспортини 5 млрд долларига етказиш режалаштирилгани, бунинг учун 300 минг нафар малакали кадрлар кераклиги айтиб ўтилди. Ўз навбатида, кадрлар чет тилини мукаммал билиши, камида B2 даражасига эга бўлиши лозимлиги, турли дастурлаш йўналишларида халқаро IT сертификатга эга бўлишлари кераклиги алоҳида таъкидланди.
Чет тили ва IT-сертификатларга эга бўлиш учун мамлакатимизда кўплаб имкониятлар яратилгани, ахборот технологиялари билан шуғулланиш орқали талаба ёшлар юқори даромадга эга бўлишлари, турли IT ўқув марказларини ташкил этишда имкониятлар юқорилиги айтилиб, хорижий компанияларга IT хизматларини кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича зарурий тавсиялар бериб ўтилди.

Талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар, таклифлар ва муаммолар юзасидан Рақамли технологиялар вазирига мурожаат қилдилар. IT соҳасини ривожлантириш бўйича талабаларнинг билдирган таклифлари вазир томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Тадбир якунида ТАТУ Урганч филиали талабалари орасидан турли стипендияларга сазовор бўлганлар, хусусан, Рақамли технологиялар вазирлиги стипендияси соҳибларига стипендия гувоҳномалари топширилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter