Тарихда энг кўп сотилган 15 телефон (инфографика)
Visual Capitalist медиакомпанияси таҳлилчилари мобил телефонлар бозорининг кўп йиллик тарихи давомида энг кўп сотилган 15 телефонни аниқлашди. Қизиқ рейтинг чиқди: шунча йиллар давомида кураш асосан икки бренд ўртасида кечган, 2024 йилга келиб улардан биригина тирик.
Рейтингда сотилган моделлар сони инобатга олинди, етакчилик тугмали Nokia 1100 га насиб этди, ўз даврининг энг олд телефони 250 миллион нусха сотилган. Унинг бунчалик кенг оммалашувини экспертлар нархи ҳамёнбоплиги, ўзи ихчамлиги ва яхши дизайни билан изоҳлашади. Энг кўп сотилган телефонлар орасида етакчига энг яқини унинг авлоди — Nokia 1110 бўлди — 248 миллион нусха.
Учинчи ўрин 222 миллионтадан сотилган iPhone 6 ва iPhone 6 Plus ўртасида тақсимланди. Булар Apple тарихида энг кўп сотилган смартфонлар ҳамдир. Оддий iPhone 6 шунчалик оммалашгандики, ҳатто 2017 йилда Ҳиндистон ва Хитой бозори учун қайта чиқарилган.
Рейтингдаги қолган қаторлар ҳам асосан Nokia ва Apple телефонлари ўртасида тақсимланганига гувоҳ бўламиз. Ягона истисно — кўп сотилиши бўйича 14-ўринни эгаллаган Samsung E1100 (150 миллион дона сотилган). Рейтингни 146 млн дона сотилган iPhone 5 ёпиб берган.
2023 йилда шунга ўхшаш рейтингларнинг етакчи учлигини фақат Apple смартфонлари банд этганди: iPhone 14 (26 миллион), iPhone 14 Pro (24 миллион) ва iPhone 14 Pro Max (31 миллион).
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter