Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сунъий интеллект пайдо қилаётган янги касблар: 375 минг долларгача маош, дипломсиз муҳандислар, дастурчи ўрнига филолог (1-қисм)

Сунъий интеллект пайдо қилаётган янги касблар: 375 минг долларгача маош, дипломсиз муҳандислар, дастурчи ўрнига филолог (1-қисм)

Фото: Built In

Сунъий интеллект ва нейротармоқлар одамларни ишсиз қолдираётгани рост, бироқ сунъий онг янги касблар ва иш ўринларини яратаётганини ҳам биласизми? Токи сунъий интеллект технологиялари мустақил ишлай олмас экан, тажрибаси якуний натижада акс этувчи жонли одамларнинг “етови”га муҳтож. Айни пайтда ана шу “етовчилар” — сунъий интеллект билан ишловчиларга талаб ошиб боряпти. Хўш, қандай одамлар “роботлар учун ишлайди”, уларга билим керакми, иш куни қандай, маоши қанча — батафсил ҳикоямиз орқали танишинг.

OpenAI компанияси генератив сунъий интеллект тил моделига асосланган янги чат-боти имкониятларини дунёга намойиш қилганидан сўнг, ChatGPT ва бошқа генератив нейротармоқлар илмий ҳамжамиятнинг нафақат ҳайратига, балки хавотирига ҳам сабаб бўлди. Сунъий онг кўп миллионлаб одамларни ишсиз қолдирмайдими деган ҳадик, айниқса, кучли эди. Ва бу хавотирлар асоссиз эмаслигига кўп ўтмай гувоҳ бўлдик: хилма-хил соҳаларга ихтисослашган фрилансерлар, маркетологлар, муҳаррирлар ва дизайнчиларнинг ўрнини сунъий интеллект забт этишга киришди.

Bloomberg маълумотларига кўра, сунъий интеллект компютер ўйинлари ишлаб чиқариш бозоридаги мувозанатни издан чиқариб юборди, бу ўзгариш оқибатида яқин беш йилда соҳадаги иш ўринлари тенг ярмига қисқариши кутилмоқда.

Бироқ хушхабарлар ҳам йўқ эмас.

Худди шунинг баробарида тескари тенденция ҳам кузатилмоқда — генератив сунъий интеллект атрофидаги васваса алалоқибат бу поездга илиниб қолиш истагидаги компаниялар томонидан нейротармоқлар ишланмаси билан шуғулланувчи янги иш ўринларининг кўплаб очилишига олиб келди. Турли соҳаларда машинали интеллект учун вазифаларни тўғри шакллантира олувчи мутахассисларга эҳтиёж туғилмоқда.

Ҳозирда сунъий интеллект билан боғлиқ иш ўринлари энг кўп Сан-Франциско, Сан-Хосе ва Ню-Йоркда пайдо бўляпти — Recogni, Сohesity, Synthesis AI, OpenAI ва бошқа кўплаб жаҳоннинг энг йирик AI-стартаплари шу шаҳарларда жойлашган, дейилади Брукинг институти ўтказган тадқиқотда. Умуман олганда, сунъий интеллект билан билан ишловчи мутахассисларга бутун дунёда талаб ошгандан-ошмоқда — катта-кичик компаниялар маълумотларни таҳлил қила оладиганлар, илмий ходимлар, AI-менежерлар, дастурчилар, муҳандис-консултантларга эҳтиёж сезмоқда.

Tech:NYC нотижорий гуруҳи ижрочи директори Жули Сэмюэлс NYT (The New York Times)га айтишича, ҳозир сунъий интеллект билан шуғулланувчи мутахассислар учун нафақат технологик стартаплар, балки йирик компанияларда ҳам иш ўринлари очилмоқда. “Ҳар бир йирик молия, медиа, реклама ва консалтинг компанияси қандай қилиб янги шароитларга ва технологияларга мослашиш, қандай қилиб генератив сунъий интеллект имкониятларидан имкон қадар самарали фойдаланиш мумкинлиги ҳақида бош қотирмоқда”, — деди Жули Сэмюэлс.

Microsoft май ойида ўтказган тадқиқотга кўра, ходимларнинг қарийб тенг ярми (49 фоиз) сунъий интеллект ўз ўрнини эгаллаб олишидан чўчийди, 70 фоизи эса зиммасидаги юкни енгиллаштириш учун юмушларининг катта қисмини сунъий интеллектга топширишга тайёр. Қизиғи, компаниялар раҳбарларининг аксарияти ҳам шундай фикрда. Иш топишда кўмаклашувчи Resume Builder ресурси 1 187 нафар бизнес-етакчи — бош директорлар, топ-менежерлар, компаниялар эгалари ва бошқарувчилари ўртасида сўровнома ўтказди. Уларнинг 91 фоизи ChatGPT билан ишлашда тажрибага эга ходимларни ишга олишни исташади. Раҳбарлар нейротармоқ иш унумдорлигини оширади, вақтни ва маблағни тежайди, ижодий ва техник қўллаб-қувватловни ошириб, компания мавқеини мустаҳкамлайди, деб ҳисоблашади. Бу асосан дастурий таъминот, мижозлар билан ишлаш, HR ва маркетинг бўлимларига тегишли.

​Бундан ташқари, сунъий интеллект миллионлаб иш ўринларини банд этади, деган тахминнинг акси ўлароқ, Upwork АҚШнинг турли соҳаларидаги 1 400 нафар бизнес-етакчилари ўртасида ўтказган сўровнома юқори бўғин раҳбарларининг 64 фоизи генератив сунъий интеллект сабабли кўпроқ мутахассисларни жалб этишни режалаштираётганини кўрсатди.

Нейротармоқлар қандай иш ўринларини яратади?

Resume Builder тадқиқотига кўра, раҳбарларнинг 29 фоизи натижаларни яхшилаш учун промпт-муҳандисларни ёллашни исташади.

Маълумот учун: промпт-муҳандислик — сунъий интеллект билан боғлиқ янги касб. Промпт-муҳандис қадам-бақадам йўриқлар ёки “маслаҳатлар” бериш орқали сунъий интеллект моделларини ишлаб чиқиш ёки такомиллаштириш билан шуғулланади. Bloomberg ёзишича, айрим компаниялар промпт-муҳандис учун йилига $375 000 гача маош таклиф қилишяпти.

Промпт-муҳандислар — сиз ўйлаган муҳандислар эмас, ҳатто техник йўналишда дипломлари ҳам йўқ. Технологиялар соҳасида юқори маошли ишга техник ёки математик таълим олмаган, ҳатто технологиялар соҳасида иш тажрибасига эга бўлмаган кишилар олинишига камдан-кам гувоҳ бўламиз. Бу юқори маошга даъвогарлар матнлар билан ишлаш тажрибасига эга касб эгалари — филологлар, лингвистлар, журналистлар, муҳаррирлар ёки ёзувчилар бўлиши мумкин. Масалан, Business Insider нашрига интервю берган Copy.ai стартапи промпт-муҳандиси Анна Бернштейннинг айтишича, бунгача штатдан ташқари журналист ҳамда тарих кафедраси ассистенти бўлган экан. “Технология соҳасидаги йўлим барда Copy.ai ходими билан учрашганимдан сўнг бошланди. У блоглар, реклама кампаниялари ва ижтимоий тармоқлар учун матнлар ишлаб чиқаришни автоматлаштирадиган компанияси GPT-3 тил моделидаги камчиликлар туфайли юқори натижаларга эриша олмаётганидан шикоят қилди ва мени промптлар ёзишга таклиф этди. Гарчи мутухассислигим инглиз тили ва авваллари ҳеч қачон технологиялар билан шуғулланмаган бўлсам-да, мен рози бўлдим. Аввалига нима қилаётганимни тушунмасдим, лекин кейинчалик компания асосчиси нейрон тармоқ учун промтлар ёзиш худди ҳайвон ўргатувчиларнинг жониворлар билан тиллашишига ўхшашини тушунтирганидан сўнг, мен нейротармоққа саволларни қандай шакллантиришни ўрганиб олдим”, — деди Бернштейн.

Лондон Қироллик коллежида фалсафани ўрганган ва кейинчалик  AutogenAI компаниясига промпт-муҳандис бўлиб ишга ўтган Теодора Данилович ҳам худди шундай фикрда. “Генератив сунъий интеллект билан ишлаш учун дастурлаш бўйича кўникма ёки технологияларни билиш талаб этилади деб ўйлардим, бироқ кейин англадимки, бу ерда тилшунослик қобилияти муҳимроқ экан, бу мен учун айни муддао”, — деди Теодора.

Промт-муҳандисларни OpenAIдан чиққанлар асос солган Anthropic стартапи, Калифорниянинг ҳужжатларни рецензиялашни автоматлаштирувчи Klarity компанияси, Бостон болалар шифохонаси, Лондондаги Mishcon de Reya юридик фирмаси ва бошқа кўплаб компаниялар изламоқда. Таклиф этилаётган маошлар жуда юқори: масалан, Anthropic — $335 000 (йилига), Klarity — $230 000 (йилига).

Бироқ сунъий интеллект йўналишида янги касб ортидан осонгина пул ишлайман деганлар адашади, бу ҳақда мақоланинг иккинчи қисмида батафсил тўхталамиз.

(Давоми бу ерда)

Манба: forbes.ru

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг