Сентябр якунлари: резидент-экспортчилар сони 66 та компанияга кўпайди, уларнинг 29 таси хорижий капитал иштирокида ташкил этилган
Ўзбекистон АйТи-хизматлар аутсорсинг маркази сифатида ўз экотизимини шакллантиришни ва обрўсини мустаҳкамлашни муваффақиятли давом эттирмоқда. Бу хорижий компанияларнинг қизиқишини тобора орттириб, маҳаллий АйТи-компанияларнинг хорижий бозорларга экспортини кўпайишига хизмат қилмоқда.
2024 йил сентябр ойида IT Park резидентлари сафига 99 та янги АйТи-компания қўшилди. Уларнинг 29 таси Буюк Британия, Сингапур, Ҳиндистон, Малайзия ва Германия каби мамлакатларнинг сармояси иштирокида ташкил этилган.
Сентябр ойидаги янги резидентларнинг 2/3 қисми, яъни 66 та компания экспортга йўналтирилган. Тақдим этилган бизнес-режаларга кўра, улар фаолиятининг биринчи йилида маҳаллий мутахассислар учун 700 дан ортиқ иш ўрни яратишни мўлжалламоқда.
Шундай қилиб, резидент-экспортчиларнинг умумий сони 936 тага, резидентлар орасидаги хорижий компаниялар сони эса 574 тага етди.
Янги резидентлар фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагича: аутсорсинг хизматлари (19 та компания), дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш (22 та компания), ўз дастурий маҳсулотларини сотиш (16 та компания), креатив индустрия соҳасидаги хизматлар (3 та компания).
Янги экспортга йўналтирилган резидентларнинг экспорт географиясига АҚШ, Германия, Швейцария, Франция, Буюк Британия, Сингапур, Хитой, Жанубий Корея, Япония ва БАА бозорлари киради.
Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари, айниқса Сингапур ва Малайзиянинг Ўзбекистон АйТи соҳасига қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлаш лозим. Хорижий корхоналар халқаро буюртмалар билан ишлаш учун бек-офислар ва аутсорсинг компаниялари, шунингдек, Ўзбекистон орқали янги бозорларга кириб бориш учун бош қароргоҳлар очмоқда. Бу мамлакат экспортини ошириш ва маҳаллий мутахассисларни жалб қилишга ёрдам беради, натижада АйТи экотизимини ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратилишига ижобий таъсир кўрсатади.
Сингапурнинг “BIPO SERVICES SILK ROAD” компанияси Ўзбекистонда АйТи-аутсорсинг хизматларини кўрсатиш учун ўз офисини очмоқда. Компаниянинг асосий экспорт бозорлари Хитой ва Осиёнинг бошқа мамлакатлари бўлиб, режалаштирилган экспорт ҳажми 1 миллион долларни ташкил этади.
Малайзиянинг “SUMMITNEXT” компанияси Ўзбекистонда 110 нафаргача ходим ишлайдиган офис очишни режалаштирмоқда. Компания АйТи-хизматлар аутсорсингига ихтисослашган бўлиб, АҚШ, Германия, Ҳиндистон ва Малайзияни асосий экспорт бозорлари деб ҳисоблайди. Кутилаётган экспорт ҳажми ҳам 1 миллион долларни ташкил этади.
Йирик халқаро компаниялар офисларининг очилиши экспортни кўпайтиради, маҳаллий мутахассислар учун иш ўринлари яратади ва Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқейини мустаҳкамлайди. Хорижий инвесторлар сонининг ўсиши қўллаб-қувватлаш дастурларининг самарадорлигини тасдиқлайди ва мамлакатни АйТи-хизматлар бозорида муҳим ўйинчига айлантиради. Бу “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида Ўзбекистоннинг халқаро АйТи-марказ бўлиш мақсадини қўллаб-қувватлаган ҳолда иқтисодиётни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш ва мутахассислар малакасини оширишга хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter