Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Пул топиш учун ишлашнинг ўзи камлик қилади

Пул топиш учун ишлашнинг ўзи камлик қилади

Фото: "Psychologies.ru"

Бойлик, тўкин ва тотув ҳаёт деярли барча интиладиган йўлдир. Лекин ҳамма жаннатга киришни хоҳлаган ҳолда ўлишни истамаганидек баъзан инсонлар кўп пул топишга ҳаракат қилишларига қарамай "Пул - қўлнинг кири", "Пул биринчи ўринда эмас", "Гап пулда эмас" қабилида фикрлайдилар. Бундай муносабатлар билан онг остиларини пулсизликка тайёрлайдилар. Ёки, кам пулга.

Инсон онг остини пулларни тортиб олувчи оҳанрабога айлантириши ҳам мумкин. Чунки кўп пул учун чўнтак ва кармонингиздан олдинроқ онг ости тайёр бўлиши керак. Бу учун эса пулнинг табиатини билиш, у билан тил топиша олиш лозимдир.

Пул - ҳаракатдаги жисм. У дунё бўйлаб тиним билмай айланади, ҳар куни муомалада. Шу жиҳатдан унинг ўзи ҳам ҳаракатда бўлишни хоҳлайди, чунки бунга ўрганган. Агар сиз бирор нарсага эришиш мақсадида пулни фақат йиғсангиз, у ўз табиатига қарши чиқади ва дангаса бўлиб қолади. Пулни кирим ва чиқим билан ҳаракатлантириб туришингиз керак. Масалан, маошингизнинг 90 фоизини йиғсангиз, 10 фоизини бўлса ҳам ишлатинг. Пул йиғаётган одам емай-ичмай юриши шарт, деган қоида ўзини оқламайди. Пул эркинлик истайди, унга эркин шароитни яратиб беринг.

Кишиларда бепул акциялар ва чегирмаларга қизиқиш юқори. Бепул ва арзон таърифларига учгани сари онг остини камбағалликка тайёрлаб қўяди. Сиз текин ва камчиқим ҳаётни танладингизми, онг остингиз сизни шу даражада озиқлантиради. Бепуллик ва арзонликка мос фикрларни туғдириб беради. Кимда ким ўринли харажатларга ва сифатига арзирли нархларга очиқ бўлса, бутун вужуди билан улар учун зарур маблағни топишга тайёр туради ва уддалайди.

Бой бўлишнинг яна бир сири - ўз пулларини севиш ва улар билан машғул бўлиш. Бировнинг чўнтагидаги пулни ҳисоб-китоб қилган одамнинг онг ости ўзи учун ишлолмайди ва пул оқимини жалб этолмайди. "Буни қанчага олдинг?", "Намунча қиммат? Пул топиб ақл топмабсан", "Кўрпангга қараб оёқ узатсанг-чи", "Шу пулни бошқа нарсага ишлатсанг бўлмасмиди?", "Ойлигинг қанча?". Мана бу каби саволлар ўз эгасининг зарарига хизмат қилади. Эътиборсиз қолган пулларингиз сизни рашк қилиб, тарк этишидан огоҳ туринг. Ҳаттоки ўз жуфтингиз, фарзандларингизнинг даромадлари ва харажатлари сизни қизиқтирмасин. Яхшиси сиз ўзингизнинг пулларингизни ҳисоб-китоб қилинг: Қанча топяпсиз? Қанчасини сарфлаяпсиз? Тўғри сарфлаяпсизми? Ажратган маблағларингиз ўзини оқлаяптими? Янада кўпроқ топиш учун қандай режаларингиз бор? Шу саволлар атрофида айлансангиз, бошқаларнинг пулини ҳисоблашга вақтингиз ҳам қолмайди.

Айримлар "пул гули", қурбақа кабиларни пул чақирувчи омил деб ишонадилар. Йўқ, пулни чақирадиган ҳам, қочирадиган ҳам - фикрлар. Пул ҳақида ижобий фикрласангиз, у сиз томон қадам ташлайди. Борди-ю пул, бойлик, моддиятга нисбатан салбий муносабатда бўлсангиз, пул етишмовчилигига тайёр туринг. Ижобий фикр пулнинг кераклилиги ва поклигига ишониш, уни ишлатиб дунёга фойда келтириш мумкинлиги, эҳсон қилиб савоб олиш имкониятини қўлга киритишни тушунишда кўринади. Салбий фикрлар эса "Менга маош муҳим эмас", "Бойлар бахтсиз бўлади", "Камбағаллик айбми?", "Пулнинг кетидан қувма" каби ибораларда намоён бўлади.

Доимий равишда пулсизликдан қийналасиз ва "Эшакдек ишласам ҳам пулим йўқ", деб нолийсизми? Бу ерда адолатсизлик мавжуд эмас, ўзингиз ўқиган ҳукмлар амал қиляпти, холос. Ҳа, эшак қанча ишласа ҳам маош олмаслиги аниқ, сиз эса ўзингизга шу ролни раво кўрдингиз, аслида сизга тегишли бўлган олий мавжудот ҳисобланмиш инсон ва меҳнатига яраша ҳақ оладиган керакли кадр эканлигингизни англолмадингиз. Яна қачонлардир "Пул - қўлнинг кири" деб ўқиган ҳукмингиз асоратида қўлдан кир бир зумда ювилиб йўқ бўлганидек пуллар сизни тезда тарк этяпти.

"Ҳозирги пуллар бебарака". Мана, сизни камбағаллаштирадиган яна бир қолип. Шундай пайтлар бўлганми, эслаб кўринг: чўнтагингиздаги сўнгги чақани тушириб қўйдингиз, арзон нарсани билмай қимматга сотиб олибсиз, ўзи пулдан қийналиб турганингизда пулингизни ўғирлашди, фирибгарга чув тушдингиз, кармонингиз таксида қолиб кетди ва бошқа пул йўқотишлар... "Камбағални туянинг устида ит қопади", дея дунё кўзингизга тор кўринади шундай пайтлар. Йўқ, бу воқеалар сабоқ ўлароқ юз беряпти, чунки сизда "пулим етмаса-чи", деган хавотир бор эди. Бу эҳтимол эса бор пулингиздан ҳам айиради. Пулларни миннатдорлик ила сарфлаш пул оқимига очиқликни таъминлайди.

Яна кўпчилик "Ёш болани пулга ўргатиш керак эмас" стереотипи билан яшайди. Демак, бундай инсонларда ҳам пулга нисбатан салбий тасаввур мавжуд. Пулга тарбияни бузувчи омил, деб биладилар ва ундан хавфсирайдилар. Аслида бола онг остини ҳам бўлажак миллиардерликка тайёрлаш мумкин. Албатта, устидан пул сочмайсиз ёки ҳуда-беҳудага қўлига тутқизиб, пулни кўкка совуришига қўйиб бермайсиз. Аммо муваффақиятлари эвазига рағбатлантириш мақсадида пул билан сийлаш ва йиғишга ўргатиш фойдали. Хатто "копилка" ёрдамида гиперактивлик ва энурез кузатиладиган болаларни даволаш мумкин. Пулни тарқоқ сақлаш эмас, бир идишчага йиғиш гиперактивларга диққатни жамлаш, бир жойда ўтиришни ўргатса, энурезга чалинганларда сақлаш, тутиш рефлексларини ривожлантиради.

Демак, кўп пул топиш учун кўп ишлашнинг ўзи камлик қилади. Ёқимсиз таърифлар ила айтиладиган "эшакдек", "итдек" ишлаш-ку, умуман шарт эмас. Инсондек ишлаб, инсондек фикрлашни уддаласангиз бас, пулнинг ўзи сизни топиб келади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг