Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Муаммо керакми? Эрингнинг телефонини ковла!

Муаммо керакми? Эрингнинг телефонини ковла!

Фото: "Yandex.ru"

Ҳар ким ўз шахсий ҳудудига турлича муносабат билдиради, муҳофазаси ҳам ўзининг қўлида. Гап шундаки, ким ўзининг шахсий ҳудудидан кўра бошқаларники билан кўпроқ машғул бўлса, ўз майдони шу қадар харобалашиб бораверади.

Телефон аппарати ҳам, унинг ичидаги маълумотлар ҳам ҳар кимнинг ўзига тегишли мулк. Уни фақат ўзи тасарруф этишга ҳақли. Агар унга бошқа биров аралашса, бундан зарар кўрувчи - мулк эгаси эмас, балки ўша ўғринча нигоҳ ила мўралаган одамнинг ўзидир.

Нега, дейсизми? Чунки ҳамманинг онг ости ўз эгасини севади, у учун хизмат қилишни хоҳлайди. Бошқанинг чегарасига ўтганингизда эса у учун ишлашни бошлайди ва онг майдони табиий равишда кичрайиб боради. Билимлар олишга қийналиш, хотирада сақлаб қололмаслик ва оддий мисол - ўзини бахтли ҳис этолмаслик ҳам мана шу онг майдонига боғлиқ. Бир литрли банкага икки литр сувни сиғдиролмайсиз-ку.

Агар инсон чегаралар даҳлсизлигини англаган ҳолда ўз ҳудудини иҳота қилолса, онг майдони кенглик сари боради ва олам-жаҳон билимларни ҳам, ижобий ҳис-туйғуларни ҳам жойлашга қодир бўлади. Шу жиҳатдан бировнинг телефонини титкилашга вақт, диққат, зеҳн, асаб кетказган инсон онг майдонининг ҳам бир улушидан маҳрум бўлади ва бу билан фақат ўзига зиён етказади.

Ота-боболаримиз томонидан йўлда кетаётиб очиқ турган дарвозадан ичкарига назар солиб ўтишдан ҳам қайтарилган. Бугунги кунда оилавий можароларнинг асосий сабаби ҳам телефонга бориб тақалмоқда. Чунки, амаллар ниятларга боғлиқ, излаган одам керагини топади. Эрини хиёнатда гумон қилган аёл, албатта, бунинг иси келувчи ёзишмаларни топади-да. Бунга кетадиган вақтини китоб ўқиш ёки юз парваришлаш каби ўз устида ишловчи ҳаракатларга бағишлаганида турмуш ўртоғида ўзи ҳақидаги ижобий тасаввурларни бойитган бўларди, аслида. Лекин у нотўғри, ноҳалол йўлни танлаб телефон ковлайди ва депрессияга тушиб қолади. Тушкун кайфиятдаги аёлдан эри баҳра ололмаслиги ҳам турган гап. Эр-хотин бир-бирини акс эттиради: аёл бировнинг ёзишмаларни ўқиб, яъни ўзганинг шахсий ҳудудига қадам босиб ноҳақлик қилди, энди эр ҳам бошқа аёлни танлаш орқали адолатсизлик билан жавоб қайтаради.

Эркакка нисбатан ҳукм ҳам айнан шундай. Эр рафиқасининг телефонидаги ёзишмаларни ўқишга ҳақли эмас. Эрнинг пулига келгани билан аёл мулкига айланган телефон фақат унга тегишли. Телефон аёлининг ноўрин ҳаракатига сабаб бўлишига эҳтимол билдирса, уни умуман сотиб олиб бермагани маъқул. Аёлни текшириб, назорат қилишнинг бу усули эса мантиқсизликдан бошқа нарса эмас. Жуфти ҳалолидан шубҳаланиб яшаш, у ярашиқсиз гапларни ёзиши мумкинлиги тахмини ила бир ёстиққа бош қўйишнинг ўзи фожиа эмасми? Оилавий муносабатларни мустаҳкамлаб, хонадонида ҳақиқий раҳбарликни қўлга олган, кўплаб омиллар қатори аёлининг ҳулқига-да ўзини масъул сезган эркак бундай майда ва маънисиз усулни қўлламайди. Оқила аёл эри ўқимаслигини билса ҳам ижтимоий тармоқдаги муаомалада ҳаёни, одобни сақлай олади.

Эр-хотин бир-бирининг шахсий саҳифаларидан бохабарликда яшаши фақат салбийликка йўғрилган, ундан манфаат йўқ. Гап фақат хиёнат гумони, вафодорликни аниқлаш ҳақида кетмаяпти. Эркак аёлининг телефонини тафтиш қилиб, аёллар гуруҳидаги аёлларга хос масалалардан хабардор бўлиши, аёл эрининг телефонидаги оламга хуфиёна сайр қилиб, эркаклар жамоасининг чойхона боп гурунгларига гувоҳ бўлишининг ўзи маънавиятга зиддир. Синглисини назорат қилиш мақсадида телефонини назардан қочирмайдиган акалар ҳам ушбу масалани инобатга олишлари шарт. Албатта, назорат керак ва бунинг ишончли усуллари қалашиб ётибди.

Биргина мустасно бор. Ота-она фарзандининг қўл телефонини назорат қилиш ва мунтазам равишда текширувдан ўтказиб боришга, ўрни келса бу борада сўроқ қилишга ҳақли. Чунки фарзанднинг мулки ота-онага ҳам тегишли, бу борада насибадорлик мавжуд.

Бундан ташқари ҳар қандай ҳолатда ва ҳар қандай кишилар ўртасида гаджетларни рухсатсиз олиш, ундаги шахсий саҳифаларни кўздан кечириш одобсизлик саналади.

Ўз шахсий ҳудудингизни бойитинг, ўзингиз билан машғул бўлинг, шунда фойда топасиз! Бошқаларнинг телефонидан нима излаганингизга қарамай топганингиз фақат муаммо бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг