Нейротармоқ оқ халат кийди
Илмий-техник жараён тез суръатлардаги тараққиёт йўлидан бормоқда. Бу турли соҳалар қатори тиббиётда ҳам ўзини намоён этмоқда. Албатта, бедаво дардларга чора топилганича йўқ, лекин ташхислаш ва даволаш ишларига инновацион руҳ кириб келди. Сунъий интеллектга асосланган лаборатория, ДНКни таҳрирлаш, мия имплантатлари, робот жарроҳлар шулар жумласидандир.
Ахборот асридаги тиббиёт ютуқларидан бири антибиотикларнинг муқобили топилаётгани бўлди. Чунки аслида шифокор тавсияси билан касалликнинг юқори даражасидагина қўлланиладиган антибиотиклар охирги пайтлар аҳоли томонидан пала-партиш ишлатилиши ачинарли ҳол. Ҳозирда оммалашаётган ақлли гаджетлар эса қачон антибиотик зарурлигини аниқлашда кўмаклашмоқда. Бу антибактериал воситаларнинг ҳуда-беҳудага қабул қилинишининг олдини олмоқда. Айниқса, жароҳатлар юзасини ишлашда антибиотикларни ичиш эмас, маҳаллий, фақат зарарланган тери устида қўллашда техника ютуқларидан фойдаланилмоқда. Бунга бактериофаг номли антибиотикнинг муқобили орқали ечим топилмоқда.
Техник воситалар орқали ДНК билан ишлаш тиббиётда яна бир туб бурилиш ясади. Масалан, Буюк Британия олимлари ҳужайраларни 30 йилга ёшартиришга муваффақ бўлишди. Бунга эски ҳужайраларни қайта дастурлаш орқали эришдилар. Функцияларнинг қайта тикланиши биологик ёш кўрсаткичларини мувофиқлаштириб берди.
Мия чиплари тиббиётда кўплаб баҳсларга сабаб бўлди. Аммо соҳага инқилоб киритган бу ихтирони тан олишга тўғри келади. Чунки нейрочиплар миянинг турли касалликларида оқилона ечимлигича қолмоқда. Масалан, Альцгеймер ва Паркинсон каби хасталиклар ҳамда фалажликларга ушбу технология билан курашиш осон. Бу бўйича ҳозирда Илон Маскнинг Neuralink стартапи етакчилик қилмоқда. Шунингдек, бошқа кичик компаниялар ҳам бу борада ўзини синаб кўрмоқда.
Ақлли қурилмалар, масалан, ақлли соат ва смартфонларнинг ташхислаш воситасига айлангани ўтган йили исботларни қалаштириб ташлади. Гаджетлар тана ҳароратидан тортиб қондаги кислород миқдоригача аниқлашга ўтди. Тўғри, улар тугал хулосани тақдим этолмайди, аммо бепарво беморлар учун вақтида шифокорга кўринишни огоҳлантиргани ҳам катта гап. Масалан, душвор дардлардан бўлмиш саратонни аниқлаш учун ақлли соатнинг ўзи камлик қилар, лекин у тақдим этаётган саломатлик кўрсаткичларининг меъёрда эмаслиги тиббий кўрикка чорлайди. Шу жиҳатдан уни бир сабаб дея эътироф эта оламиз.
2022 йилда нейротармоқ оқ халат кийди, дейиш мумкин. Чунки сунъий интеллект шарофатидан кўплаб тиббий муолажалар техникага юклатилди. Ташхислашдан тортиб жарроҳлик амалиётигача робот-шифокорлар меҳнати билан муваффақиятли бажарилди. Дунёдаги кўплаб давлатлар жонлантириш ва интенсив терапия бўлимларига нейротармоқни олиб кирди. Масалан, Мексика акушер-гинекологияда сунъий интеллектни қўллаб, туғуруқ жараёнининг бориши, Кесар кесишни қўллаш заруратини аниқлашда махсус алгоритмларга таянмоқда.
Бинобарин, саратонга қарши курашнинг кейинги босқичида ҳам ахборот технологиялари фаол иштирок этади. Компьютер томографияси ва ультратовушли эластографиялар аниқ ташхис қўйиш учун зарур экан, демак, касаллик ривожланишини тўхтатиб туришда технологик воситаларнинг ўрни беқиёс. Чунки онкологияда вақтдан ютиш жуда муҳим.
Ўйлаймизки, юртимиз тиббиётига замонавий ютуқлар киритилар экан, ахборот технологиялари иштирокига алоҳида эътибор қаратиш керак. Биринчи ўринда электрон навбатларни амалда жорий этиб, поликлиника ва шифохоналар эшигида кутиш ортидан бир дард ўн бўлишининг олди олинса, мақсадга мувофиқ. Иккинчидан, уй шароитида ташхис қўйиш гаджетлари ўзбилармонлик билан даволаниш эмас, тиббий саводхонликни оширувчи омилга айланиши керак. Энг асосийси, Ўзбекистон шароитида қайси тиббий-технологик гаджетларга эҳтиёж юқорилиги ва яна қайсиларини қўллаш унчалик фойдали эмаслигини аниқлаштириб олиш лозим. Албатта, телетиббиёт, онлайн консультация, тиббий маданиятни оширувчи маҳаллий дастур ва иловаларнинг кўпайтирилиши айни муддао.
Яна бир муҳим масала – маҳаллий даражада кўп кузатиладиган касалликлар ва уни технологик имкониятлар билан даволашда муаллифлик ихтироларимизга эга бўлиш. Агар хорижий кашфиётларни ўзимизга сингдириш билан бирга бизнинг олимлар ҳам гаджетлар ихтирочисига айланишса, ана шундагина Ўзбекистон тобора ривожланаётган ахборот технологиялари оламининг томошабини бўлибгина қолмай, фаол иштирокчисига айланади.
Ўзбекистон тиббиёти дунё тамойиллари билан ҳамнафас бўлиши шарт. Жумладан, тез тиббий ёрдам ходимлари зарур тиббий ускуналар қаторидан ривожланган давлатларда қўлланилаётган ақлли гаджетлар ҳам ўрин олса, ташхислаш ва даволаш жараёнлари қулайлашади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter