Метамактаблар ва метауниверситетлар келажак таълимими?
Икки йил олдин бутун дунё оммавий тарзда масофадан фаолият олиб боришга мажбур бўлди. Кўп идоралар бу тартибни яхши қабул қилишган бўлса-да, таълим соҳаси тизимли равишда ҳақиқий инқирозга дуч келди.
Яъни ўқувчи ва талабалар таълим сифати кескин тушиб кетганидан шикоят қила бошлашган бўлса, ўқитувчилар ва семинарчилар ҳатто видеоконференцалоқа имконияти мавжудлигига қарамай, бир қатор муаммолар – мунтазам хизмат кўрсатишдан тортиб амалий машғулотларни ўтказишдаги қийинчиликларгача дуч келишди. Ўз-ўзидан келажак онлайн таълим билан боғлиқлиги сезилди. Фақат бунинг учун технологик тўсиқларни бартараф этиш зарурлиги кундек равшан бўлиб қолди.
EdTech стартаплари ушбу вазиятдан зўр фойдаланиб, нафақат тайёр онлайн таълим маҳсулотларини таклиф қила бошлашди, балки янги технологияларни ҳам тезкор ўзлаштиришди: ўқувчиларнинг таълим траекторияларини шакллантириш учун машинани ўрганиш, материалга чуқурроқ кириб бориш учун AR ва VR, видео оқимини узлуксиз узатиш учун 5G.
Биринчи пандемия даврида Россиянинг EdTech бозори, турли ҳисоб-китобларга кўра, 25-50% га ўсди, кўплаб компаниялар уч баравар юқорилашни кўрсатди. Энг истиқболлиси виртуал технологиялар бўлиб чиқди – улар ёрдамида таълим метаоламини барпо этиш мумкин.
Метаолам ва ҳақиқат
Метаолам тушунчаси янгилик эмас: илмий-фантастик асарларда қаҳрамонлар ҳам реал, ҳам виртуал дунёда яшашади, одатий чегараларни бузишади ва оддий ҳаётда эришиб бўлмайдиган нарсаларни аватар ёрдамида амалга оширишади. Бундай метаолам натижаларидан бири Жеймс Кэмероннинг машҳур «Aватар» асаридир.
Aммо фантастика жуда тез ҳақиқатга айланиб, аста-секин амалий соҳага ўтади. Яъни виртуал ва тўлдирилган реаллик технологиялари шарофати билан. Бунда илк намуна видео ўйинлар саноати бўлди: Roblox ва Epic Games компаниялари оламида одамлар тўлақонли ҳаёт кечиришади – пул ишлашади, мулоқот қилишади ва ҳатто учрашишади ҳам.
Пандемия эса ушбу жараённи рағбатлантирди холос: рақамли дунёда ўзаро таъсир жисмонийдан кўра одатийроққа айланиб боряпти, реал ва виртуаллик ўртасидаги чегараларнинг йўқолиши тезлашди.
Метаоламнинг айрим ишланмалари ҳатто тижорат соҳасида ҳам пайдо бўлди. Масалан, риелторлар қурилаётган объектларнинг потенциал харидорлари учун аллақачон экскурсиялар ташкил қилишмоқда, онлайн-дўконларда эса жиҳозларни нафақат расмларига қараб, балки «жонли» – иш жараёнида ҳам ўрганишингиз мумкин. Aйнан метаоламнинг тижорат сегментига кириб бориши йирик корпорациялар эътиборини тортди. Мана, масалан, 2021 йилнинг ноябрь ойида Марк Цукерберг бундан буён Facebook (аллақачон янги ном остида) метаолам яратиш билан шуғулланишини эълон қилди. Microsoft VR эса маҳсулотларини корпоратив алоқаларга мослаштирди.

Метатаълим
Энди таълим мавзусига қайтсак. Метаоламлар бу соҳага иккита янги сифатни олиб кириши мумкин, уларнинг етишмаслиги кундузги ва, айниқса, масофавий таълим жараёнида сезилади. Биринчиси – кўриниш. Виртуал ёки тўлдирилган реалликда олинган билимларни амалиётга дарров татбиқ этиш мумкин, шундай лаборатория курслари яратилади. Уларни яқин-яқингача хаёлга ҳам келтиролмасдик. Ишлаб чиқаришда ишлаш, мураккаб кимёвий бирикмалар билан тажрибалар, кўплаб соҳаларда олинган кўникмаларни (ҳайдовчилик мактабларида амалий ҳайдашдан бошлаб) амалда қўллаш – бугун буларнинг барини амалга ошириш мумкин.
Иккинчи сифат – интерактивлик. Виртуал ва тўлдирилган реалликда таълим жараёнига кириш оддий дарсга қараганда анча чуқурроқдир. VR/AR технологиялари нафақат материални идрок этиш, балки уни «тажриба қилиш» имконини беради. Ҳис-туйғулар эса билим олиш жараёнини тезлаштиради.
Ниҳоят, виртуал реаллик яратадиган мавжудлик эффекти ўқувчилар ва талабаларга ихтисослиги ва яшаш жойидан қатъи назар, онлайн тартибда тўлиқ таълим олиш имконини беради. Бу, айниқса, кўпчиликнинг кундузги ўқиш даврида муносиб таълим олиш имконига эга бўлмаган глобал даврга тўғри келади.
Бироқ ҳаммаси ҳам силлиқ кечмайди
Ҳар қандай инновация биринчи прототипдан оммавий амалга оширишгача бўлган узоқ йўлни босиб ўтади. Метаолам 2000-йиллар бошидаги ижтимоий тармоқларга ўхшайди: биринчи ишланмалар мавжуд, мавзу атрофида шов-шувлар бор, аммо якуний тасаввурни шакллантириш ва бу йўналишни оддий фойдаланувчилар орасида оммалаштириш учун 10-15 йил керак бўлади (биз шунга ўхшаш манзарани бозорда сунъий интеллект, 5G ва 3D технологиялари пайдо бўлганда кузатдик).
Бу эса энди бозорга чиқмоқчи бўлган компанияларга устунлик бериши мумкин. Виртуал реаллик иловалари дўконида ҳали ҳам таълим соҳаси учун маҳсулотлар йўқ. Демак, бу соҳа янги компаниялар учун тижорий муваффақиятни ваъда қилади. Бундан ташқари, таълим ташкилотлари билимларни самарали узатишнинг янги усулларини излашда давом этмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter