Интернетдаги “кундош”лар: Алиса ва Сири. Сиз қай бирини танлайсиз?

Гаджетдан фойдаланишда ўз котибангизга эга бўлиш сизга қулайлик туғдириши сир эмас. Овозли ёрдамчилар Алиса ва Сири билан аллақачон дўстлашиб улгургандирсиз. Бугун интернет фойдаланувчилари танловини қозониш учун иккиси баҳсга киришмоқда.
Алисани “Яндекс” кашф қилган. У рус тилида гапиради ва шу тилдаги хизматларни бажара олади. Android ва iOS да ишлашни билади, Smart Home тизимини бошқаришни уддалайди. Буйруғингизга кўра интернетдан маълумот излайди, об-ҳақо ҳақида маълумот беради, мусиқа тақдим этади.
Сири “Apple”га тегишли. У айфон ва айпадда “яшайди”. Алисадан фарқли равишда қўнғироқ ва хабарларга жавоб бера олади, керакли маълумотларни қайд этади ва эслатади, будильник қўяди.
Агар сиз “Яндекс” хариталари билан ишласангиз, Алисани танлаганингиз маъқул. Сири ақллироқ ва чаққонроқ бўлгани билан пулли обунаси мавжуд мусиқаларни тақдим этиб, айёрлик қилади.
Сири суҳбатни 20 дан ортиқ тилга таржима қилолади, аммо баъзан русчада хато гапиради.
“Apple”нинг “қизи” доим “Салом, Сири” сўзидан кейин ишга тушади. Алисага “Салом”, “Эшит”, “Ок”, хатто “Яндекс” десангиз ҳам ҳозир-у нозир.
Сўнгги янгиликлар билан қизиқсангиз, Сири ҳаволалар тақдим этади, Алиса эса оғзаки айтиб беради. Алиса қўшиқлар куйлаш, латифалар айтишга ҳам уста.
Алисанинг жавоблари самимий, жонли чиқади, Сирида вазминлик, жиддийлик устунроқ. Ҳақоратли ва қўпол саволлардан Сирининг аразлайдиган одати бор – жавоб бермай қўяди. Алиса эса ҳазилга йўйиб, кўпроқ гапиришга тушади.
Машина бошқараётиб ёки қўлингиз бошқа бирор юмуш билан бандлигида кимгадир қўнғироқ қилишни истасангиз, Сири контактдан топиш ва қўнғироқ қилишни дўндиради, бу иш Алисанинг қўлидан келмайди.
Солиштирувларда тарози паллалари деярли тенг келавергач, фойдаланувчилар қизларнинг ўзидан “Алиса яхшими ёки Сири?” деб сўраб ҳам кўришган. Лекин “кундош”лар саволни тушунмай, талмовсираб қолишган.
Яхшиси, иккаласи билан ҳам кўпроқ гаплашиб кўринг ва манзур келгани билан қолинг. Ҳар иккисини котибаликка сайлаш вариантига ҳам эгасиз. Икки қўчқорнинг калласи бир қозонда қайнамаслиги мумкин, лекин Алиса ва Сири бир телефонда яшайверадилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter