IТ академия: Бизда ҳар бир битирувчи 100 фоиз иш билан таъминланади!
“IТ-Мотивация” кўрсатувининг навбатдаги меҳмони – Farobiy IТ Аcаdemy асосчиси Фарруҳ Болтаев.
Фарруҳ Болтаев – 1993 йил 10 декабрда Самарқанд вилоятида туғилган;
2017 йил – “Marcos Soft” дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи компания асосчиси;
2018 йил – ТАТУнинг бакалавр босқичини тамомлаган;
2020 йил – ТАТУнинг магистрлик дипломига эга бўлган;
2020 йил – Халқ таълими вазирлигида Республика таълим маркази бўлим бошлиғи;
2022 йил – “Farobiy” IТ академияси асосчиси.
– Аввало, анъанавий саволимиздан бошласак, IТ оламига кириб келишингиз қандай бўлган?
– Биласизми, лицейда ўқиб юрган кезларим Дипломатия университетига киришни орзу қилардим. Аммо икки йил давомида ҳаракат қилиб университетга кира олмагач, ўша кезларда энди оммалашаётган замонавий касблардан бири ахборот технологиялари бўйича ўқишга қарор қилдим ва Тошкент ахборот технологиялари университетига ўқишга кирдим. Аммо ҳали дастурчи бўлиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган эдим. Кейинчалик дарс жараёнларида билдимки, нафақат катта ҳаётда, балки университетда ҳам дастурчи бўлишнинг устунликлари катта экан.
Даставвал, талабалик йилларим университетга ўз хизматимни таклиф қилганман. Илк иш ҳаққимни қўлимга олгач, менда мотивация янада кучайиб, хизматларимни Юнусободдаги турли ташкилотларга таклиф қилиб чиққанман. Кейинчалик “Маrcоs Sоft” дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи компанияни ташкил қилдим. Фаолиятим давомида хориж компанияларига ҳам хизмат кўрсатишга муваффақ бўлдим.
– Академиянгиз фаолияти билан қисқача таништириб ўтсангиз? Қачон асос солгансиз? Қандай йўналишларда таълим берилади?
– Farobiy IТ академиямизга ўтган йили охирида асос солдик ва жорий йилнинг январь ойидан бошлаб ўқувчиларни қабул қилдик. Ҳозирда ўқувчиларимиз foundation, веб дастурлаш, мобил дастурлаш, видео монтаж, график дизайн ва логистика йўналишларида таълим олишмоқда.
– Қанча ўқувчига мўлжалланган?
– Ҳозирча 1000 кишига мўлжалланган, аммо хоналарни кенгайтириб, 4000 нафар ўқувчини қамраб олишни режалаштирганмиз.
– Ўқув курслари неча ойга мўлжалланган?
– Куурсларимиз турига қараб, 4 ойдан 7 ойгача давом этади.
– Келаётган ўқувчиларга йўналиш танлашларида академия аъзолари томонидан ҳам йўл-йўриқлар кўрсатиладими?
– Албатта, биз ўқувчилар ўзига мос йўналишни танлаб олиши учун ҳар бир йўналиш учун биринчи дарсимизни пулсиз қилганмиз. Ўқувчилар бепул дарсларда ўқиб кўриб, ўзлари учун маъқул келган курсларни танлаб ўқишлари мумкин бўлади.
– Улар ичида яхши ўзлаштира олмаётганлар бўлса, қандай чора кўрилади?
– Биз ўқув курслари давомида имтиҳонлар ҳам ўтказиб турамиз ва шу орқали ўқувчиларнинг билим ва салоҳиятларини текшириб, айнан қайси жабҳада оқсаётганликларини аниқлаб, чора кўришга ҳаракат қиламиз.
– IТ соҳасини фақат кўп пул топиш учун танлайдиган ёшларга нима деган бўлардингиз?
– Эътибор берган бўлсангиз, академиямиз логотипида айнан айсбергни тасвирлаганмиз. IТ соҳасининг ўзи ҳам кўпчилик наздида гўё айсберг каби кўринади. Аммо чўққига етиш учун инсондан сабр ва билим талаб этилади. Акс ҳолда, кўп пул топиш ҳам шунчаки етиб бўлмас чўққи каби орзулигича қолиб кетади.
– Ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаганларга қандайдир имтиёзлар ёки рағбатлантиришлар ҳам бўладими? Масалан, ишга жойлашишлари учун кўмак бериладими?
– Албатта, биз юқорида ўқув курслари давомида имтиҳонлар ўтказиб туришимизни айтдик. Айнан синовларда ўзини яхши кўрсата олган ўқувчиларимизга ўқув курснинг маълум бир ойлари учун чегирма ҳамда бирор-бир лойиҳага таклиф қилиб, ўқиш давомида пул топиш учун имкониятини ҳам тақдим этишимиз мумкин.
– Эшитишимизча, академиянгиз вакиллари билан турли университетларга бориб махсус семинар-тренинглар ҳам ўтказиб турар экансиз, бундан кўзланган мақсад нима? Масалан, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти талабалари учун IТ соҳаси айнан қайси жабҳаларда керак бўлиши мумкин?
– Биласизми, биз яқинда тиббиёт йўналишида янги лойиҳага асос солмоқчимиз. Бу борада эса албатта малакали тиббиёт ҳодимига эҳтиёж сезилади. Ҳозирги кунда тўқимачилик соҳасида ҳам ахборот технологияларига эҳтиёж катта. Агар биз соҳа мутахассисларининг айнан шу йўналишдаги билимларини оширсак, иш анча осонроқ кечади. Умуман олганда, айти соҳаси бугунги кунда ҳар бир соҳанинг чамбарчас бир қисмига айланмоқда.
– Ҳозирги кунда кўплаб дастурчилар ўз фаолиятларини мобил иловалар яратиш билан бошлашмоқда, нима деб ўйлайсиз, мобил илова яратаётганда унинг оммалашиши учун кўпроқ нималарга эътибор қаратиш керак?
– Аввало, қандай лойиҳа яратишдан қатъи назар, ўша йўналишни яхшилаб ўрганиш керак. Айнан қандай мобил илова яратмоқчилигини аниқлаб олиш лозим. Масалан, агар ўйинлар яратмоқчи бўлса, аҳоли орасида суриштирув ўтказиб кўриш ҳам яхши самара беради. Ҳозирда ёшлар орасида айнан қайси ўйинлар оммалашган, ушбу ўйинларнинг афзаллиги нимада, шу каби саволларга жавоб олиб, кейин мобил илова яратса, албатта у тез фурсатларда оммалашади.
– Бугунги кунда ёшларни IТ соҳасига қизиқтириш учун нималар қилиш керак?
– Ота-оналар фарзандим бизнесмен бўлсин, фарзандим доктор бўлсин каби орзулари сирасига фарзандим яхши дастурчи бўлсинни ҳам қўшиб қўйишса ва болаликдан шу соҳага тайёрлаб боришса, табиийки, ёш авлоднинг ҳам замонавий соҳаларга қизиқиши янада ортади.
– Келгусида яхши IТ мутахассиси бўлиш учун олий маълумот қанчалик муҳим?
– Биласизми, келажакда ким бўлишини аниқ белгилаб олиш учун олий маълумот муҳим. Чунки мен университетга кирмагунимга қадар айтишник бўлишни ўйлаб ҳам кўрмаган эдим. Аммо мақсади аниқ бўлғуси айтишник учун олий маълумот муҳим эмас.
– Сизнингча, ёшлар нима учун Farobiy академиясини танлашлари керак? Академиянгизнинг ўзига хос жиҳатлари нимада?
– IТ соҳасида ўқиш истагидаки ёшларга энг кераклиси билим олиш учун яхши шароит, тажрибали ўқитувчи ҳамда ўқишни тамомлагач иш топа олиш. Бизнинг академиямиз буларнинг ҳар учаласини ҳам ўзида мужассамлаштира олган, энг асосийси, ҳар бир битирувчимиз учун ишлар ҳам аллақачон тайин!
Одатда хакер деганда ёвуз ниятли жиноятчилар кўз олдимизда гавдаланади. Аслида хакерлар меҳнатидан яхши мақсадларда ҳам фойдаланиш мумкин экан. Қандай қилиб дейсизми? У ҳолда, кўрсатувнинг тўлиқ шаклини xabar.uz YouTube каналимизда томоша қилинг!
Эъзоза Турғунова суҳбатлашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter