Икки давлат AКТ йўналишида кадрлар малакасини оширишга келишиб олди

Бугун, 26 январь куни Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ким Хи Санг билан учрашув ўтказди.
Унда электрон ҳукумат ва телекоммуникация соҳасида икки томонлама ҳамкорлик ва бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида электрон ҳукумат йўналишида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг рақамлаштиришда халқаро рейтинглардаги ўрнини янада яхшилаш масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, юртимизда IТ-таълим соҳасини ҳамкорликда ривожлантириш, AКТ йўналишида кадрлар малакасини оширишга келишиб олинди.
Шу билан бирга, учрашув давомида Кореяда фаолият юритадиган BPO компанияларини Ўзбекистонга олиб келиш ва уларни IТ Парк резидентига айлантириш борасида фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Бугунга қадар Корея IТ корхоналарининг IТ Паркга резидент бўлишлари учун Ўзбекистонда IТ резидентларга яратилган шароитлар билан яқиндан таништириш учун презентациялар ўтказилиб, ҳозирги кунда мазкур олиб борилган ишларнинг самараси сифатида Korea Claud корхонаси IТ Паркнинг резидентига айланди. Шу билан бирга, яқин келажакда Кореянинг бошқа IТ компанияларининг ҳам IТ Парк резидентига айланишлари учун салмоқли ишлар олиб борилиши режалаштирилган.
Учрашувда 2022 йилда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани алоҳида таъкидланди.
Ушбу ишларнинг давоми сифатида 2023 йилда ҳам мамлакатимизнинг 5 та ҳудудида яратилган IТ-марказлар негизида “Ёшларнинг рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорлик имкониятларни кенгайтириш” бўйича махсус курсларнинг ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, кореялик экспертлар билан ҳуқуқий тизимда ҳам “Сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегияси”ни ишлаб чиқишда ҳам ҳамкорлик қилинади.
Ҳозирда Корея тажрибаси асосида сунъий интеллектни жорий қилиш йўл харитаси ишлаб чиқилиб, стратегиянинг асосий йўналишларини белгилаб олиш устида муайян ишлар олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter