Эстония элчиси Ўзбекистоннинг IT соҳасидаги кадрлар салоҳиятини эътироф этди

3 февраль куни IT Parkга Тоомас Тирс бошчилигида Эстониянинг Тошкентдаги элчихонаси делегацияси ташриф буюрди.
Ташрифдан мақсад Ўзбекистон Республикаси ва Эстония ўртасида ахборот технологиялари ва кадрлар тайёрлаш йўналишидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
Меҳмонларни директорнинг биринчи ўринбосари Aбдулаҳад Кучкаров, IT Park university бош директори Баҳодир Aюпов, халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Нигора Миржалилова ва халқаро алоқалар бўлими менежери Дилдора Насибуллаева кутиб олди.
Директор ўринбосари меҳмонларга IT Park фаолиятининг асосий йўналишлари, яъни таълим лойиҳалари, резидентлик ва релокация дастурлари, аёлларни IT соҳасига жалб қилиш ва стартап лойиҳалари ҳақида сўзлаб берди.
Йиғилишда IT соҳасини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, қулай ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган вазифалар кўриб чиқилди. Хусусан, IT Park ўз резидент компанияларига тақдим этаётган эркин иқтисодий зона, IT-таълимни такомиллаштириш ва ёш IT-мутахассис кадрларни тайёрлаш борасидаги ишлар муҳокама қилинди.
Баҳодир Aюпов IT Park university олий таълим муассасаси фаолияти ҳақида тақдимот қилиб, унда Европа онлайн-университетлари билан ахборот технологиялари, айниқса, талабалар алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик режаларига эътибор қаратди.
Элчи жаноблари Ўзбекистоннинг IT соҳасидаги кадрлар салоҳиятини алоҳида эътироф этди. Шу билан бирга, у Европа Иттифоқи мамлакатлари учун Ўзбекистонда IT-компанияларга яратилган имкониятлардан кўп мамлакатлар хабардор эмаслигини қайд этди ва Эстониядаги ITL IT жамияти билан ҳамкорлик қилиш таклифини билдирди.
Учрашув якунларини сарҳисоб қилар экан, Элчи жаноблари учрашувда ўрнатилган очиқлик ва ишонч, шунингдек, ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун келгусида конструктив мулоқот муҳимлигини таъкидлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter